Ўзбекистон | 17:50 / 20.04.2023
68219
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 17 яшар қиз номаълум эркакнинг ҳужумига учради. ИИББ у қўлга олинганини маълум қилди

Интернетда тарқалган видеода эркак мактабдан уйига қайтаётган қизнинг орқасидан келиб қучоқлаб олгани, унинг юзидан ўпгач қочиб кетгани кўринади.

Ҳодиса 19 апрель куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида содир бўлган.

“Сукут сақлама” лойиҳаси томонидан эълон қилинган видеода номаълум эркак кўчада кетаётган ўқувчи қизга ташлангани, сўнгра воқеа жойидан қочиб кетгани акс этган.

Тасвирларда эркак ортдан келиб қизнинг оғзини қўли билан ёпгани, қучоқлагани, қиз эса унга қаршилик кўрсатиб ерга ўтириб қолгани кўринади. Эркак қочиб кетган, қиз нима бўлганини англаб етмасдан унинг ортидан қараб қолган, кейин ўтириб йиғлаган.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати вояга етмаган қизга ташланган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, бу ишни Оқдарё туманида яшовчи Озод О. исмли шахс содир этган. Ўтказилган тезкор тадбир натижасида у 20 апрель куни ушланган.

“Текширув жараёнида Озод О. томонидан З.Б.нинг ҳеч қандай буюмлари олиб қўйилмаганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, – дейилади ИИББ хабарида.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Расмий хабарга гумонланувчининг сурати ҳам илова қилинган. Масъуллар суратда эркакнинг юзи беркитилмаганини жамоатчилик унинг бошқа қилмишлари ҳақида қандайдир маълумотга эга бўлса, бу ҳақда хабар берилиши мумкинлиги билан изоҳлашди.

Аввалроқ Наманганда вояга етмаган қизнинг номусига теккан шахс қидирувга берилган, ИИВ уни топишда жамоатчиликдан ёрдам сўраганди. Орадан бир кун ўтгач у қўлга олинганди.

Мавзуга оид