Жаҳон | 17:15 / 23.03.2026
4034
2 дақиқада ўқилади

Германияда темирйўлга қўйилган бетон плиталар поезд авариясига сабаб бўлди

Германиянинг ғарбий қисмидаги Камен шаҳри ҳудудида номаълум шахслар темирйўл изларига бетон плиталар ва металл прут қўйиб кетган, бу эса минтақавий поезд ҳалокатига сабаб бўлган. Полиция воқеада сиёсий мотив бўлиши эҳтимолини ҳам истисно этмаяпти.

Фото: AP

Германиянинг Шимолий Рейн — Вестфалия федерал ерида Ахендан Хаммга йўналган минтақавий экспресс поезд темирйўл изларида қолдирилган бетон плиталар ва металл буюмлар сабаб аварияга учради. Бу ҳақда Bild газетаси 22 март, якшанба куни хабар берди. Нашр маълумотига кўра, фавқулодда ҳодиса бир кун аввал кечаси Камен-Метлер ва Камен станциялари оралиғида содир бўлган.

Газетанинг ёзишича, мазкур ҳодисани текшириш билан давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўлими (Staatsschutz) шуғулланмоқда. Ушбу бўлим ўнг ва сўл экстремизм, терроризм ҳамда жосуслик билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашади.

Нашрда айтилишича, машинист темирйўлдаги бегона буюмларни ўз вақтида пайқаб, тормозни босган, аммо авариянинг олдини олишнинг иложи бўлмаган. Полиция маълумотига кўра, машинистнинг ўзи ҳам, поезддаги 309 нафар йўловчи ҳам жабр кўрмаган. Ҳодисадан кейин поезд ҳаракатни давом эттира олмаган, йўловчилар эвакуация қилинган. Улар сафарни бошқа поездда давом эттирган.

“Терговнинг дастлабки натижалари темирйўл изларига бир нечта бетон плиталар ва металл прут қўйилганини кўрсатди”, — деб ёзади Bild полиция матбуот котибига таяниб.

Афтидан, ушбу плиталар жиноятчилар томонидан темирйўлнинг зарар кўрган қисми яқинида жойлашган кабел қудуғидан олдиндан суғуриб олинган.

Полиция темирйўл транспорти фаолиятига хавфли аралашув моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган. Шу билан бирга, воқеада сиёсий мотив бўлиши ҳам истисно қилинмаяпти. Ҳозир терговчилар ярим тун атрофида ушбу темирйўл участкасининг яқинида шубҳали шахсларни кўрган бўлиши мумкин бўлган гувоҳларни қидирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид