Ўзбекистон | 13:11 / 01.02.2022
18181
3 дақиқада ўқилади

Энергетика бозори эркинлаштирилади

Ўзбекистонда энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда эркинлаштирилади. Бу – президент фармони билан тасдиқланган 2022 йилги давлат дастурида белгиланди.

Фармонга биноан, 2022 йил давомида энергетика соҳасига бозор механизмларини олиб киришнинг ҳуқуқий асослари яратилади.

Дастурда, энергоресурслар соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш кўзда тутилган.

Апрел ойигача бу борада президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қарор лойиҳаси энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, барча иштирокчиларга тенг имкониятлар бериш ва нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий қилишга қаратилади.

Электр энергия таъминотида монополия бекор қилинади ва соҳага ижтимоий ҳимоя кафолатлари белгиланган ҳолда бозор механизмлари жорий этилади. Бунда:

  • “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергиясини “ягона харид қилувчи” функцияси бекор қилинади;
  • “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга хусусий операторларни жалб қилиш бўйича асосий талаблар белгиланади;
  • “Ўзбекгидроэнерго” АЖ кичик ва ўрта инвестиция лойиҳаларига хусусий инвесторларни жалб этади.

Юқоридагиларга мувофиқ:

  • электр энергияси ва табиий газнинг рақобатли бозорини тартибга солувчи мустақил орган – регулятор,
  • ягона харид қилувчи функциясини бажарувчи компания,
  • миллий диспетчерлик маркази ташкил этилади.

Давлат дастурига биноан, 2022 йил апрелгача эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун энергия ресурслари бўйича ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш бўйича ҳукуматга таклифлар киритилади (халқаро тажрибани ўрганган ҳолда).

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси (2022 йил сентябргача) ва “Табиий газ тўғрисида”ги қонун лойиҳаси (2022 йил октябргача) ишлаб чиқилади; Магистрал электр тармоқлари кодексини (GrId Code) тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси (2022 йил июнгача) тайёрланади.

Нефт-газ соҳаси

Президент фармонида нефт-газ соҳасида трансформация жараёнларини жадаллаштириш орқали табиий газ таъминотида ижтимоий ҳимоя кафолатлари белгиланган ҳолда бозор механизмларини жорий этиш белгиланган.

2022 йилги давлат дастурига асосан, табиий газ таъминоти тизимини ислоҳ қилиш ва рақобат бозорини босқичма-босқич шакллантириш тўғрисида президент қарори лойиҳаси ҳам тайёрланади. Унда қуйидагилар белгиланади:

  • “Ўзтрансгаз” АЖни фақат газни транспортировка қилиш билан шуғулланувчи компанияга айлантириш;
  • “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ташкилий-ҳуқуқий тузилмасини дунёнинг етакчи нефть-газ компаниялари стандартларига мувофиқлаштириш, бунда жамият тасарруфидаги корхоналарда кооперация ва аутсорсинг хизматларини жорий этиш;

Октябр ойига қадар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ фаолияти йўналишларига хусусий операторларни жалб қилиш бўйича асосий талаблар белгиланади. Бу талаблар, хусусан, суюлтирилган газни аҳолига етказиб бериш ва табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш тизимларига оид бўлади.

Мавзуга оид