Жамият | 18:26 / 06.01.2022
10150
6 дақиқада ўқилади

Хоҳлаганда ёнади, хоҳлаганда ўчади: Оқдарёдаги тадбиркорлар беқарор электр билан ишлашга маҳкумми?

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги кичик саноат зонаси тадбиркорлари электр токидаги узилишлардан азият чекмоқда. Кўплаб мурожаатлар ортидан муаммо кучайса кучайдики, барҳам топгани йўқ.

Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Оқдарёда бўлиб, тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Оқдарё туманидаги кичик саноат зонасига 27 декабр, душанба куни соат 12:40 ларда етиб бордик. Маълум бўлишича, шу куннинг ўзида биз боргунимизга қадар саноат зонада икки марта электр энергиясида узилиш кузатилган. Тадбиркорлар бу одатий ҳолат эканини яшириб ўтиришмади.

“Амонов мебел текстил” оилавий корхонаси болалар учун ҳар хил турдаги текстил маҳсулотлари, пластмас ва юмшоқ ўйинчоқлар, болалар мебеллари ишлаб чиқаради. Корхона иш бошқарувчиси Дагар Шукуров биз билан мулоқотда ярим кун давомида ками етти марта туман ва вилоят электр тармоқларидаги масъулларга телефон қилганини билдирди. Аммо эътибор ҳам, натижа ҳам йўқ.

Шукуров корхона фаолияти билан таништирар экан, саноат ҳудудида ўзига яраша қулайликлар бўлиши, тадбиркорлар қўллаб-қувватланишидан умид қилишганини билдирди. Корхона раҳбари – ёш тадбиркор, шу сабаб ўтган йили ёз ойларида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам мазкур корхона фаолияти билан таништирилган. “Қизиғи, агентлик раҳбари келган вақтда ҳам электр ўчганди”, дейди у. Аммо Саъдуллаевнинг қўнғироқлари ҳам, корхона фаолияти билан танишуви ҳам ҳеч қандай наф келтирмаган.

Мазкур корхонада элликка яқин йигит-қизлар иш билан таъминланган бўлиб, электр энергияси ўчган вақтда уларнинг аксарияти ишсиз қолади. Ходимлар иш ҳажми эмас, иш вақти билан маош олади, табиийки, чироқ ўчиши – иш берувчининг чўнтагига зарар. Яъни иш унумдорлиги пасаяди ва йўқотилган вақт учун ҳам маблағ сарфланади. Камига огоҳлантиришсиз “лип-лип”лар техникаларнинг тез-тез бузилишига сабаб бўляпти.

“Hakim Bobo Grand” МЧЖ эшик-ром ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Мазкур корхонада ҳам элликка яқин оқдарёлик йигит-қизлар ишлаяпти. Жамият раҳбари Баҳодир Каримовнинг айтишича, ўртача кунига 2-3 соат электр ўчади. Иш куни саккиз соатдан иборат. Бу дегани элликка яқин ходимлар кунлик 25 фоиз ишини бажара олмайди.

Каримов ҳам олинган буюртмалар кечикиб кетаётгани, техникалар тез-тез ишдан чиқаётганини маълум қилди. Умуман, аҳоли қанча вақт “свет”сиз бўлса, ушбу саноат зона ҳам худди шундай, асосий фаолияти электр билан бўлган тадбиркорларнинг иши тўхтаяпти.

Дарвоқе, Баҳодир Каримов ушбу лойиҳа қуввати 400 минг АҚШ доллари эканини айтмоқда. Тадбиркор ўша маблағни деярли ишга тикиб бўлган. Ҳали у фойда олиш ҳақида ўйламаяпти. Энди оёққа туриши керак бўлган корхона ҳозирча электр билан боғлиқ муаммолардан қутула олгани йўқ.

“Чўлоқ” тадбиркорлар иқтисодиёт драйвери бўлолмайди

Тадбиркор саноат зонада фаолият бошлар экан, самарали иш олиб бориши учун қулайликлар бўлишидан умид қилади. Муаммолар билан курашиш эмас, янгилик яратиш, қамровини кенгайтириш мақсадида бўлади. Аммо Даҳбед массивидаги кичик саноат зонаси тадбиркорлари деярли ҳар куни электрчиларга ялинишига тўғри келяпти.

Умуман, нега электрни ўчиришда огоҳлантириш берилмаётгани ёки саноат ҳудудлари учун электр энергиси етказиб бериш тартибини билиш мақсадида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда бўлдик. Вазият бўйича корхона техник директори Суннат Шомуродов бизга маълумот берди.

Шомуродовнинг айтишича, Оқдарёдаги кичик саноат зонасига, айтайлик, ўнта тадбиркорлик субъекти учун алоҳида подстанция тортиб бориш кетадиган маблағни оқламайди. Бир неча миллиард сўмга алоҳида подстанция ўрнатган тақдирда ҳам, юқоридан узилиш бўлган тақдирда бунинг фойдаси йўқ.

Суннат Шомуродов огоҳлантиришсиз ўчириб-ёқишларга изоҳ бераркан, ўзларини ҳам огоҳлантиришмаётганини айтди.

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ “Миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан етказиб берилган манбани аҳолига етказиб беради. Шомуродовга кўра, “Миллий электр тармоқлари” АЖ агар электр берса, аҳолига узатилади. Қизиғи, ҳудудий корхонанинг ўзи ҳам нари борса 10-15 дақиқа аввал юқоридаги ташкилотнинг диспетчерлик хизмати орқали электр узилишидан огоҳлантирилар экан. Демак, аҳолини огоҳлантириш ҳақида гап-сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.

“Айтишларича, вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимов бош вазирдан илтимос қилибди. “Свет”ни ўчирмаслик бўйича топшириқ берилибди, энди ўчмайди дейишибди”, дея қўшимча қилди техник директор Суннат Шомуродов.

Шу ўринда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ директори Ғанишер Маматқуловдан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ва “Миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақуловга; вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов номидан энергетика вазири Алишер Султоновга чиқарилган хатлар эътиборимизни тортди.

Бу хатларнинг барчасида вилоят истеъмоли йилдан йилга ортиб бораётгани, электр энергиясининг асоссиз узилишлари аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилган.

Кичик бир хулоса: тадбиркорлар, сўнгги йилларда ташкил қилинаётган саноат зоналарини мамлакат иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи куч – драйвер деб атаяпмиз. Лекин ўша драйвер ишлаб кетиши учун тадбиркорликнинг қон томири бўлган электр энергиясини етказиб бериш ҳали тартибга олинмаяпти. Электр бўлмаса, тадбиркорни бошда кўтариб юрганимиз билан ҳам у ишлолмайди, ривожланолмайди, драйвер бўлолмайди.

Муаммо “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” мансабдори айтганидек, бош вазир кўрсатмаси ёки вилоят ҳокимининг аралашувидан кейин ҳал бўлиб қолгани йўқ. Чунки Оқдарёдаги кичик саноат зонасида 4 январ куни деярли куни билан ток бўлмаган, 5-6 январ кунлари юз берган узилишлар ҳам тўлақонли ишлаш имконини бермади.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид