Иқтисодиёт | 15:44 / 19.08.2025
4633
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 2025 йил ҳисобидан иккинчи марта иссиқ сув ва иссиқлик тарифлари ошади

10 сентябрдан бошлаб Тошкент вилоятида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари аҳоли учун 10 фоизга, улгуржи истеъмолчилар учун жойлашувига қараб 8 фоиздан 95 фоизгача кўтарилади. Нархлар бундан олдин жорий йил 1 февралидан эътиборан ошганди.

Фото: Kun.uz

Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши 18 август кунги қарори билан иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти бўйича янги тарифларини тасдиқлади.

Унга кўра, 2025 йил 10 сентябрдан бошлаб, аҳоли учун тарифлар 10 фоизга кўтарилади.

Улгуржи истеъмолчилар учун эса нархлар Ангрен шаҳрида 18 фоизга, Олмалиқ шаҳрида 8 фоизга, Чирчиқ шаҳрида 23 фоизга кўтарилади. Вилоят “Иссиқлик таъминоти”нинг улгуржи абонентлари учун эса тарифлар 95 фоизга ошади.

2025 йил 10 сентябрдан кучга кирадиган тарифлар:

Тошкент вилоятида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари охирги марта 2025 йил 1 февралдан бошлаб оширилган эди. Ўшанда аксарият таъминотчиларда аҳоли учун тарифлар 15 фоизга, фақат Олмалиқ шаҳрида 9 фоизга кўтарилганди.

Улгуржи истеъмолчилар тарифи эса Олмалиқ шаҳрида нарх деярли ўзгармай (0,2 фоизга ошган) қолган, вилоятнинг бошқа жойларида 26 фоиздан 317 фоизгача ошганди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик тарифларини 2025 йил 1 октябрдан аҳоли учун 15 фоизга ошириш режалаштирилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид