Ўзбекистон | 07:50 / 01.02.2022
11491
3 дақиқада ўқилади

Миллий домен маконида 289 та порнографик веб-сайт аниқланди

Жорий йил 31 январь куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Мажлисда қўмита ташаббуси билан интернет тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда “Facebook”да 4,7 млн, “Instagram” да 3,7 млн, “Linkedln”да 288 минг, “Телеграм”да 18 млн, “Odnoklassniki”да 16,7 млн, “Twitter”да 51,6 минг ва “В-контакте”да 2,6 млн фойдаланувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда.

“Кейинги вақтларда интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот материалларини бериб бориш, болаларни интернетдаги турли ахборот хуружларидан ҳимоялашга қаратилган электрон шаклда иллюстрация қўлланмалари яратиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаган.

“Википедия” платформасида Ўзбекистон ҳақида маълумотлар камлиги ёки эскилиги, оммабоп онлайн платформаларда мамлакатимиз ҳақида сифатли форматдаги тарихий кино ва бадиий фильмлар етишмаслиги туфайли ёшлар ва вояга етмаганларнинг маънавиятга зид турли хорижий контентларга қизиқиши тобора ортмоқда.

Оқибатда эса мафкуравий таҳдидлар орқали аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартиришга, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишлар бўлмоқда”, дейилади Сенат хабарида.

Қайд этилишича, биргина 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра миллий домен маконидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқлик тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2097 та қонунбузарлик ҳолати қайд этилган.

Сенаторлар ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи ва диний адоватни қўзғатувчи контентларга, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларга, тотализаторларга, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб қиладиган веб-ресурсларга қарши курашиш устувор вазифа эканини таъкидлаган.

Мавзуга оид