Ўзбекистон | 23:15 / 05.09.2024
5697
2 дақиқада ўқилади

Поездлар тўхтаб турганида ҳам кондиционер ўчмайдиган бўлади — ЎТЙЙ раҳбари

“Ўзтемирйўлйўловчи” компанияси эскирган юзта вагондан воз кечади, дея маълум қилди компания раҳбари Шарофиддин Қодиров. Унинг сўзларига кўра, поездларда дизел ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш орқали вагонлар вокзалда тўхтаган пайтда ҳам кондиционер ишлашини таъминлаш чоралари кўрилади.

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ компанияси 5 сентябр куни матбуот анжумани ўтказди. Унда жамият бош директори Шарофиддин Қодиров ҳам иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

Қодиров тармоқда видеоси тарқалган, шоу-бизнес вакиллари бўлган вагонда совитиш тизими ишламаганига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, муқобил энергияда ишлашга мослаштирилмаган 100 та вагон эксплуатациядан чиқарилади, чунки улар вокзалда турган вақтда электр энергияси билан таъминланмайди, фақат поезд юрганидан кейингина генератор ишлаб, ток беради.

Ҳар йили икки ой давомида жуда иссиқ бўлади. Ҳароратнинг кескин ошиши натижасида “посадка” вақтида [кондиционер] ишламай туради, халқнинг эътирозлари тўғри. Поезд юргандан кейин ишлашни бошлайди.

Биз 320 та йўловчи вагонини ишлатамиз. Бу – техника. Мана, артистларимиз чиқишди, бузилиб қолди, ишламаяпти деб. Техника, компрессорлар ҳам 40 градусдан кейин қизиб кетади. Чунки вагонларимиз 35 йил ишлаган, айримларида конструктив жиҳатдан кондиционер умуман кўрсатилмаган, ўрнатилмаган, 54 волтда юради. Ким ҳозир Хоразм йўналишида юрган бўлса, таркиб тубдан янгиланган, ҳаммасида кондиционер бор.

Энди биз дизел поездлар яратяпмиз. Олдида дизел бўлади, сиз чиқсангиз, вокзалда турган пайтда ҳам ичида ҳарорат ушлаб турилади. Муқобил электр энергияси ишлаб чиқариб, таъминлаб турилади. Биз шу нарса бўйича ўзимиз курашяпмиз. Лекин бузилиб қолиш ҳолатлари, бу – техника. 320 та вагондан боринг 2-3 таси бузилиб қолиши ҳолати ҳам бўлиши мумкин, бу – техника. Биз ҳар доим чораларини кўриб турамиз”, – деди Қодиров.

Мавзуга оид