Жамият | 18:53
10141
4 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Бекободда 11-синф ўқувчиси ўлдирилди: гумонланувчилар қўшни мактаб ўқувчилари

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида 11-синф ўқувчиси бир неча ўсмирлар томонидан калтакланиб, пичоқланган. Марҳумнинг онаси жанжал дарс вақтида, мактаб ташқарисида содир бўлганини айтса, мактаб директори бунинг аксини айтмоқда. Вилоят прокуратураси ҳолатни жамоатчиликдан яширмоқда. Kun.uz мухбири Бекободда бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 12-мактабнинг 11-синф ўқувчиси бир неча ўсмирлар томонидан калтакланиб, пичоқланган. Воқеа 5 март куни содир бўлган. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида Бекободда бўлди.

Марҳумнинг онаси:

Ўша куни эрталаб турдик, саҳарлик қилдик бир чиройли дастурхон ёзиб. Оғзини ёпиб намозини ўқиб кириб ётди. Кеч турди, ўша куни мен ҳам кеч турдим. Соат 9:30 да қизимни ва ўғлимни мактабга олиб бориб қўйдим, кеч олиб бордим. Кичкинамни боғчасига ташлаб, ишимга бордим. Бозорда тадбиркорман. Дўконимга кириб ўтирган жойимда “касалхонага тез етиб келинг”, дейишди. Касалхонага борсам, ИИБ ходимлари, шифокорлар менга рўйхат беришди. Югуриб чиқиб бир пакет дориларни етказиб келиб бердим”.

Марҳум ўқувчининг яқинларига кўра, болалар ўзаро низолашгандан кейин бошқа мактаб ўқувчилари 5 киши бўлиб келишган. Уларнинг 3 нафари шаҳардаги 3-мактабнинг, 2 нафари эса техникум ўқувчилари бўлган. Гувоҳларга кўра, вояга етмаган ўсмирлар Nexia автомобилида келишган.

Улар чақиргандан кейин Жаъфарбек чиққан, орқасидан Абдуллоҳ деган ўртоғи ҳам бирга чиққан. У йиғлаб айтиб беряпти, “мен шунча ҳаракат қилдим, лекин илож қилолмадим. Уларга кучим етмади”, деб. Уларнинг қўлида катта пичоқ бўлган. Тош ёки ғишт билан урган, бошида жуда катта тикилган жой бор. Болам 5 кишига ҳам бас келадиган йигит эди. Бошига қаттиқ нарса билан урган, ўзини йўқотгандан кейин ҳаммаси ташланган. Қулоқларининг олди ҳам кўкариб ётганди. Кейин пичоқ билан юрак соҳасига урган. Болам ҳушдан кетган. Машинадаям туртгани камерадаям олинган, болам йиқилган, ҳушсиз ётган”.

Шундан кейин Жаъфарбекни йўловчи машина касалхонага олиб борган ва шифохонада унинг жони узилган.

Марҳумнинг бувиси Гавҳар Йўлдошева:

18 баҳорни кўрмасдан кетди. Шу эшикда туғилди, шу эшикдан чақалоқлигида ўзим олиб кириб келганман, шу эшикдан чиқиб кетди. Бу мамлакатда, бу Бекободда ҳақиқат йўқ гўдагим учун. Мендан ҳол-аҳвол сўраш ўрнига ҳаммаси прокуратурада, болаларининг олдидан чиқишмаяпти. Майли, биздан қўрқишар экан, бирорта одамнинг ёнига олиб келиб узр сўрашмади бирортаси. Улар мусулмон боласи эмас. Болам жуда марҳаматли, меҳнаткаш эди, ҳамма билади. Нега бунақа аҳволга солишди билмайман?! Куйиб-ёняпман, ичим тўляпти.

Ҳозир энди биттасининг бўйнига қўйиб (айбни), қолганларини чиқаради булар. Мен ишонмайман булар жазо олишига”.

Ҳодиса мактаб яқинида содир бўлган, марҳум ўқиган 12-мактаб раҳбарига кўра фожиа дарсдан кейин юз берган. Аммо марҳумнинг онаси унга бу ҳақида тушгача хабар беришганини маълум қилди.

Азамат Ўринбоев 12-мактаб директори:

Қайси пайтда бўлганлиги... Дарс тугагандан кейин бўлган. Икки-уч марта гаплашганман, келажакдаги қизиқишлари, қайси касбни эгалламоқчи бўлганлиги ҳақида. Масъулиятли бола эди, тушунадиган, ҳаммани ҳимоя қилишни хоҳлайдиган бола эди”.

Таҳририятга бу ҳолат ҳақида мурожаат келиб тушгач Тошкент вилоят прокуратураси ахборот хизмати билан боғландик, аммо қайта-қайта мурожаатларимиз жавобсиз қолгани боис маълумот олишнинг имкони бўлмади. Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб ва ёритиб боради.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид