Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қовунқоқи – сояда қолаётган миллий маҳсулот
Ўзбекистонда етиштирилган мевалар дунё бозорларида талаш бўлиб сотилади, дегимиз келади-ю, ҳозирча бунақа эмас. Боғлар-у полизларда ўсадиган меваларимиз ҳар қанча яхши бўлмасин, уларни дунё бозорларига олиб бориб сотиш тизими етарлича шаклланмаган. Қуритилган мевалар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бугун ана шундай маҳсулотлардан бири, сояда қолаётган миллий бренд – қовунқоқи тайёрлаш жараёни билан танишамиз.
Водийдан ёки пойтахтдан воҳага қараб йўл олганда Сирдарёдаги катта йўл ёқасида қовунқоқи кўтариб турган болаларга кўзингиз тушади. Кўпчилик совуқда туриб сотишаётганига қараганда қовунқоқи қиммат бўлса керак, деб ўйлайди, лекин ундай эмас. Жаҳон бозорида килоси 22 долларгача сотиладиган қовунқоқи бизда арзон. Биринчи қўлдан килосини 10-12 минг сўмдан олишингиз мумкин.

Бу маҳсулот анча йиллардан буён тайёрланади. Биз билан суҳбатда бўлган катта ёшлилар эсини таниганидан буён қоқи сотишини айтганига қараганда, бу миллий бренднинг яхшигина тарихи бор. Бир неча йиллардан буён эса қовунқоқини қадоқлаб сотиш, экспорт қилиш йўлга қўйилган. Айниқса Мирзачўлдаги қишлоқларда яшовчилар бу маҳсулотни тайёрлашнинг ҳадисини олган.

Август ойидан бошлаб қовунларни қуритиб, қоқи қилиш жараёни бошланади. Бизда бу меҳнаткашларнинг фаолиятлари билан танишиш фикри совуқ тушганда келди-да, кейинги йил ёзда репортаж қилармиз, деб бирров суриштирдик. Сирдарёдаги қишлоқлардан бирида қовунқоқиларнинг охирги «партияси» қуритилаётганидан хабар топгач, боришга қарор қилдик.

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Оқчангал қишлоғига бориб кўрдикки, қовун у ерларда кўпчиликнинг қозон қайнатиш манбаси экан. Ўз ерларида қовун тугул бирор гиёҳ ҳам ўсиши қийин бўлгани учун чўлликлар ҳосилдор ерларга оиласи билан чиқиб, деҳқончилик қилади, қовун экади. Ёзда қовун сотиш билан шуғулланишса, кузда кечки қовунлар сотиб бўлингач, бироз уринган қовунларни қоқи қилиб сотишади.

«Қуриган қовуннинг ҳаммаси бир хил, уларнинг фақат суви фарқ қилади», дейди деҳқонлардан бири нега яхши қовунлар қуритилмаслигини изоҳлар экан. Унинг айтишича, яхши қовунни бутунлигича сотса, яхшироқ фойда қолади. Шу сабаб бироз уринганлари қуритилади. Бу учун махсус майдонлар, қуритиш дорлари тайёрлаб қўйилган. Бутун оила, ёш болалар ҳам шу иш билан банд, қозон шундан қайнайди ахир.
Ҳовлидаги сигирлар ҳам қовундан бебаҳра қолмайди. Қоқи учун кашланган қовунларнинг пўчоғи уларга тегади. Чорва қилганлар билади, қовун ва унинг пўчоғи унча-мунча емдан яхшироқ.

Қовун кашланиб осиб қўйилгач, ёзда 3-4 кунда қурийди. Кузда эса бир ҳафтача кутишади. Йиғиштириб олингач, қоқининг бир килоси 10-12 минг сўмдан сотилади. «Қимматроқ сота олсак қанийди», дейди меҳнаткаш уй бекаларидан бири навбатдаги қовунни кашлар экан. Шу қишлоқнинг ўзига қоқиларни олиб кетадиган одамлар бор экан. Улар сотиб олинган қоқиларни тозалаб, орасига майиз ёки ёнғоқ қўйиб ўрашади, бежирим шаклга келтириб, этикеткали целлофанга ўрашади. Бир сўз билан айтганда, маҳсулот экспортга тайёр ҳолатга келади. Қадоқловчилар бунча қоқини қайта ишлашга ўзи улгурмагани учун қишлоқ аёлларини ишга ёллашади.
Кейинги босқичда эса қуруқ мева сотишни қойиллатадиган ургутлик тадбиркорлар ишга киришади. Улар жуда кўп қуруқ мевалар қатори қовун қоқини ҳам экспорт қилишади. Этикетка устида русча ёзилганига қараганда, қоқи асосан Россияга экспорт қилинади. Майиз ва ёнғоқ ўралган қоқилар ички бозорда ҳам килоси 44 минггача сотиларкан.
Жаҳон бозорида эса бу маҳсулотнинг қадри баланд. Худди ховосликлар тайёрлаётган сочга ўхшатиб ўрилган қоқининг 1 донаси Alibaba интернет дўконининг сайтида 1,1 доллардан сотилмоқда. Британияда эса нарх янада баланд. Онлайн дўконларнинг бирида қовунқоқининг ҳеч қандай қайта ишланмаган, Ховосда 10 минг сўмдан сотилаётганининг 1 килоси 17 фунт (22 доллар) турибди.

Бу нархларни кўриб беихтиёр Ўзбекистондаги меҳнаткашлар ҳам ўз маҳсулотини қимматроқ сота олишига умид қилдик. Балки бизда ҳам миллий брендга айланган қовунқоқи халқаро кўргазмаларга олиб чиқилса, жаҳон бозорида яхшироқ тарғиб қилинса, сифатли қадоқлаш йўлга қўйилса, бу иш билан шуғулланадиганлар кўпроқ фойда олган бўлармиди.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи – Шуҳрат Юнусов,
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
13:12 / 09.12.2025
Сирдарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
17:37 / 04.12.2025
Сирдарёдаги 9 та туман-шаҳар ҳокимлари Хитойга йўл олади
17:08 / 04.12.2025
Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди
11:15 / 01.12.2025