Ўзбекистон | 17:13
8449
2 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов лавозимидан олинди

Ўзбекистон президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили Алишер Султонов лавозимидан озод этилди. У 2023 йилдан буён президентнинг энергетика бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келган, 2025 йил июлида маслаҳатчи лавозимидан вакил лавозимига туширилганди.

Фото: Kun.uz

Алишер Саидаббосович Султонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Алишер Султонов 2023 йилда (аниқ санаси номаълум) Ўзбекистон президентининг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган, лекин бу тайинлов ҳақида расман хабар берилмаган эди.

У 2025 йил июл ойида президент маслаҳатчиси лавозимидан озод этилиб, давлат раҳбарининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили лавозимига туширилган эди.

Маълумот учун, 58 ёшли Султонов фаолияти давомида энергетика соҳасида муҳим лавозимларда ишлаган.

2013−2015 йилларда “Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосари, 2015-2018 йилларда “Ўзбекнефтгаз” раиси бўлган. 2017 йилда бош вазир ўринбосари — геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланган.

2019 йил бошида Энергетика вазирлиги ташкил этилганида, Алишер Султонов вазирликнинг илк раҳбари этиб тайинланган эди. У вазир лавозимида 3 йил ишлагач, 2022 йил апрелида “саломатлиги туфайли” лавозимидан озод этилган, кейинроқ президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаётгани ойдинлашган эди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид