Жаҳон | 23:08 / 03.12.2025
15451
4 дақиқада ўқилади

Малайзия MH370 рейси йўқолганидан 10 йил ўтиб, уни қидирув ишларини яна давом эттиради

Самолётнинг ғойиб бўлиши авиация тарихидаги энг катта жумбоқлардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг бортида 239 киши бор эди.

Фото: AP

Куала-Лумпурдан Пекинга MH370 рейсини амалга оширган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing самолёти қолдиқларини қидириш ишлари 30 декабрда, бортида 239 киши бўлган самолёт ғойиб бўлганидан 10 йилдан кўпроқ вақт ўтиб қайта бошланади. Бу ҳақда Малайзия ҳукумати маълум қилди, деб хабар берди BBC.

Бу жорий йилнинг март ойида бошланган, аммо тез орада ёмон об-ҳаво шароити туфайли тўхтатилган қидирув ишларининг давомидир.

Режага кўра, қидирув операцияси 55 кун давом этади. Қидирув айнан қаерда ўтказилиши маълум қилинмаган.

«Сўнгги воқеалар Малайзиянинг ушбу фожиадан жабр кўрган оилаларни қўллаб-қувватлашга интилишини таъкидлайди», деб маълум қилди мамлакат транспорт вазирлиги.

MH370 рейсини амалга ошираётган Boeing 777 самолёти 2014 йил 8 мартда ғойиб бўлган. Лайнернинг сирли ғойиб бўлишидан сўнг авиация тарихидаги энг катта ва қиммат қидирув ишлари олиб борилди.

Қидирув ишларини Ocean Infinity компанияси олиб боради. Шартнома шартларига кўра, агар лайнер бўлаклари топилмаса, компания ҳеч қандай пул мукофоти олмайди. Агар унинг қолдиқлари топилса, Ocean Infinity 70 млн доллар олади, бу ҳақда аввалроқ транспорт вазири Локе Сю Фук маълум қилганди.

Лайнер йўқолганидан кейин 2014 йилда бошланган қидирув ишларида кўплаб давлатлар иштирок этди, 26 мамлакатдан 60 га яқин кема ва 50 та самолёт жалб қилинди. Минглаб океанографлар, авиаконструктор-муҳандислар ва ҳаваскор қидирувчилар парвоз қаерда тугаганини ҳисоблашга уриниб, парвоз ҳақидаги узуқ-юлуқ маълумотларни ўрганди.

2015 йил июл ойида Ҳинд океанидаги Реюнион ороли қирғоғида самолётга тегишли деб тахмин қилинаётган бир нечта катта бўлак топилди. Қидирув ишлари фақат 2017 йил январ ойида якунланди. 2018 йил январда бошланган Ocean Infinity компаниясининг такрорий қидирув ишлари ҳам 6 ойдан сўнг самарасиз якунланди.

MH370 рейсини амалга оширган самолёт 2014 йил 8 мартда ҳавога кўтарилганидан бир соат ўтиб ғойиб бўлган. Бортида 227 йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing 777-200 самолёти Ветнам ҳаво ҳудудини кесиб ўтиши керак эди ва қандайдир сабабга кўра йўналишни кескин ўзгартирди, шундан сўнг диспетчерлар билан алоқа узилди.

Радар маълумотлари лайнернинг дастлабки йўналишдан четга чиққанини кўрсатмоқда. 2018 йилги қидирувлардан сўнг, матбуотда курсдан четга чиқиш қасддан қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Экипаж қандайдир сабабга кўра самолётни Таиланд ва Малайзия авиадиспетчерлари масъул бўлган ҳудудлар чегарасига атайин йўналтирган бўлиши мумкин, бу ерда лайнер иккала давлат радарлари томонидан сезилмай қолиши мумкин эди.

Malaysia Airlines самолётининг йўқолиши энг сирли авиация ҳодисаларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу йиллар давомида қидирувларни давом эттиришга чақириқлар кўп марта янгради.

Лайнернинг ғойиб бўлиши, шунингдек, кўплаб фитна назарияларини, жумладан, учувчи самолёт ҳалокатини атайлаб уюштирган бўлиши мумкинлиги ёки лайнер жиноятчилар томонидан ҳавода эгаллаб олингани ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарди.

2018 йилда эълон қилинган 495 саҳифалик суриштирув ҳисоботида айтилишича, Boeing 777 бошқаруви йўналишдан оғиш мақсадида атайлаб ўзгартирилган бўлиши мумкин. Шунда терговчилар хулоса якуний эмаслигини, барча саволларга жавоб фақат самолёт бўлаклари топилгандан кейингина олиниши мумкинлигини айтишганди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид