Жаҳон | 16:39 / 09.12.2025
20473
3 дақиқада ўқилади

Иваново яқинида Ан-22 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради

Экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Бу дунёдаги энг йирик турбовинтли самолёт ҳисобланади.

9 декабр куни Ан-22 русумли ҳарбий-транспорт самолёти таъмирдан кейинги парвоз чоғида Иваново области ҳудудида қулаб тушди. Ишлаб чиқарилганига 60 йил бўлган ушбу самолёт узоқ вақт давомида дунёдаги энг йирик ҳарбий транспорт воситаларидан бири бўлиб турган.

«Самолёт кимсасиз ҳудудга қулаган. Қидирув-қутқарув гуруҳи экипаж тақдирини аниқлаш учун самолёт қулаган жойга учиб кетди», – дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

ТАСС манбаси аниқлик киритишича, самолёт бортида жами етти киши бўлган.

Ан-22 («Антей») – советларнинг оғир турбовинтли транспорт самолёти, дунёдаги энг катта турбовинтли самолёт ҳисобланади.

Ҳалокат Иваново шаҳри шимолида жойлашган Уводский сув омбори ҳудудида содир бўлган, самолёт парчалари сувдан топилган, деб хабар берди ТАСС суҳбатдоши. Манбанинг сўзларига кўра, Ан-22 таъмирдан сўнг режали парвозни амалга ошираётганди.

«Коммерсант» нашри ёзишича, Ан-22 «тўсатдан ҳавода бўлиниб кета бошлаган», фюзеляж парчалари эса Иванково қишлоғи яқинидаги сув омборига қулаган.

Нашрнинг Россия Мудофаа вазирлигидаги суҳбатдошлари самолётдан 50 йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланилгани, парвоз регламент бўйича навбатдаги таъмирлаш ишларидан сўнг амалга оширилганини айтган. Манбаларга кўра, у Россияда фойдаланишда бўлган сўнгги Ан-22 самолёти эди.

Бу қандай самолёт?

BBC ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов

2025 йилда Ан-22 самолётининг биринчи парвозига 60 йил тўлди.

Узоқ вақт давомида бу самолёт дунёдаги энг йирик ҳарбий транспорт воситаларидан бири бўлган. У ҳали ҳам энг катта турбовинтли самолёт бўлиб қолмоқда.

Бироқ, унинг асосий хусусиятлари – юк кўтариш қобилияти ва юк кабинасининг ҳажми – аввалига Ан-124 ва кейинчалик Ил-76МФ нинг катталаштирилган версияси пайдо бўлиши билан Ан-22 ўзига хос самолёт бўлмай қолди.

Ушбу самолётнинг яна бир хусусияти – яхши тайёрланмаган йўлаклардан учиш ва қўниш қобилияти бундай оғир машиналар учун ноёб бўлиб қолаверади. Бироқ, бу борада у Россиянинг асосий транспорт самолёти Ил-76 дан унчалик устун эмас.

Ан-22 Россия ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида 2024 йилгача қолди – бу ҳарбий-транспорт самолётларининг умумий танқислиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Россияда ўрта ва енгил классдаги транспорт самолётлари етишмайди ва улар оғирроқ машиналар билан алмаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам бу ҳарбий самолётларнинг хизмат муддати бир неча бор узайтирилган.

Шу билан бирга, ажойиб параметрларга қарамай, бу самолётлар энди юк ташишдан кўра кўпроқ музейларга мос келади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид