Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳудуд ва салоҳияти катта Навоий вилояти ҳокими билан суҳбат: Энг асосий вазифа — тадбиркорликни ривожлантириш
Мамлакатимиз вилоятлари орасида энг ёши ва том маънода бой ҳудудлиси Навоий вилоятидир. Бугунги кунда вилоят ҳар томонлама ривожланган, обод ҳудудга айланиб бормоқда. Навоий мамлакатимизда ҳудудий жиҳатдан энг катта вилоят, Қорақалпоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Унинг умумий майдони110,99 минг кв. кмни ташкил этади.
Вилоятда 900 мингга яқин аҳоли яшайди. Навоийда 8 та туман бор: Хатирчи, Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Учқудуқ ва Томди туманлари. Улардан ташқари вилоятда 2 та йирик шаҳар — Навоий ҳамда Зарафшон, 38 та шаҳарча ва 54 та қишлоқ фуқаролари йиғинлари мавжуд.
Kun.uz вилоят ҳокимлари билан очиқ мулоқот лойиҳаси доирасида Навоий вилоятига бориб, вилоят раҳбари Қобул Турсуновнинг фаолиятига назар ташлади. 2016 йилдан бери вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Қобил Бекназарович қабулида бўлиб, вилоятда амалга оширлаётган ишлар ва мавжуд муаммолар юзасидан самимий суҳбатда бўлди.
Tas-IX
YouTube
— Қобул Бекназарович, суҳбатимиз аввалида тугаб бораётган йилнинг Навоий вилоятидаги якунларига тўхталсак. 2018 йил вилоят учун қандай кечди? Қандай қийинчиликларга дуч келинди ва қандай муваффақиятларга эришилди?
— Умуман олганда, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларда, авваламбор, битта умумий мақсад — халқ фаровонлиги, юртимиз равнақи, Ватанимиз ободлиги ётади. Муҳтарам юртбошимиз томонидан белгилаб берилган ва амалиётга жорий этилган ҳаракатлар стратегиясидаги беш устувор йўналиш бўйича йил бошиданоқ ишлаб чиқилган «йўл хариталари», қолаверса, қабул қилинган дастурлар доирасида Навоий вилоятида ўтган йилдагидек 2018 йилда ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.
Йил бошида президентимиз ташрифи доирасида вилоятдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими борасида йиғилиш баёнига асосан, 120 банддан иборат чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган эди. Бугунги кунга келиб ўша дастурдаги масалаларнинг 105 таси ўз ечимини топди. Йил якунига қадар қолган 15 тасини ҳам ҳал қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳаммамиз биламиз, Навоий вилояти мамлакатимизнинг «олтин сандиғи» ҳисобланади, Менделеев даврий жадвалидаги барча элементлар бизнинг ер ости бойликларимиз таркибида бор. Қолаверса, кон металлургия комбинати, «Қизилқумцемент», «Навоийазот», ИЭС каби йирик саноат корхоналари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда муҳим ўрин эгаллайди. Шулар қаторида, кичик бизнес суъбектларининг фаолиятини ҳам йўлга қўйиш бўйича зиммамизга бир қанча мажбуриятлар олганмиз.
Оддийгина, бюджет тушумларининг салмоғига эътибор қаратадиган бўлсак, кон металлургия корхоналарининг салмоғи 75 фоизни ташкил этади. Бунга йирик корхоналарнинг ҳам улуши қўшилса, натижа қарийб 88 фоизга етади. Бу нимадан далолат? Авваламбор, азалдан саноат корхоналарининг улуши салмоқли бўлиб келгани боис кичик бизнес субъектларининг улуши кичикроқдек кўринади. Шу нуқтаи назардан, биз 2018 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 2543 га яқин янги юридик шахс бўлган корхоналарни рўйхатга олдик. Энг эътиборлиси, уларнинг 1800 га яқини кичик бизнес субъектларидир. Якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасига алоҳида эътибор қаратишимиз натижасида шу йилнинг ўзида 4,1 минг ЯТТларнинг фаолиятини йўлга қўйдик.
Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш нуқтаи назаридан, йил бошида 2018-19 йилларга мўлжалланган лойиҳалар устида иш олиб бордик. 6,4 триллион сўмлик 512 та лойиҳадан 900 миллиард сўмлик 380 дан ортиғи ишга туширишга муваффақ бўлинди. Буни агар йўналишлар кесимида оладиган бўлсак, янги лойиҳаларнинг салмоқли қисми саноат соҳасига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга, хизмат кўрсатиш соҳасига тааллуқли эканига гувоҳ бўламиз. Мана шу ишларнинг давоми ўлароқ, 2019-20 йилларга ҳам ҳозирданоқ лойиҳаларни шакллантиришни бошлаганмиз. Уларнинг сони ҳозирча 408 тани ташкил қилиб, 7,1 триллион сўм бўлиши режалаштирилган.
Булардан ташқари, режалаштирилаётган мазкур лойиҳаларимиз ичида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосида 460 миллион долларлик 12 та йирик, истиқболлилари бор.

Яна бир муҳим жиҳатни тилга олиб ўтмоқчиман, ўтган йилнинг май ойларида президентимиз ташаббуси билан Навоий эркин иқтисодий зонаси ҳудудида халқаро бизнес форум ташқил қилдик. Унда 14 дан ортиқ давлатдан 90 дан ортиқ бизнес соҳаси вакиллари иштирок этишди. Уч кун давом этган бизнес форум вилоятга хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим омил бўлди. Агар йил бошида фаолият кўрсатиб келаётган қўшма корхоналарнинг сони 63 тани ташкил этиб турган бўлса, 2018 йил 1 декабрь ҳолатига келиб102 тага етди.
Буларнинг барига тарихий қарор — валюта олди-сотдисининг эркинлаштирилиши, шунингдек, виза режимларининг соддалаштирилиши, экспортга йўналтирилган корхоналарга доир бир неча қарорларнинг қабул қилиниши ортидан эришилди.
— Умуман, 2018 йил Навоий вилояти учун муваффақиятли якунланди дея оламизми?
— Мен ўз-ўзимга «қилган ишингдан қониқдингми?» деган саволни кўп бериб тураман. Вилоят ҳокими сифатида 2018 йилда бажарилган ишлардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганим йўқ. Чунки бугунги глобаллашув, манфаатлар тўқнашуви жараёнида қўлга киритган ютуқларимиздан кўра, ҳали қилишимиз, амалга оширишимиз керак бўлган ишларимиз жуда кўп. Барча соҳанинг негизида тадбиркорлик, унинг манфаатлари ётади. Ҳар қандай давлатда иқтисодиётни ривожлантирувчи куч хусусий тадбиркорликдир. Юқорида қайд этиб ўтганимдек, вилоятда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳали олдимизда кўп вазифалар турибди.
— Вилоят республикадаги энг саноатлашган ҳудудлардан бири саналади. Президентимиз куни кеча мамлакатни саноатлаштириш бўйича яна қатор ислоҳотларни белгилаб берди. Демак, бундай ислоҳотларнинг бошида Навоий вилояти локомотив сифатида туради. Янги йилда янги масъулият, янги марраларни забт этиш вазифаси пайдо бўлмоқда. Вилоятда янги саноат корхоналарини ташкил этиш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича сизда қандай механизм бор?
— Умуман, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг салмоқли қисми вилоятимиздаги саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Айтайлик, республикамизда ишлаб чиқарилаётган цемент маҳсулотининг 1/3 қисми, электроэнергиянинг 1/6 қисми, минерал ўғитларнинг 1/5 қисми Навоийдаги корхоналарнинг ҳиссасидир. Раҳбарларнинг, бу вилоятда бўладими, тумандами, олдида турган энг асосий вазифа тадбиркорликни ривожлантириш бўлмоғи керак.
Тадбиркорликни ривожлантириш учун нималар керак бўлади? Авваламбор, маблағ. Уни молиявий институтлар — банклар, кредит ташкилотлари беради. Хорижий инвестицияларга ҳам зарурият туғилади.

Бизда вилоят ҳокимлигининг тадбиркорлар учун аталган махсус куни йўқ. Вилоятда қай бир тадбиркорнинг мен билан боғлиқ масаласи бўлса иш кунининг исталган соатида мен билан чекловларсиз учраша олади.
Бугунги кунгача вилоятимизга ташриф буюрган хорижий инвесторлар 91 та компания ва корхоналарга дахлдор бўлиб турибди.
— Навоий географик жойлашуви қулай вилоят. Вилоятда саноат корхоналарини очиб юритиш учун газ, электр, сув, ер муаммоси деярли йўқ. Навоийнинг шундай салоҳиятини хорижий давлатларга чиқиб тақдимот ўтказиш бўйича қандайдир ишлар амалга оширилдими?
— Албатта. Юртбошимизнинг ташаббуси билан вилоят ва туман ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбсарлари лавозими жорий этилди. Бу лавозимларга ёш, хорижий давлатларда ўқиб, ишлаб тажриба орттирган, шижоатли ёш кадрлар тайинланди. Биз ўзимиздаги бор имкониятларнинг тарғиботини қилиш нуқтаи назаридан 140 дан ортиқ тадбиркорларимизни хорижга хизмат сафарига жўнатдик. Мақсад — хориж тажрибасини ўрганиш, кўникмаларни эгаллаш. Қолаверса, саноат соҳаси, туризм соҳасини тарғибот қилиш мақсадида буклетлар, китоблар чоп этиб, хориждаги элчихоналаримизга, қолаверса, юртимиздаги хорижий элчихоналарга тарқатганмиз. Саккиз давлат элчихоналари ходимларини вилоятга чақириб, бу ерда келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар борасида гаплашиб олдик ва ижобий натижаларга ҳам эришдик. АҚШ, БАА, Украина, Жанубий Корея, Хитой, Россия ва Венгрия каби давлатлар билан қўшма корхоналаримиз ўз фаолиятини бошлади.
Хуршид Далиев ва Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:27 / 08.04.2026
Навоийда хусусий боғча тарбиячиси болаларни калтаклади
16:48 / 31.03.2026
Ҳаво сифати ёмонлашганда давлат хизматчилари уйдан ишлашга ўтказилиши мумкин
22:54 / 30.03.2026
Навоийда онлайн қиморга ютқазган йигит қарздан чиқиш учун Россия армиясига ёлланишга қарор қилди
12:30 / 14.03.2026