Жаҳон | 07:19 / 16.02.2026
12643
2 дақиқада ўқилади

Инфографика: қайси мамлакатларда ЙТҲ кўпроқ содир бўлади?

Дунё бўйлаб ҳар йили йўлларда миллионлаб йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) содир бўлади. Инфографикада қайси мамлакатларда авариялар энг кўп учраши кўрсатилган.

Қўшма Штатлар умумий авариялар сони бўйича мунтазам равишда етакчи ҳисобланади. UNECE ҳисоботига кўра, 2019 йилда у ерда қарийб 1 миллион 949 минг авария қайд этилган — бу ҳар бир миллион аҳолига 5938 та авария тўғри келади, дегани.

CEOWorld маълумотига кўра, умумий ЙТҲ сони бўйича етакчилар қаторига, шунингдек, Япония (540 минг), Германия (300 минг), Туркия (174 минг) ва Италия (172 минг) ҳам кирган. Аммо ҳар миллион аҳолига тўғри келадиган авариялар сони бўйича Австрия Германиядан юқори кўрсаткичга эга — 4024 тага қарши 3612 та.

Россия бўйича UNECE статистикасида янги маълумотлар йўқ. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Россияда 2019 йилда жабрланганлар бўлган тахминан 164 минг ЙТҲ қайд этилган.

Инфографикада Ҳиндистон яшил рангда кўрсатилган бўлса-да, бу мамлакат йўлларда ҳалок бўлиш кўрсаткичи бўйича мунтазам равишда етакчилардан бири ҳисобланади. Масалан, 2019 йилда мамлакатда 473 мингдан ортиқ авария содир бўлган ва 154 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган.

Инфографика муаллифлари UNECE ва CEOWorld маълумотларидан фойдаланган, бироқ бу маълумотлар дунёдаги барча мамлакатларни қамраб олмайди. Шунингдек, маълумотларни йиғиш методологияси ҳам турлича бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда 2024 йилда 9364 та ЙТҲ қайд этилган. Уларда 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳат олган. 2025 йилда ҳам кўрсаткичлар ўхшаш даражада: 2188 киши ҳалок бўлган, 8,9 мингга яқин одам жароҳат олган. Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 8–9 мингта авария содир бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид