Иқтисодиёт | 16:44 / 02.11.2021
19059
3 дақиқада ўқилади

Ҳар ой бошида шу муаммо: UzASBO'даги нуқсон ҳалигача бартараф этилмади

Бюджет ташкилотлари бухгалтерларининг марказлашган UzASBO онлайн ҳисоб-китоб дастури яна ишламай қолган. Ўтган ой Молия вазирлиги муаммо тўлиқ бартараф этилишини айтганди.

Фото: UzASBO дастуридан скриншот

Муаммо нимада?

Kun.uz ўтган ой бухгалтерларнинг мурожаатлари асосида айни ойлик ва аванс ҳисоблайдиган пайтлари Молия вазирлигининг UzASBO дастури ишламай қолиши, бунинг натижасида маошлар кечикиши борасида мақола эълон қилганди.

Бизга мурожаат қилган ва шахси сир сақланишини сўраган бюджет ташкилотлари ҳисобчилари ҳар ой UzASBO'даги техник носозликлардан азият чекишини маълум қилганди.

“Ўзим Бухорода давлат ташкилотида ҳисобчиман. Биз давлат ташкилоти бўлганимиз учун UzASBO дастурида ходимларнинг ойлик маошларини ҳисоблаймиз. Лекин 1 йилдан буён ҳар ой бир хил муаммо бизни қийнайди. Айнан ойнинг 15 санаси, яъни аванс вақтида ва ойнинг охири 30–31 санаси ҳамда кейинги кунларда ойлик иш ҳақларини ҳисоблаётган пайтимизда UzASBO дастури умуман ишламай қолади. Шу сабабли кунма-кун ойлигини кутадиган оддий ходимларнинг иш ҳақларини ҳисоблаш, тўлаш кечикади. Мана бу ой ҳам 4 октябр санаси етиб келди ҳамки дастур умуман ишламаяпти, натижада иш ҳақлари кечикмоқда”, – дея мурожаат қолдирганди бухгалтерлардан бири.

Орадан бир ой ўтиб, яна мазкур муаммоалар такрорлана бошлаган.

Ҳолатни текшириш мақсадида Telegram'даги “UzASBO’га саволлар” гуруҳини кўздан кечирдик. Бугун 2 ноябр куни гуруҳга тизим ишламаётгани ҳақида юзлаб хабарлар қолдирилганига гувоҳ бўлдик.

Бухгалтерлардан бири тизим босимни кўтара олмай, ишламаётганини таъкидлаган.

“Марказлашган бухгалтерлар жуда қийналяпти-ку, ўзи штат кам, кечаси билан ишласак ҳам ишламайдиган дастур дастидан иш ҳақини ёполмаяпмиз”, – деб ёзади яна бир ҳисобчи.

Молия вазирлиги муносабати

Вазирлик матбуот хизмати аввалги муносабатининг мазмунидан четга чиқмаган ҳолда аванс ва ойлик пайтида тизим ишламай қолиши босим билан боғлиқлигини таъкидлади. “Тизим ишламаса, ҳеч кимга ойлик тушмаган бўларди. UzASBO'га ойлик пайтида ортиқча босим бўлгани учун унинг ишлаши секинлашади. Бу ишламайди дегани эмас”, – деди Kun.uz билан суҳбатда матбуот хизмати масъули. Шунингдек, у серверлар доимий янгиланиб боришини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ҳам Молия вазирлиги вакили ойлик ва аванс ҳисоблаш вақтида тизимда техник носозлик бўлишини, бунга дастурга бўладиган босимнинг ортишини сабаб қилиб кўрсатганди.

Афсуски, хозирча бу муаммоларнинг такрорланмаслиги учун бирор чора кўрилаётгани йўқ.

Ташқарида 21-асрнинг 21-йили тугаб бормоқда. Рақамли дунёда яшамоқдамиз. Аммо катта бир давлатнинг Молия вазирлиги ўзи яратган ва унга давлат ташкилотларини қарам қилиб қўйган дастурини нормал ишлашини таъминлаб бера олмаяпти.

Мавзуга оид