Жаҳон | 11:01 / 14.03.2023
37813
3 дақиқада ўқилади

АҚШда ўзбекистонлик Сайфулло Сойипов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ўзбекистон фуқароси, Нью-Йорк шаҳрида теракт уюштирган Сайфулло Сойипов шартли равишда озод этиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У 2017 йилда юк машинасида 8 кишини босиб кетган ва ўнлаб одамларни жиддий жароҳатлаганди.

Фото: HANDOUT

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 2017 йил 31 октябр куни теракт амалга ошириб, 8 кишини ўлдирган ўзбекистонлик Сайфулло Сойипов 13 март куни АҚШ федерал суди томонидан умрбод озодликдан маҳрум қилинди. 

Прокуратура айбдор деб топилган Сойиповга ўлим жазоси талаб қилганди, аммо бундай ҳукм фақатгина жюри аъзоларининг якдил қарори билан қабул қилиниши мумкин, АҚШ федерал судида эса бундай қарорга келинмади.

Сайфулла Сойипов 1988 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган, 2005−2009 йилларда Тошкент молия институтида таълим олган. ОТМни тамомлаганидан сўнг пойтахтдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган. 

У Қўшма Штатларга 2010 йилда грин-карта орқали борган. 2017 йил 31 октябрида у кичик юк машинасини ижарага олади ва велосипедлар ҳаракатланадиган йўлакка бостириб киради. Унинг қурбонига айланган саккиз киши орасида Аргентинадан келган беш киши бўлган, яна 12 киши тан жароҳати олган. Сойиповни унинг қорнига ўқ узган полициячи тўхтатади.

Сойипов ИШИД номидан ҳаракатланганини тан олган ва ўзини ушбу гуруҳ «аскари» деб атаган. (У АҚШга кетгунига қадар жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушмаган).

У 2021 йил январ ойида бир неча қотиллик ва терроризмда айбланиб, суд қилинади. Прокуратура унга ўлим жазоси сўрайди.

Суд Жо Байден президентлиги давридаги прокурорлар ўлим жазоси талаб қилган илк федерал суд жараёни эди.

Байден ўлим жазосига қарши чиқади, 2021 йил июлида АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд федерал ишлар бўйича ўлим жазосига мораторий эълон қилади.

Прокурорлар ўлим жазоси талаб қилгани шуни англатадики, адлия вазирлиги ўлим жазоси қўлланишига рози бўлишини англатади – аммо фақат терроризм бўйича ишларда.

Ҳакамлар Сойиповни айбдор деб топишади, аммо Нью-Йоркдаги қонунларга кўра у ўлимга ҳукм этилиши учун жюрининг барча 12 аъзоси бунга қўшилиши талаб этиларди – бунга эса эришилмади. Нью-Йорк штатида олий жазо 1953 йилдан бери қўлланмаган.

Сайфулло Сойипов умрининг қолган қисмини Колорадо штатидаги максимал даражада қатъий режимдаги ADX Florence федерал қамоқхонасида ўтказади. 2013 йил апрелида Бостон марафонида портлашлар уюштиришда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган Жоҳар Царнаев ҳам шу қамоқхонада сақланмоқда. 

Мавзуга оид