НҲҲ муҳокамалари: Адлия вазирлигининг изоҳи қанчалик асосли?
Ўзбекистонда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишдан олдин жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш шартлиги ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинди. Адлия вазирлиги бу ўзгаришни тушунтиришга уринди, бироқ вазирлик келтирган аргументларнинг барчасига нисбатан саволлар етарли.
Адлия вазирлиги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишига доир тартиб бекор қилиниши ортидан келиб чиққан норозилик ва муҳокамаларга муносабат билдирди.
“Қонунда мавжуд эмас”ми?
Вазирлик энг аввало “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга эътибор қаратган. Қонуннинг 24-моддасида шундай дейилади:
“Ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирилади”.
Адлия вазирлиги бу модданинг “қонунчиликда белгиланган тартибда” деган қисмига урғу қаратган ҳолда, “қонунда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилиши шартлиги ҳақида талаб мавжуд эмас” деб баёнот берди.
Бироқ таъкидлаш лозим, президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги қарорида 2018 йил 1 майдан бошлаб барча (!) НҲҲ лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши лозимлиги белгиланган эди.
Президентнинг 2021 йил 15 мартдаги қарорида эса барча (!) НҲҲ лойиҳалари мажбурий тартибда (!!) жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши кўзда тутилганди.
Айни шу қарорлардаги талаблар – “қонунчиликда белгиланган тартибда” деган қоиданинг тўғридан тўғри ифодаси. Яъни, қонунда қонуности ҳужжатига ҳавола кўрсатилган, қонуности ҳужжат вазифасини эса президентнинг иккита қарори бажармоқда. Шундай экан, Адлия вазирлигининг “қонунда бунақа талаб йўқ” қабилидаги баёноти ўқувчини чалғитиши мумкин. Тўлиқроқ қилиб айтганда эса, “қонунчиликда бунақа талаб бор эди, 2022 йил 18 мартдан бошлаб бекор қилинди”.
Куни кеча маълум бўлганидек, юқоридаги иккита қарорга 18 март куни ўзгартиришлар киритилган: ҳужжатлардаги “барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, мажбурий тартибда” деган сўзлар “муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида” деган сўзлар билан алмаштирилган.
Айни шу ўзгаришга нима сабаб бўлгани (жамоатчиликда эътироз уйғотган асосий масала)га вазирлик ўз баёнотининг энг сўнгида изоҳ берган. Бу ҳақда қуйироқда сўз юритилади.
Истиснолар мажбуриятни ҳам ўртага чиқармоқда
Баёнотда келтирилган иккинчи аргументга кўра, қандай ҳужжатлар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаслиги президентнинг 2021 йил 15 мартдаги қарорида белгилаб қўйилган. Бу қарорга биноан, қуйидаги ҳолларда лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайди:
- фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чекловчи тадбирларни белгилашга қаратилган лойиҳалар;
- янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни назарда тутувчи лойиҳалар;
- тадбиркорлик фаолиятига, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишни назарда тутмайдиган лойиҳалар.
Қайд этиш лозимки, мазкур истиснолар юқоридаги қарор билан тасдиқланган низомда санаб ўтилган, бевосита қарор матнида эса барча НҲҲ лойиҳалари мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши таъкидланган эди. Яъни 18 мартда ўзгартиш киритилгунга қадар, қарор ва унинг иловаси ўртасида ҳуқуқий коллизия бўлган.
Қолаверса, истиснолар рўйхатидаги учинчи банд қуйидагича хулоса чиқаришга асос бўлади: тадбиркорлик фаолиятига, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишни назарда тутадиган лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши керак. Буни эса Адлия вазирлиги назорат қилиши зарур. Бироқ мазкур мезонларга мос тушувчи кўплаб ҳужжатлар муҳокамага чиқарилмасдан қабул қилиб келинаётгани сир эмас.
Ҳукумат қарори президент қарорига зид равишда қабул қилинган
“Учинчидан, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган норма янгилик эмас. Чунки Вазирлар Маҳкамаси Регламентининг 30-бандига ушбу масала юзасидан 2021 йил 16 августда тегишли ўзгартиришлар киритилган”, дея давом эттирилган Адлия вазирлигининг баёноти.
Вазирлар Маҳкамасининг регламенти Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида тасдиқланган. Бироқ бу пайтда барча НҲҲ лойиҳаларини муҳокамага чиқаришга оид президент қарорлари ҳали амалда эди. Қонунга биноан, президент қарорлари ҳукумат қарорларидан устун туради.
Муҳокамалар энг аввало regulation.gov.uz'да ўтказилиши керак
Адлия вазирлиги ўз изоҳида regulation.gov.uz портали лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг “ягона манбайи эмас”лигини таъкидлаган. Бунинг учун лойиҳа муаллифларининг расмий сайтлари ва jamoatchilik.uz портали ҳам борлигини эслатган.
Бу ўринда яна “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга мурожаат қилишга тўғри келади: Қонуннинг юқорида келтириб ўтилган 24-моддасида жамоатчилик муҳокамаси НҲҲ лойиҳалари муҳокамаси порталида ўтказилиши ёзиб қўйилган.
Яъни Ўзбекистонда ҳуқуқий ташаббусларни муҳокама қилишнинг бирламчи майдони бу – regulation.gov.uz. Бошқа расмий сайтларда муҳокама ўтказиш учун зарурий техник имкониятлар деярли йўқ.
Адлия вазирлигининг баёнотда таъкидлаб ўтган яна бир эслатмаси эса барча давлат органлари, хусусан 18 мартдаги баҳсли қарор лойиҳасини ўз сайтида муҳокамага чиқармаган Адлия вазирлигининг ўзига ҳам тааллуқли:
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига киради. Демак, ташкилотларнинг ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларни расмий веб-саҳифаларида эълон қилиб бориш мажбурияти қонун даражасида мустаҳкамланган”.
Хорижий тажриба...
Адлия вазирлиги лойиҳаларнинг жамоатчилик муҳокамасига “манзилли ёндашув” хорижий тажрибада ҳам борлигини айтаркан, бу борада фақат Беларус ва Россияни намуна қилиб кўрсатган холос.
Бу икки мамлакатнинг Жаҳон банки юритадиган Бошқарув сифати индикаторларидаги ўрни ҳавас қиларли эмас (Ўзбекистон бу индикаторларни расман тан олади). 2020 йилдаги индексга кўра, “Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик” индикаторида Россия Афғонистон билан тенг балл тўплаган бўлса, Беларус бу рейтингда сўнгги йигирматаликдан жой олган.
Барча НҲҲларни муҳокамага чиқариш талаби нега бекор қилинди?
Адлия органи мазкур саволга жавобан, лойиҳаларни кенг муҳокамага қўйишдаги манзилли (ёки танлама) ёндашув “вазият ва замон тақозоси” эканини билдирди.
“Норма ижодкорлиги нуқтайи назаридан пишиқ бўлмаган лойиҳаларнинг порталга жойланиши кенг жамоатчиликда норозилик ва резонансларни келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, сўнгги вақтларда ишлаб чиқувчилар томонидан бошқа вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, вазифалари ва жавобгарлигига тааллуқли бўлган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳолатлари учраб турибди.
Бу эса ўз навбатида, тегишли вазирлик ва идоранинг ҳуқуқий ҳолати ва имкониятларини тўла баҳоламаган ҳолда сифатсиз, пухта ишланмаган ҳамда белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда фуқаролар, тадбиркорлик фаолияти субъектларига мажбуриятлар юкловчи, уларнинг фаолиятида бюрократик тўсиқларни вужудга келтирувчи лойиҳаларнинг ишлаб чиқилишига олиб келмоқда.
Кўриниб турибдики, лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилишида манзилли ёндашув вазият ва замон тақозосидир”, дейилади вазирлик изоҳида.
Баёнотдан кўринадики, пишиқ бўлмаган лойиҳалар муҳокамага чиқиб кетишининг олдини олиш учун бошқа усуллар, масалан лойиҳани барча манфаатлар вазирлик ва идоралар билан келишгандан кейин муҳокамага чиқариш тартибига ўтиш масаласи кўриб чиқилмаган бўлиши мумкин.
Тан олиш керакки, барча НҲҲ лойиҳаларини муҳокамага чиқариш талаби амал қилган даврда ҳам кўплаб ҳолатларда унга риоя этилмай келаётган эди. Бу талабнинг кескин юмшатилиши жамоатчиликнинг қабул қилинаётган ҳужжатларга таъсир ўтказиш имкониятини янада камайтиришини кутиш мумкин.
Янги тартибга кўра, қайси лойиҳани муҳокамага қўйиш-қўймасликни амалда ташаббускорнинг ўзи ҳал қилади. “Муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга” деган мезонни эса ҳар ким турлича талқин қилиши мумкин.
Энг асосийси, ташаббускорлар ўз лойиҳалари муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга эканини тан олган тақдирда ҳам, бу уларга лойиҳани жамоатчилик билан маслаҳатлашиш мажбуриятини юкламайди, чунки белгиланган нормалар “қоида тариқасида” амал қилиши ёзиб қўйилди.
Комрон Чегабоев,
журналист
Мавзуга оид
18:39 / 19.12.2024
Қирғизистонда милиция ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинмади
16:10 / 03.12.2024
Қайси депутат қандай овоз бергани очиқ бўлиши керак — Бобур Бекмуродов
17:59 / 20.11.2024
Президент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига эътироз билдирди
18:54 / 25.10.2024