Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исломободдаги муваффақиятсиз музокаралар: нега бундай бўлди ва буёғига нима бўлади?
Anadolu via Getty Images
Покистон пойтахтида бўлиб ўтган дастлабки юзма-юз музокараларда АҚШ ва Эрон делегациялари қандайдир келишувга кела олмади. Вице-президент Жэй Ди Вэнс Эрон томонидан ён берилишига эриша олмагани кутилмаган ҳолат эмас: музокаралар бошланиши арафасида томонларнинг баёнотларида зиддият шу қадар кучли эдики, музокаралар мавзуси амалда нима бўлиши охиригача тушунарсиз қолаётганди.
Таҳлилчилар қайд этишича, Исломободдаги музокаралар ҳам феврал ойида Женевадаги муваффақиятсиз якунланган музокаралар билан бўлгани каби схемада боши берк кўчага кириб қолган – ундан фарқи, бу сафар Эрон ядро дастурига Теҳрон қўлидаги кучли қурол бўлиб чиққан Ҳўрмуз бўғози ҳам қўшилган.
Энди Трамп маъмурияти ёқимсиз вариантлардан бирини танлаш қаршисида қолган: Теҳрон билан унинг ядровий дастури келажаги ҳақида узоқ давом этадиган музокаралар ёки урушни қайтадан бошлаш (бу уруш эса аллақачон кенг кўламли энергетика инқирозига олиб келган), шунингдек, Ҳўрмуз бўғози устидан назорат учун узоқ давом этадиган кураш.
Бу сценарийларнинг ҳар бири муҳим стратегик ва сиёсий камчиликларга эга.
Вэнс музокаралар тафсилотларига тўхталмади, фақат Эрон томонига ядро дастурини бутунлай тўхтатишни назарда тутувчи таклифни етказгани ва бу таклиф рад этилганига ишора қилди.
«Биз қизил чизиқларимиз қаердан ўтишини аниқ қилиб тушунтирдик. Уларга қайси масалаларда ён беришга тайёрлигимизни ҳам. Улар эса шартларимизни қабул қилмасликка қарор қилишди», – деди Вэнс журналистларга.
«Биз бу ердан жуда оддий таклиф билан кетяпмиз, бу бизнинг ўзаро келишувга эришиш учун энг яхши ва якуний таклифимиз. Кўрамиз, эронликлар уни қабул қилармикин», – дея қўшимча қилган у.
Эрон эса музокаралардаги муваффақиятсизликни томонлар ўртасида ўзаро ишонч йўқлиги билан боғлади.
Эрон парламенти спикери, Покистондаги музокараларда Теҳрон делегациясига раҳбарлик қилган Муҳаммад-Боқир Ғолибоф АҚШ учун «эронликлар ишончини қозониш ёки йўқлигини ҳал қилиш вақти келгани»ни айтган.
У X ижтимоий тармоғидаги постида музокаралардан олдин айтган гапларини эслаган: Эронда «диёнат ва ирода» бор, аммо олдинги урушлар тажрибаси туфайли унда «қарама-қарши томонга ишонч йўқ».
Унинг сўзларига кўра, Эрон делегацияси «истиқболли ташаббусларни илгари сурган, бироқ қарама-қарши томон музокараларнинг ушбу босқичида Эрон делегациясининг ишончини қозона олмаган».
Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Бақоий эса «икки ёки учта муҳим масала»даги келишмовчилик келишув тузишга тўсқинлик қилгани ҳақида гапирган.
Бақоий якшанба куни IRIB давлат телеканалига берган интервюсида томонлар айрим масалаларда келишувга эришганини айтиб, бошқа масалаларда эса «қарашлардаги ихтилофлар мавжудлиги»ни қайд этган.
Бақоий «дипломатия йўли ҳеч қачон тугамаслиги»ни қўшимча қилган. «Музокараларнинг бир босқичидаёқ келишувга эришиб бўлмаслиги олдиндан маълум эди. Кимдир шундай бўлишини кутган деб ўйламайман», – деган у.
Шу билан бирга, Эрондаги Fars давлат ахборот агентлиги музокарачилар делегациясига яқин манбасига таяниб, Эронда ҳозирги вақтда «музокараларнинг кейинги босқичини ўтказиш бўйича режа йўқлиги»ни хабар қилди.
«Эрон шошилмаяпти ва АҚШ оқилона келишувга рози бўлмагунича, Ҳўрмуз бўғозидаги вазият ўзгаришсиз қолади», – деган агентлик манбаси.
ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Ҳўрмуз бўғози масаласи Эроннинг ядровий дастури билан биргаликда ушбу музокараларда келишувга эришишда асосий тўсиқ бўлмоқда.
Исломободдаги учрашувни таърифлар экан, Эрон ҳукумати муҳокама қилинадиган масалалар рўйхатида Ҳўрмуз бўғозини биринчи ўринга қўйган. «Сўнгги 24 соат ичида асосий мавзуларнинг турли жиҳатлари, жумладан, Ҳўрмуз бўғози, ядро муаммоси, ҳарбий репарация, санкцияларни бекор қилиш ва Эронга қарши урушни тўлиқ тўхтатиш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди», – дейилади Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Эътиборли томони, Эрон билан олдинги музокараларда Ҳўрмуз бўғози муаммоси йўқ эди. Аммо АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эрон ҳудудини бомбалашга киришгач, Америка ҳарбий машинасига симметрик жавоб бериш имкониятига эга бўлмаган Теҳрон ўзининг энг қудратли қуролини – иқтисодий қуролни ишга солди.
Эрон парламент вице-спикери Ҳожи Бобоий бўғоз Теҳрон учун «қизил чегара» ҳисобланишини маълум қилди, деб хабар беради Mehr ахборот агентлиги. У бўғоз тўлиғича Эрон назоратида экани ва «ундан фойдаланганлик учун йиғим Эрон миллий валютаси ҳисобланган риёлда тўланиши кераклиги»ни айтган.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса шанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида қолдирган постида бўғоз «тез орада очилиши»ни ёзган.
АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги ҳам шанба куни сув йўлини миналардан тозалашга қаратилган кенг қамровли амалиёт доирасида Американинг иккита эсминеци Ҳўрмуз бўғозини кесиб ўтгани ҳақида эълон қилди. Эрон томони эса бу маълумотни рад этиб, «ҳарбий кемаларнинг Ҳўрмуз бўғозидан ўтишга бўлган ҳар қандай уриниши қатъият билан тўхтатилиши»ни маълум қилди.

Теҳрон билан ҳар қандай музокараларда доимо кўтариладиган асосий масала эса ядровий дастур билан боғлиқ. Исломободда бу масалада ҳам олдинга силжиш кузатилмади. Теҳрон ва Вашингтон ўртасида Обама маъмурияти даврида эришилган сўнгги йирик келишув учун икки йил сарфланганди. Ва у муросаларга тўла эди, жумладан, Эронга ядровий арсеналининг кичик бир қисмини сақлаб қолишга рухсат берилган ва 2030 йилгача унинг ядровий фаолиятига қўйилган чекловларни босқичма-босқич олиб ташлаш кўзда тутилганди (шундан кейин Эронга Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага мувофиқ рухсат этилган ҳар қандай ядровий фаолиятни амалга оширишга рухсат бериларди).
Аммо Трамп 2018 йилда АҚШни ушбу келишувдан олиб чиқади, энди эса Теҳрондан ядро дастуридан тўлиқ воз кечишни талаб қилмоқда. Эрон келишув тузишга шошилмаяпти ва шу туфайли феврал ойида Женевада бўлиб ўтган музокаралар муваффақиятсизликка учраган, шундан кейин Америка президенти ҳарбий ҳаракатларни бошлашга буйруқ берганди.
Февралдаги музокараларда эронликлар ўз ядровий амалиётларини бир неча йилга «тўхтатиб туриш»ни таклиф қилишган, аммо бойитилган уран захираларидан (бу захиралар ядро қуроли ишлаб чиқариш учун етарли деб ҳисобланади) ҳамда ўз ҳудудида уранни бойитиш имкониятидан бутунлай воз кечишга рози бўлишмаган.
Эрон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани (у ҳеч қачон ядровий қурол яратмаслик мажбуриятини юклайди) имзолаган давлат сифатида уранни бойитиш ишларини амалга оширишни ўз ҳуқуқи деб билади. АҚШ эса буни Эрон доим ядро қуроли яратиш имкониятига эга бўлишни исташи сифатида кўради.
Трамп Эрон АҚШ ҳарбий қудрати қаршисида (Пентагон маълумотларига кўра, 13 000 дан ортиқ нишонга зарба берилган) таслим бўлишини кутган эди. Эронликлар эса Америка ҳар қанча бомба ёғдирмасин, таслим бўлмаслигини кўрсатишга қатъий қарор қилишди.
АҚШ Давлат департаментининг Яқин Шарқ бўйича собиқ музокарачиси Аарон Дэвид Миллер улар бунинг учун яхши имкониятларга эга деб ҳисоблайди.
«Менимча, уларда ҳали ҳам юқори даражада бойитилган уран бор. Улар географик жойлашувдан қурол сифатида фойдалана олишларини намойиш этишди, улар Ҳўрмуз бўғозини назорат қилмоқда ва бошқармоқда. Режим омон қолди. Улар хавфсизлик ва барқарорликка путур етказишдек даҳшатли қобилиятни намойиш этишди. Буларнинг барчаси катта кузирлар», – Миллер CNN телеканалига берган интервюсида.
Трамп вақтинчалик сулҳ расман тугашини кутмасдан (икки ҳафталик муддат 21 апрелда тугайди) ҳам ҳарбий картани ўйнашда давом этиши мумкин. Аммо бу сценарий нафақат ҳарбий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам жуда фойдасиз – Теҳрондагилар буни яхши тушунишади.
Трамп Ҳўрмуз бўғози ёпилгач, юзага келган оғир иқтисодий оқибатларни юмшатиш (бўғоз ёпилгач, жаҳон бўйлаб ташиладиган нефтнинг 20 фоиз қисми ўтмай қолди, натижада АҚШнинг ўзида ҳам бензин нархи кескин кўтарилди, бошқа муҳим ресурслар қаторида яримўтказгичлар ишлаб чиқариш учун гелий танқислиги юзага келди) учун учун оташкесим эълон қилганди, деб эслатади New York Times. Вақтинчалик сулҳдан кейин бозорларда ўсиш кузатилдиди. Агар уруш қайтадан бошланса, бу ўсишларнинг барчаси тўхтайди ва АҚШда аллақачон 3,3 фоизга етган инфляция янада ошиши муқаррар.
Бироқ энди Теҳрон бўғоз устидан назорат масаласини бошқа талаблар, жумладан, АҚШ зарбалари натижасида етказилган зарар қопланиши ва мамлакатга қарши йигирма йилдан ортиқ вақт давомида амал қилган санкциялар бекор қилиниши билан боғламоқда. Америка Қўшма Штатлари, афтидан, бўғозни музокаралар орқали очиш имкониятини кўриб чиқмаяпти. Форс кўрфазига Американинг иккита ҳарбий кемаси келиши Вашингтон бунинг учун бошқа воситалардан фойдаланишга тайёрланаётганидан далолат беради.
Кўринишидан, АҚШнинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси Исроил ҳам Эрон режимига қарши амалиётларини тўхтатиш ҳақида ўйламаяпти: Исломободда музокаралар давом этаётган бир пайтда бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий кампанияси ҳали тугамаганини айтди. «Исроил менинг раҳбарлигим остида Эрон террорчи режими ва унинг гумашталарига қарши курашни давом эттиради», – деб ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги постида.
Вэнснинг Исломободга сафари ҳар икки томон ҳам ўзини биринчи раунд ғолиби деб ҳисоблашини аниқ кўрсатди: Қўшма Штатлар Эронга шунча бомба ёғдиргани, эронликлар эса бунга бардош бергани учун. Томонларнинг ҳеч бири муросага боришга тайёр эмасдек кўринмоқда.
Мавзуга оид
16:52
Трамп Рим папасини танқид қилди ва ўзининг Исо қиёфасидаги суратини эълон қилди
15:25
WSJ: Саудия АҚШдан Эрон билан музокараларга қайтишни талаб қилмоқда
10:10
АҚШ вице-президенти: Эрон кейинги йўлни ўзи танлайди
22:20 / 13.04.2026