Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрондаги сулҳ хабарлари ортидан нефт нархи кескин тушди
Brent маркали нефт фючерслари қарийб 13 фоиз арзонлашиб, бир баррел учун 95 долларгача тушди. Бу Трамп ва Эрон томонидан икки ҳафталик сулҳ ҳақидаги хабарларга яққол реакция бўлди.
Фото: Brian Snyder/REUTERS
Жаҳон бозорлари Эронда икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги хабарларга нефт ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари нархининг пасайиши билан жавоб қайтарди. 8 апрел, чоршанба тонгига келиб, Brent маркали нефт фючерслари нархи бир баррел учун 95 доллар атрофида тебранди. Ҳолбуки, бир кун аввал у тахминан 110 доллардан сотилаётган эди. Буни котировкаларни кузатиб борувчи сервислар маълумотлари кўрсатмоқда.
Trading Economics платформаси маълумотларига кўра, хом нефт жаҳон бозорларида бир сутка ичида 14 фоиз арзонлаб, бир баррел учун 96 доллардан сотилган. АҚШда печ ёнилғиси сифатида кенг қўлланадиган мазут нархи бир суткада 17 фоизга тушди, бензин эса қарийб 10 фоиз арзонлади.
Нефт секторидаги нархлар пасайиши — АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида икки ҳафталик сулҳ ўрнатилгани ҳамда Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиши яқин орада бекор қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга бозорларнинг яққол реакциясидир. Бу бўғоз Форс кўрфази мамлакатларидан бошқа ҳудудларга нефт етказиб беришда энг муҳим йўлаклардан бири ҳисобланади.
7 апрел кечқурун, АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Эронга қўйган ва “бутун бир цивилизациянинг ҳалокати” билан таҳдид қилган ултиматум муддати тугашига бир неча соат қолганида, Оқ уй раҳбари Теҳрон жавобан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтувчи кемаларга ҳужумларни тўхтатса, Ислом Республикасига қарши ҳужумларни тўхтатиш ниятида эканини маълум қилди. Трампнинг сўзларига кўра, буни АҚШ ва Эрон ўртасида воситачи бўлиб турган Покистон сўраган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи мамлакатга қарши ҳужумлар бўлмаган тақдирда, қуролли кучлар “мудофаа операциялари”ни тўхтатишини тасдиқлади.
“Икки ҳафта давомида Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ўтиши Эрон Қуролли кучлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда ва техник чекловлар инобатга олинган тарзда таъминланади”, — деди Арағчи.
Исроил ҳам сулҳни қўллаб-қувватлаганини мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу офиси маълум қилди.
АҚШ ва Исроил 28 февралдан буён Эрон ҳудудига ҳаво зарбалари бермоқда. Бу ҳужумлар оқибатида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳамда кучишлатар тизим вакиллари ҳалок бўлган. Хоминаий ўрнига унинг 56 ёшли ўғли Мужтаба келган, аммо у жанглар бошланганидан бери на жамоатчилик олдида, на видеомурожаат орқали кўриниш берган.
Эрон эса бу ҳужумларга жавобан Исроил ва Форс кўрфази давлатларидаги Америка базаларига ракета ва дронлар билан зарба бермоқда. Бундан ташқари, Эрон Форс кўрфазидаги бир қатор давлатлардаги нефт омборлари ва Ҳўрмуз бўғози орқали қатнаётган нефт танкерларига ҳам ҳужум қилмоқда. Бўғоз блокадаси Трамп учун жиддий синовга айланди: у Эронга ҳам таҳдид қилишга, ҳам ўзи юзага келтирган муаммони ҳал қилишга НАТО давлатларини жалб этишга уринди, аммо бу борада муваффақият қозона олмади.