Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага нисбатан суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, Мерей Омонбоева 2022 йилнинг июн ойидан 2023 йилнинг ноябр ойига қадар Навоий шаҳар Зарафшон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган. У хизмат мавқейидан фойдаланиб, Навоий шаҳридаги тадбиркорга ўзининг Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев билан яқин муносабатда эканлигини айтиб, гўёки ҳоким билан таништириб қўйишни ваъда қилган. Бу орқали эса тадбиркордан шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев номидан қарз эвазига пул сўраб олишни режалаштирган.
Омонбоева 2022 йил 28 октябрдан 2023 йил 5 сентябрга қадар “Sarmish 9999” ва “Bright industry buldings the future” МЧЖ раҳбари М.Раҳматовдан жами 80 млн сўм пул маблағини қарз сифатида олган. Ушбу қарзни қайтариб бермаслик ва тадбиркорнинг бошқа пул маблағларига эгалик қилиш мақсадида 2023 йилнинг октябр-ноябр ойлари давомида унга гўёки ўзини Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев билан яқин муносабатда эканлиги, унинг Хитойга хизмат сафари билан борган вақтида Навоий шаҳридаги айрим тадбиркорлардан 50 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олиб кетганлиги, ушбу қарздорлик тадбиркорлар томонидан талаб қилинаётганига ишонтирган. Сўнгра гўёки шаҳар ҳокими томонидан М.Раҳматовдан моддий ёрдам сўралганлиги ҳақида Telegram орқали ёзишмаларни сохталаштириб, тадбиркорга кўрсатган.
Мерей Омонбоева бу орқали М.Раҳматовни Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашевга қарз беришга кўндирган ҳамда пулни ўзи етказиши кераклигига ишонтирган. Тадбиркордан ҳокимга қарз сифатида бериш учун 2023 йил 1 октябрдан 18 ноябрга қадар 56 млн сўм ва 23 минг АҚШ доллари, жами 338 млн сўм миқдоридаги пулни қўлга киритган.
Омонбоева суд мажлисида сўроқ қилинганида айбига иқрорлик билдирмасдан ҳокимнинг ўзи ундан пул сўраганини, у ўша куни кечқурун тадбиркорга қўнғироқ қилиб, пулни олганини билдирган.
“Вақт ўтгач Меҳрож ака билан ўртамизда келишмовчилик пайдо бўлганлиги сабабли у қарз сифатида олиб кетган пулларимни қайтаришни сўради. Унга пулларнинг орасини очиб беришимни айтдим. Аммо Д.Эргашевдан бу ҳақида ҳеч қандай жавоб бўлмади.
185 млн сўм пулни Д.Эргашев учун қарз сифатида Меҳрож акадан олганман. Д.Эргашевдан 185 млн сўм нима мақсадда керак эканлигини сўрамаганман. Бундан ташқари, М.Раҳматов ходимларини электрик, механик, слесар ва бошқа шу каби соҳаларга ўқитиб беришим учун 80 млн сўм берган, аммо ўқитиш учун ходим юбормаган”, деган у.
Омонбоева терговда қўшимча гумон қилинувчи ҳамда айбланувчи сифатида ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида эса айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.









