Жамият | 16:16 / 08.04.2019
26098
14 дақиқада ўқилади

Ҳокимлик тадбиркорларни чув туширдими? – Хива буюм бозоридаги можаро

Ўзбекистон иқтисодиётида бозорларда фаолият юритувчи тадбиркорлардан ҳам муаммоси кўпи бўлмаса керак. Чунки сўнгги йилларда шаҳарлар марказидаги буюм ва деҳқон бозорлари бир неча марта кўчирилди, бузилди, қайтадан қурилди. Бу жараёнларнинг оғири деярли ҳар доим тадбиркорнинг елкасига тушган. Улар эндигина бозорга ўрнашиб, сарфлаган харажатини қоплаб, даромад ола бошлаганда дўкони кўчирилган, бузилган, қайта қурилган. Бозорда савдо қилиш энг беқарор фаолиятдан бири десак муболаға бўлмайди.

Бу мақолада Хива шаҳар буюм бозорида фаолият юритувчи тадбиркорлар дуч келган шунга ўхшаш муаммолар ҳақида сўз юритамиз.

2009 йилда Хива туманида «Буюм бозори» очиқ акциядорлик жамияти (ОАЖ) ташкил қилиниб, унга ҳокимлик томонидан ер майдони ажратиб берилади. 2013 йилда у «Хива универсал савдо комплекси» акциядорлик жамиятига (АЖ) айлантирилган. Унинг таркибида 331 акциядор ва акциядор ҳисобланмаган 500га яқин мулкдорлар мавжуд. Ҳозирги кунда 227 нафар тадбиркор савдо фаолияти билан шуғулланмоқда.

2017 йили Хива шаҳри буюм бозори ўрнида истироҳат боғи қурилиши муносабати билан «Хива универсал савдо комплекси» АЖ ер майдонлари давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиниши ҳақида қарор қабул қилинади. Шундан сўнг, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини танлаш (ажратиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссияси (2018 йил 29 январдаги 21-сонли баённомаси) ҳамда Хива шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссияси (2018 йил 2 майдаги баённомаси) янги буюм бозори учун Хива шаҳар Сангар маҳалласидан ер ўрни ажратиш таклифини маъқуллайди.

Хива шаҳар ҳокимлиги ушбу баённомаларга асосан 2018 йил 3 май куни (диққат!) «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖни ташкил қилиш ва унга ер майдони ажратиш тўғрисида 835-сонли қарорини чиқаради. У Хива шаҳрининг собиқ ҳокими Эркин Яқубов томонидан имзоланган.

«Хива универсал савдо комплекси» АЖ аъзолари фикрига кўра, Сангар маҳалласи ҳудудидан янги буюм бозори қурилиши учун ер майдони компенсация тариқасида айнан уларга ажратилиши лозим эди. Бунинг учун «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖни ташкил қилишга зарурат йўқ эди.

Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан 2018 йил 10 июль куни «Хива универсал савдо комплекси» АЖ тадбиркорларини Сангар маҳалласи ҳудудида янгидан ташкил қилинган «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ ҳудудига кўчириш ҳақидаги 115/1-сонли қарори чиқарилган. Унинг 1-бандида «Хива универсал савдо комплекси» АЖ фаолиятини «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖга ажратиб берилган ер майдонида вақтинчалик давом эттирсин деб белгилаб қўйилган.

Бир шаҳарда 2та ёки ундан ортиқ миқдорда бозор бўлиши мумкин эмасми? Албатта мумкин. Бироқ, бу ҳолатда ерлари давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ва мулки бузиб ташланган «Хива универсал савдо комплекси» АЖга бошқа жойдан ер майдони ажратилиши, компенсация тўланиши керак эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби» тўғрисидаги Низомнинг 26-бандида «Юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар, ер участкалари мулкдорларига зарарларни ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши кўрган зарарни қоплаш Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ амалга оширилади» деб қайд этилган.

2018 йил 31 май куни «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖни таъсис этиш тўғрисида йиғилиш бўлиб ўтиб, унда Ганжа Тажиевни раис қилиб сайлаш ва жамиятнинг устав фондини 10 миллион сўм миқдорида шакллантириш, устав фондининг 51 фоизини, яъни 5 миллион 100 минг сўм Хива шаҳар ҳокимлигининг улуши, 49 фоизини, яъни 4 миллион 900 минг сўм Ганжа Тажиевнинг улуши қилиб белгилаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қайд қилиш жоизки, Ганжа Тажиев бу пайтда «Хива универсал савдо комплекси» АЖ раиси ҳам эди. У бир-бирига рақобатдош бўлган икки ташкилот раҳбари лавозимида 1 августгача ишлаган ва шундан кейин «Хива универсал савдо комплекси» АЖ раислигидан кетган.

«Хива универсал савдо комплекси» АЖ аъзолари фикрига кўра, ҳозирги пайтда уларга қандайдир компенсация берилиши ҳақида гап-сўз ҳам бўлаётгани йўқ. Балки, «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖга тегишли бўлган янги буюм бозоридан 17-20 кв.м. майдонга эга бир дўкон 50-60 миллион сўм қийматда таклиф қилинмоқда. Бу эса дўконнинг бозор нархидан 2-3 баробар қимматроқдир.

Ҳозирги вақтда «Хива универсал савдо комплекси» АЖ аъзолари савдо фаолиятини тўхтатмаслик учун қурилиш ишлари кетаётган ҳудуд атрофида вагонлар, акфадан ясалган қўлбола будкаларда савдо қилишмоқда.

Юзага келган вазият бўйича Хива шаҳар ҳокими Собир Жуманиязовдан изоҳ олдик.

«2018 йили «Хива Универсал савдо комплекси» АЖ ерлари давлат эҳтиёжи учун қайтариб олинган, ҳозирча тадбиркорлар Сангар маҳалласида фаолиятини вақтинча давом эттиришмоқда.

Бироқ, бир нарсани таъкидлайман, дўкони бузилгани тўғрисида асослантирувчи ҳужжат, ҳокимнинг қарори, ижара шартномаси, умуман, барча тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлган тадбиркорлардан ҳеч ким дўконсиз қолмайди, уларнинг барчасини янги буюм бозорига жойлаштирамиз. Бу иш билан жиддий шуғулланяпмиз. Бундан ташқари, фаолиятини бозорда эмас, балки бошқа жойда давом эттирмоқчи бўлган тадбиркорларга «Обод маҳалла» дастурига тушган ҳудудлардан келишув асосида жой бермоқдамиз.

Ҳозир олдимизда «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖни «Хива универсал савдо комплекси» АЖга ҳуқуқий ворис қилиш масаласи кўндаланг турибди. Биз бу муаммони ҳал қилиб олиш учун ҳуқуқ идораларига мурожаат қилганмиз. Мана шу муаммонинг ечими топилгач, тадбиркорларни янги буюм бозори ҳудудига жойлаштириш масаласи ҳал бўлади.

Хива шаҳар ҳокимлиги «Хива универсал савдо комплекси» АЖга ер ажратмасдан, «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖни ташкил қилиб, ерни унга ажратиши тўғрисидаги қарори қанчалик тўғри?

Хива шаҳар ҳокимлиги «Хива универсал савдо комплекси» АЖга ер ажратмасдан, «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖни ташкил қилиб, ерни унга ажратиши тўғрисидаги қарорини биз адлия ва прокуратура билан муҳокама қиляпмиз, экспертизадан ўтказяпмиз. Агар Хива шаҳар ҳокимлигининг бу қарори ноқонуний бўлса, уни бекор қилиб, ерни «Хива универсал савдо комплекси» АЖга ажратиш ҳақидаги қарорни чиқарамиз. Экспертиза жараёнини тахминан 1 ой муддатда якунлаймиз.

«Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖга тегишли бўлган янги буюм бозоридан тадбиркорларга 17-20 кв.м. майдонга эга бир дўкон 50-60 миллион сўм қийматда таклиф қилинаётгани, бу эса дўконнинг бозор нархидан 2-3 баробар қимматроқ эканини қандай изоҳлайсиз?

Бозор ҳудудида «дўконимни ўзим қуриб оламан, бу менга арзон тушади» деган гап бўлмайди. Биринчидан, бозор ҳудудида хусусий мулк бўлмайди, мулк акциядорлик жамиятига ёки МЧЖга тегишли бўлади, тадбиркорлар ундан фақат ижара асосида фойдаланиши мумкин. Бозор ҳудудида дўконларни хусусий мулк қилиб бериш – қонунга зиддир. Иккинчидан, бозор фақат дўконлардан иборат бўлмайди. Унинг инфратузилмаси, асфальт қилинган йўли бўлади, савдо дўконларининг ораси томи ёпилади, электр энергия, сув тармоғига уланади, канализация ўтказилади. Тадбиркорлар фақат бир дўкон нархини ҳисоблаб кўраётгани тўғри эмас. Бозор инфратузилмасининг умумий қиймати смета ҳужжатларида кўрсатилади ва якунда дўконларнинг квадратурасига киритилади. Биз ҳозир смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказяпмиз. Бу жараён якунланганидан сўнг, дўконларнинг қиймати аниқ бўлади. Ҳозирги пайтда, смета қиймати иложи борича арзон қилиниши, тадбиркорлар учун ҳамёнбоп бўлиши устида ишлаяпмиз.

Хива шаҳрига ҳоким қилиб тайинланганимга 4 ой бўлди. Ўз олдимга долзарб бўлган вазифаларни, ҳал қилиш шарт бўлган муаммоларни белгилаб олганман. Улардан бири мана шу тадбиркорлар муаммоси. Кафолат бериб айтаманки, бирор тадбиркор кўчада қолмайди, уларнинг барчаси ўз фаолиятини янги буюм бозори ҳудудида давом эттиради», - деди Собир Жуманиязов.

Қайд этиш жоизки, янги буюм бозорининг қурилиш ишлари мавжуд қонун-қоидага зид равишда олиб борилаётгани ҳақида тегишли ташкилотларнинг хулосалари ва огоҳлантириш хатлари бор.

Хусусан, Хива шаҳар электр таъминоти корхонаси 2018 йил 13 август куни Сангар маҳалласида қурилаётган янги бозор ҳудудидан юқори кучланишли (6 кВт) электр таъминоти линиялари ўтгани ва қурилиш электр тармоғи хўжалиги объектлари муҳофаза зоналарида қурилиш ишлари олиб борилиши тақиқлангани, қурилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилишни тасдиқлаш тўғрисида»ги 93-сонли қарорига зид равишда олиб борилаётгани тўғрисида огоҳлантирган.

Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси буюртмачи 2018 йил 26 ноябрь куни «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ раҳбари Г.Тажиевга ва пудратчи «Хива обод йўл қурилиш» МЧЖ раҳбари Н.Болтаевга қурилишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган. Умумий қурилиш ишлари амалга оширилаётган ҳудудда 8та қонунбузарлик ҳолати, жумладан, лойиҳа смета ҳужжатларига ижобий хулоса йўқлиги, қурилиш ишларини бошлаш учун зарур бўлган турли лаборатория синовлари хулосаси мавжуд эмаслиги, қурилиш меъёрий ҳужжатлари талаблари бажарилмагани (совуқ ҳавода бетонлаш ва ғишт териш ишлари бажарилгани), техник назорат ишлари олиб борилмагани аниқланган.

Хусусан, Хоразм вилояти Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси Сангар маҳалласи ҳудудида қурилаётган буюм бозори лойиҳа ҳужжатлари Давлат экспертизасидан ўтказилмагани ва Давлат архитектура қурилиш назорати инспекциясининг рухсатномаси олинмаганини аниқлаб, қурилиш монтаж ишларини тўхтатиш ҳақида «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ раҳбари Г.Тажиевга 2019 йил 6 март куни огоҳлантириш хати берган.

Бундай огоҳлантириш хатлари мавжуд бўлишига қарамай, Сангар маҳалласи ҳудудида қурилиш ишлари давом этмоқда.

Бу муаммолар юзасидан «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ раҳбари Ганжа Тажиевдан ҳам изоҳ олдик.

«Хива шаҳридаги аввалги буюм бозори эски пахта тозалаш заводи ҳудудида, 6,7 гектар майдонда ҳудудда жойлашган эди. Аммо у давлат томонидан қабул қилинмаган эди.

Энди у ерда истироҳат боғи барпо қилиниши бўйича қарор чиққан. Шунинг учун ҳам Сангар маҳалласида янги буюм бозори қурилмоқда. У замонавий кўринишда, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай бўлади.

Бозордаги бир дўконнинг нархи 50-60 миллион сўм қийматда таклиф қилиняпти? Ҳали қурилиш смета ҳужжатлари тўлиқ экспертизадан ўтказилмади. Апрель ойида бу ишлар якунланади ва шундан сўнг дўконнинг қиймати аниқ бўлади. Ҳозирча бу ҳақда аниқ маълумот йўқ.

Қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги огоҳлантириш хатлари? Биз бу масаланинг ҳам ечимини излаяпмиз. Хусусан, электр энергияси линияларининг муҳофаза ҳудудида қурилиш ишларини тўхтатганмиз. Бозор ҳудудида майда қурилиш ишлари давом этмоқда. Ҳозир смета ҳужжатлари экспертизасини ўтказяпмиз. У якунланганидан сўнг, тегишли ташкилотларга тақдим қилиб, улардан қурилишни давом эттириш учун рухсат оламиз», - деди Ганжа Тажиев.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу можаролар бозор билан боғлиқ бўлган фаолиятнинг нақадар беқарорлиги ҳақида мақоламиз бошида айтилган фикрларни тасдиқламоқда. Барқарорлик бўлмаган соҳаларда тараққиётга, ўсишга эришиш мушкул, хусусан иқтисодиётда ҳам. 

Сўнгги пайтларда нега чет эллик инвесторлар ва тадбиркорларнинг Ўзбекистонга келиши суст, нега улар мамлакатимизда бизнес қилишни истамаяптилар деган саволлар ўртага ташланмоқда. Жавоб оддий: инвесторлар бирор мамлакатга боришдан олдин, ўша мамлакатдаги тадбиркорларнинг аҳволини ўрганиб чиқишади, шундан хулоса чиқаришади. 

Олдин ўзимизнинг тадбиркорларни ҳимоя қилайлик, уларнинг мулк ҳуқуқини ҳурмат қилайлик, уларнинг бизнеси учун барқарор шароит яратиб берайлик. Энди бири иккита бўлганида, ундан ҳам айрилишига сабабчи бўлмайлик. Шундагина хорижлик инвесторларни чақирмасак ҳам, ўзлари кириб келишади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид