Ўзбекистон | 07:59 / 05.08.2023
9068
2 дақиқада ўқилади

Судларда тафтиш инстанцияси жорий этилади

Шунингдек, аппеляция шикоятини бериш муддатини 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатаси мажлисида “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Иқтисодий процессуал кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Иқтисодий процессуал кодексга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда. Қонун лойиҳасида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати бериляпти.

Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришининг имкониятлари янада кенгаяди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Суд ишидан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, аппеляция шикоятини бериш муддатини 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан моддама-модда муҳокама қилинди ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид