Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 8 ёшли бола дайди итлар ҳужумига учрагани ҳақида хабар тарқалди. Ижтимоий тармоқлардаги бу хабарларни вилоят ҳокимлиги ўрганмоқда.
Kun.uz'га алоқага чиққан ангренликлардан бирига кўра, бола онаси билан Ангрен шаҳрининг Истиқлол маҳалласида ижарада яшаб келган. У мактабдан уйига қайтиб келаётган пайтда, итлар уни талаб ташлагани айтиляпти.
Қўшниларнинг айтишича, мактабдан қайтиши кечикаётган ўғлидан хавотир олган она болани излаб чиққан ва уни оғир жароҳатлар билан топган. Аёлнинг ўзи ҳам бу ҳолатдан кейин аҳволи ёмонлашиб қолган.
Ҳокимлик изоҳи

Тошкент вилояти ҳокимлигининг 7 март кунги ахборотига кўра, ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан тезкор чора-тадбирлар ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Айни пайтда шаҳар ва вилоят ҳудудида дайди ҳайвонларни назорат қилиш, уларни тутиш ҳамда белгиланган махсус жойларда сақлаш ишлари кучайтирилди.
Чора-тадбирлар натижасида ўқувчи болани талаган ит ҳам Ангрен шаҳар ободонлаштириш бўлими дайди ҳайвонларни тутиш гуруҳи томонидан тутилди ва акт тузилиб, махсус сақлаш жойига олиб борилди”, – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, куни кеча вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирокидаги шошилинч муҳокамада мутасадди ташкилотлар – ободонлаштириш хизмати, ветеринария бўлими, санитария-епидемиологик осойишталик хизмати ҳамда бошқа масъул идораларга тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.
“Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, дайди ҳайвонларни тутиш ва зарарсизлантириш, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур масала алоҳида назоратга олинган бўлиб, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш борасида барча зарур чоралар кўрилади”, – дея маълум қилди Тошкент вилояти ҳокимлиги.
“Жуда кўп мурожаат қилганмиз”
















