Ўзбекистон | 08:13 / 01.12.2020
15466
2 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири электр энергиясини етказиб беришдаги узилишларга изоҳ берди

Ўзбекистонда сўнгги 30 йил ичида нефть-газ ва электр энергетикаси соҳаларига ҳеч нарса киритилмаган. Бу ҳақда энергетика вазири Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Kun.uz / архив

Энергетика вазирига нима учун совуқ тушиши билан электр энергиясини етказиб беришда узилишлар бошлангани ва нега сўнгги тўрт йил ичида тизимни тартибга солишнинг иложи бўлмагани ҳақида савол берилди. Алишер Султонов бу одатий амалиёт эканини билдирди ҳамда «бундай ҳолатларда ваҳимага тушмаслик керак», деб қўшимча қилиб ўтди

Қайд этилишича, буларнинг барчасини ўз вақтида олдини олиш ва тизимни қандай қуриш, нормаллаштириш кераклигини тушуниб етиш муҳим. 

«Мен фавқулодда вазиятлар юз бергани яхши, деб айтмаяпман. Табиийки, биз бу билан шуғулланамиз, нима учун бундай бўлганини, ким айбдор эканини аниқлаймиз. Кимдир айбдорлиги аниқ. Мўъжизалар бўлмайди», - деди у.

Вазир «барча режимлар мослаштирилгани, бутун тизим барқарорлаштирилгани»ни таъкидлади.

«Буни тўрт йил ичида амалга ошириш мумкин эдими? Менимча, йўқ. Битта станциянинг қурилиши уч йил давом этади. Нафақат нефть-газ саноатига, балки электр энергетикасига ҳам сўнгги 30 йил ичида ҳеч нима киритилмади», - деди энергетика вазири. 

Вазирнинг таъкидлашича, тизим эскирганига қарамай, қувватлар ишламоқда, реконструкция, модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда, энергетика соҳасидаги стратегия эса ишлаб чиқариш қувватларига хусусий капитални жалб қилишга қаратилган. 

Мавзуга оид