2021 йил 14 сентябр. Тошкент вилояти Пискент туманида хизмат ўтаётган ЙПХ инспектори Дилмурод Ўрмонов катта тезликдаги автомобилга тўхташ ишорасини кўрсатиб унинг йўлига чиқади. Аммо маст ҳайдовчи бор тезлигида ходимни уриб кетади ва 29 ёшли инспектор вафот этади. Ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси ва 117-моддаси билан судланади. Тошкентдаги фожиада вафот этган инспекторга кўрсатилган эътибор марҳум Дилмурод Ўрмоновнинг яқинларида ҳам умид учқунларини ёққан бўлса ажаб эмас.

25 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида вояга етмаган шахс бошқарувидаги автомашина йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборди ва инспектор олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этди. Марҳумга катта эътибор қаратилди. У “Жасорат” медали билан тақдирланди, оиласига 3 хонали уй берилди. Жаноза маросимлари ҳам давлат даражасидаги эътибор билан ўтказилди. Бироқ бундан бир неча йил аввал – 2021 йилда Тошкент вилоятида ҳам деярли шунга ўхшаш фожиа содир бўлган эди.

Шоҳруҳ Абдурасулов 2021 йил 11 сентябр куни ўзига тегишли давлат рақами белгиси 10Z 701UA бўлган “Lacetti” русумли автомашинасини Тошкент вилояти Пискент тумани, “Тараққиёт” МФЙ ҳудудидан ўтган “4К792 Пискент-Бўстон” автомобиль йўлида маст ҳолда бошқариб келиб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, автомобиль йўлининг 10-километрида йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, уни тўхтатмоқчи бўлган Тошкент вилояти ИИББ иккинчи минтақавий ҳудуд Пискент тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси инспектори сержант Дилмурод Ўрмановни уриб юборган ва ўлимига сабабчи бўлган.

Марҳум вафот этганда унинг турмуш ўртоғи 6 ойлик ҳомиладор эди. Отасининг вафотидан 3 ой ўтиб қиз фарзанд туғилди. Жажжи Ойшахон хозир 4 ёшда. Kun.uz унинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Ҳеч банданинг бошига бу кунни солмасин”

Марҳумнинг онаси Манзура Ўрмонова: “Кечқурун шумхабар келди, ҳамма ёқ ларзага келди. Ҳеч банданинг бошига бу кунни солмасин. Душманимгаям раво кўрмайман. Ўғлимнинг дўстлари шифохонага олиб борган. Шунчалик ҳам ноҳақлик бўладими?

Битта акаси – Турсунбой дегани прокуратурада, Аюбхон деган акаси ички ишларда ишлар экан. Лекин ҳеч қанақа на моддий, на маънавий ёрдам… Майли, керак эмасди. Айбни боламга ағдаришди, адвокатларнинг кўзи қаерни кўрди? Ахир иш юзасидан бўлди-ку! Майли, менинг болам машина йўлига чиқди дейлик. Кеча кунги воқеалар-чи? Ундан олдинги воқеалар-чи?