Жаҳон | 09:50 / 01.12.2025
6796
4 дақиқада ўқилади

Залужний Украинада урушни “тўлиқ ғалабасиз” тугатиш имконини инкор этмади

Россиянинг Украинага қарши уруши қандай якун топиши мумкинлигига оид эҳтимолий сценарийларни Украина Қуролли Кучлари собиқ бош қўмондони Валерий Залужний баён қилди. Унинг таъкидлашича, «нафақат тўлиқ ғалаба», балки бошқа вариантларда ҳам тинчликка эришиш мумкин, чунки «кейинги урушни кутган ҳолдаги» тинчлик ҳам сиёсий ўзгаришлар ва тикланиш учун имконият яратади.

Валерий Залужний Фото: Alberto Pezzali / AP / ТАСС

Украина ўзининг асосий мақсади бўлган «тўлиқ ғалаба»га эришмаса ҳам, Россия билан тинчлик келишуви тузиши мумкин, деб ҳисоблайди Украина Қуролли Кучлари собиқ бош қўмондони, ҳозирда Буюк Британиядаги Украина элчиси Валерий Залужний. Liga.net нашри учун ёзган муаллифлик мақоласида, шанба куни, 29 ноябрда урушни якунлашнинг эҳтимолий сценарийларини тасвирлаб, бир неча йилга чўзиладиган узоқ муддатли "музлатиш" вариантини ҳам истисно қилмади.

«Биз, украинлар, албатта, тўлиқ ғалабага — Россия империясининг парчаланишига интиламиз. Бироқ урушни узоқ муддатли (йиллаб) тўхтатиб туриш вариантини ҳам истисно қила олмаймиз, чунки тарихда урушларни тугатишнинг энг кенг тарқалган усулларидан бири айнан шу, — деб ёзади Залужний. — Шу билан бирга, кейинги урушни кутган ҳолда бўлса ҳам тинчлик сиёсий ўзгаришлар, чуқур ислоҳотлар, тўлиқ тикланиш, иқтисодий ўсиш ва фуқароларнинг қайтиши учун имконият беради».

Унинг таъкидлашича, урушни «навбатдаги ахборот шов-шувлари босими» остида тугатиб бўлмайди. Айниқса, ҳозирги каби урушни тўхтатиш ёки якунлаш «ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий фронтларда эришилган ютуқлар ёки йўқотишлар мажмуаси»га боғлиқ бўлади. Генерал қўшимча қилганидек, шундай фронтлардан биридаги «қулаш» урушни тугатиш учун фақатгина маълум шарт-шароитлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин, холос. Шу билан бирга, Залужний Украинага таклиф этилаётган тинчлик келишуви вариантларида «ҳар гал шароитлар яхшиланмаяпти», дея тан олди.

Собиқ бош қўмондон таъкидлашича, «уруш доимо бир томоннинг ғалабаси ва иккинчи томоннинг мағлубияти билан тугамаслигини» эсдан чиқармаслик муҳим. «Иккинчи жаҳон урушида шундай бўлган, лекин бу — қоидадан истисно, чунки инсоният тарихида деярли бирор марта шундай бўлмаган. Урушларнинг мутлақ кўп қисми ё икки томон учун ўзаро мағлубият, ёки ҳар бири ўзини ғолиб деб ҳисоблайдиган ҳолат, ё бошқа вариантлар билан тугайди», — дея таъкидлайди Валерий Залужний.

Унинг таърифига кўра, Украина учун ғалаба фақатгина замонавий Россия империясининг парчаланиши бўлиши мумкин, мағлубият эса — давлатнинг ички қулашидан сўнг Украинанинг тўлиқ оккупация қилиниши. Қолган барча вариантларни у «урушнинг бошқа шаклда давом этиши» деб атади.

Шу билан бирга, тинчликка эришилгандан кейин «инновациялар ва технологиялар туфайли хавфсиз, максимал даражада ҳимояланган давлатни шакллантириш бошланди, деб гапириш мумкин бўлади», дея таъкидлайди генерал. Шу қаторда у «коррупцияга қарши кураш ва адолатли суд тизимини барпо этиш орқали адолатли давлат асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш», шунингдек, «мамлакатни тиклаш бўйича халқаро иқтисодий дастурлар асосида иқтисодий ривожланиш» имкониятларига ишора қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид