Ўзбекистон | 19:48 / 07.04.2026
3674
5 дақиқада ўқилади

Газ қуйиш шохобчасида портлаш ва хусусийлаштириладиган “UzAuto Motors” – маҳаллий дайжест

“UzAuto Motors”, “Навоийазот” ва иссиқлик электр станциялари хусусийлаштиришга тайёрланмоқда. Денов туманида газ қуйиш шохобчасида портлаш ва ёнғин содир бўлди. Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Исомиддин Исманов қўлга олинган тезкор тадбир видеоси эълон қилинди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳарбий хизматчилар учун янги имтиёзлар жорий қилинади

Қуролли Кучлар олий бош қўмондони, президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда қайд қилинишича, ҳарбий хизматчилар учун ҳарбий хизмат даврида олийгоҳларга ўқишга кириб, масофавий таълим олиш имконияти яратилади. Аскарлар учун “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида 3-6 ойлик ўқув курслари ташкил этилади. Давлат ташкилотларига ишга кириш истагини билдирган ҳарбий хизматчиларга имтиёз берилади. Ҳарбий хизматчилар ўртасида “Маънавият қалқони” республика китобхонлик танлови ўтказилади.

UzAuto Motors”, “Навоийазот” ва иссиқлик электр станциялари хусусийлаштиришга тайёрланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.

Ҳудудларда давлат мулкидан оқилона фойдаланиш, бўш турган майдонларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш бўйича мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан давлат кўчмас мулки объектларини босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказиш, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартириш таклиф этилди. Шунингдек, йирик активлар, жумладан, “UzAuto Motors” ва унинг таркибидаги корхоналар, “Навоийазот”, иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари ҳақида ахборот берилди.

Сурхондарёдаги газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди

Сурхондарё вилояти, Денов туманида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш ва ёнғин содир бўлди.

7 апрель куни соат 8:24 да «112» тизими орқали Оқтом маҳалласидаги газ қуйиш шохобчасида «КАМАЗ» русумли пропан газ ташувчи махсус автомобилдан сиғимга газ қуйиш вақтида чақнаш юз бергани ҳақида хабар келиб тушган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага технологик жараённинг бузилиши сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳозир мутасадди идоралар томонидан воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Ҳодиса оқибатида 2 нафар фуқаро, шундан бир нафари 10 фоиз, яна бир нафари 3-4 фоиз енгил куйиш тан жароҳати олган. Уларнинг соғлиғига хавф йўқ, ҳозирда аҳволи яхши. Ҳалок бўлганлар йўқ.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Исомиддин Исманов қўлга олинган тезкор тадбир видеоси эълон қилинди

Маълум бўлишича, Исомиддин Исманов 50 минг долларни ўз яшаш хонадонида санаб олган. У пулни олгач, “бу қарз деб аталишини” билдирган.

Исомиддин Исманов Бобур шаҳарчаси ҳудудида давлат захирасида бўлган 20 сотих ерни ҳужжатлаштириб олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган. У 4 апрель куни пулни ўз уйида олаётганида ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган эди.

Ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. У процессуал тартибда ушланган.

P2P-операциялар мониторинг қилинади

Президентга cолиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди. Муҳим янгиликлардан бири рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиб, “ақлли” назорат тизимини жорий этиш орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш зарур.

Бу савдо ва хизматлар, саноат, қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда бошқа соҳаларда P2P-операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш, рақамли назоратни кучайтириш, юкларни ҳужжатсиз ташиш фаолиятини автоматик аниқлаш ва норасмий бандликни расмийлаштириш каби механизмлардан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид