Ўзбекистон | 13:43 / 30.10.2024
38281
6 дақиқада ўқилади

“Қарздор” ҳоким, чув туширилган тадбиркор ва исботини топган қилмиш – Мерей Омонбоевага ҳукм ўқилди

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоева жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топилди. Ҳукмга кўра, у Навоий шаҳар ҳокими номидан фойдаланиб, тадбиркорнинг кўп миқдордаги пулини қўлга киритган ҳамда ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.

Фото: Мерей Омонбоеванинг Facebook саҳифасидан

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага нисбатан суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Мерей Омонбоева 2022 йилнинг июн ойидан 2023 йилнинг ноябр ойига қадар Навоий шаҳар Зарафшон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган. У хизмат мавқейидан фойдаланиб, Навоий шаҳридаги тадбиркорга ўзининг Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев билан яқин муносабатда эканлигини айтиб, гўёки ҳоким билан таништириб қўйишни ваъда қилган. Бу орқали эса тадбиркордан шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев номидан қарз эвазига пул сўраб олишни режалаштирган.

Омонбоева 2022 йил 28 октябрдан 2023 йил 5 сентябрга қадар “Sarmish 9999” ва “Bright industry buldings the future” МЧЖ раҳбари М.Раҳматовдан жами 80 млн сўм пул маблағини қарз сифатида олган. Ушбу қарзни қайтариб бермаслик ва тадбиркорнинг бошқа пул маблағларига эгалик қилиш мақсадида 2023 йилнинг октябр-ноябр ойлари давомида унга гўёки ўзини Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев билан яқин муносабатда эканлиги, унинг Хитойга хизмат сафари билан борган вақтида Навоий шаҳридаги айрим тадбиркорлардан 50 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олиб кетганлиги, ушбу қарздорлик тадбиркорлар томонидан талаб қилинаётганига ишонтирган. Сўнгра гўёки шаҳар ҳокими томонидан М.Раҳматовдан моддий ёрдам сўралганлиги ҳақида Telegram орқали ёзишмаларни сохталаштириб, тадбиркорга кўрсатган.

Мерей Омонбоева бу орқали М.Раҳматовни Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашевга қарз беришга кўндирган ҳамда пулни ўзи етказиши кераклигига ишонтирган. Тадбиркордан ҳокимга қарз сифатида бериш учун 2023 йил 1 октябрдан 18 ноябрга қадар 56 млн сўм ва 23 минг АҚШ доллари, жами 338 млн сўм миқдоридаги пулни қўлга киритган.

Омонбоева суд мажлисида сўроқ қилинганида айбига иқрорлик билдирмасдан ҳокимнинг ўзи ундан пул сўраганини, у ўша куни кечқурун тадбиркорга қўнғироқ қилиб, пулни олганини билдирган.

Вақт ўтгач Меҳрож ака билан ўртамизда келишмовчилик пайдо бўлганлиги сабабли у қарз сифатида олиб кетган пулларимни қайтаришни сўради. Унга пулларнинг орасини очиб беришимни айтдим. Аммо Д.Эргашевдан бу ҳақида ҳеч қандай жавоб бўлмади.

185 млн сўм пулни Д.Эргашев учун қарз сифатида Меҳрож акадан олганман. Д.Эргашевдан 185 млн сўм нима мақсадда керак эканлигини сўрамаганман. Бундан ташқари, М.Раҳматов ходимларини электрик, механик, слесар ва бошқа шу каби соҳаларга ўқитиб беришим учун 80 млн сўм берган, аммо ўқитиш учун ходим юбормаган”, деган у.

Омонбоева терговда қўшимча гумон қилинувчи ҳамда айбланувчи сифатида ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида эса айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

Гўёки Навоий шаҳар ҳокими Д.Эргашевнинг номига “Шаҳар ҳокими” номи остида сохта аккаунт очиб, ёзишмаларни ҳам ўзим ёзиб, сўнг скриншот олган ҳолда М.Раҳматовга ташлаб бердим. Унга шаҳар ҳокими Д.Эргашев М.Раҳматовдан пул маблағларини қарз сифатида бериши, кейинчалик қайтариб бериши ҳақида сўзлари бўлиб, ушбу ишни М.Раҳматовни ишонтириш учун қилдим. Уларни М.Раҳматовга кўрсатиб, 23 минг АҚШ долларини синглиси З.Раҳматовадан олдим. Ушбу пулларни онам автоҳалокатга учраганлиги учун унинг соғлигини тиклашга сарфладим. Навоий шаҳар ҳокими Д.Эргашевнинг ушбу ҳолатлардан умуман хабари бўлмаган”, деган у кўрсатмасида.

Жабрланувчи Меҳрож Раҳматов суддаги кўрсатмасида шундай деган:

2023 йилнинг декабр ойи охирларида М.Омонбоева яна қарз сўради. Навоий шаҳридаги хусусий мактабгача таълим ташкилотимда газ масаласини баҳона қилиб, ҳақиқатан пул маблағлари шаҳар ҳокимига берилаётганлигини билиш мақсадида Навоий шаҳар ҳокими қабулига бордим. Унга дастлаб гўёки газ босими пасайганлигини, шуни кўтаришга амалий ёрдам беришини айтдим. Гап орасида шаҳар ҳокими Д.Эргашевга “Сўраган пулингизни кечга Мерейга бериб юбораман” дедим. Ҳоким қандай пул эканлигини сўради. Унга қарз сифатида 56 млн сўм ва 23 минг АҚШ долларини М.Омонбоева орқали берганлигимни маълум қилдим. Ҳоким ҳайрон бўлиб, М.Омонбоевадан ҳеч қандай пул сўрамаганлигини айтди”.

Меҳрож Раҳматов Омонбоева унга жами 136 млн сўм ва 23 минг АҚШ доллари миқдорида зарар етказганлигини айтиб, ушбу маблағни ундириб беришни сўраган.

Судда Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Ҳоким ўз кўрсатмасида Мерей Омонбоева ва Меҳрож Раҳматовдан ҳеч қандай пул маблағларини бирор-бир ишини ҳал қилиб бериш ёки қарз сифатида сўрамаганлигини, улардан пул олмаганлигини, унинг номидан сохта Telegram аккаунт очилганлигини маълум қилган.

Суд ҳукми билан Мерей Омонбоева Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Суд Мерей Омонбоева аёл киши экани, муқаддам судланмаганлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётганлиги, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлангани, етказилган зарар қопланганини ҳисоблаб, Жиноят кодексининг 70-моддасига (Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) асосан жазодан озод қилишни лозим топган.

Kun.uz Мерей Омонбоева апелляция шикояти киритган ёки киритмаганлигини аниқлаштириш мақсадида у билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ бунинг имкони бўлмади.

Маълумот учун, 27 ёшли Мерей Омонбоева 2020 йил Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. У 2024 йил 6 март куни Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар Навоий шаҳри “Зарафшон” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган.  

Мавзуга оид