«Уни беталафот ўтказиш зарур» — президент мутасаддиларга қиш мавсуми яқинлашаётганини эслатди
Совуқ кунларда энергия тизими барқарор ишлашини таъминлаш учун соҳа раҳбарларга фавқулодда иш режимига ўтиш бўйича топшириқ берилди.
Бухоро шаҳрида 11 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда жаҳонда энергия ресурсларини тежаш масаласининг долзарблиги тобора ортиб бораётганига эътибор қаратилди.
«Шу боис юртимизда «яшил энергетика»ни ривожлантириш ва иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш бўйича катта марралар олинган.
Энергия таъминотидаги дефицитни тўлиқ қоплаш мақсадида апрел ойида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрганишлар ўтказилди. Шу асосда 4,5 миллиард куб метр газ ва 7,5 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда кўп ҳудуд ва тармоқларда ҳали айтарли натижа бўлмагани, раҳбарлари эса «сўров бўлмаяпти» деб, бу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани таъкидланди.
Хусусан, Тошкент вилояти режага нисбатан 40 миллион куб метр, Тошкент шаҳри 19 миллион, Самарқанд 13 миллион, Хоразм 3,5 миллион куб метр газни кўп истеъмол қилган.
Электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармаган.
Энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Йил бошидан қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш бўйича катта дастур бошланган. Ўтган даврда 430 мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилди. Шунинг ўзи йилига 1,2 миллиард киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Бу ижтимоий соҳа объектлари йиллик истеъмолининг 60 фоизига тенг.
Бугунги кунда ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида 250 мегаватт қуёш панеллари ўрнатилди. Бу борада Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғонада ишлар тўғри ташкил қилиниб, ижтимоий соҳа объектларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича йиллик режа бажарилди.
Шу билан бирга, ижтимоий объектлар ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш Ўрта Чирчиқда атиги 5 фоизни, Бўка туманида 10 фоиз, Бўзатов ва Пискентда 15 фоиз, Нурота ва Янгиҳаёт туманларида 20 фоизни ташкил қилди.
2023 йил учун режа қилинган тармоқ ва трансформаторларни таъмирлаш ишларини 1 августга қадар якунлаш бўйича топшириқ берилган эди. Лекин ҳудудлардаги 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишлари ҳалигача якунланмаган.
Йиғилишда энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизом ҳалигача тўлиқ таъминланмагани танқид қилинди.
Ўтган етти ойда ҳудудларда 160 миллион киловатт соат электр ва 290 миллион куб метр газ ноқонуний ишлатилиб, тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган. Бу борада Бош прокуратура ва Энергия инспекцияси тизимига катта ваколат ва ресурслар берилгани, лекин улар йўқотишларнинг олдини олиш билан эмас, балки оқибати билан курашаётгани кўрсатиб ўтилди.
Туман ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар ва департамент раҳбарлари қайси туманда энергияни ўғрилаш давом этса, нореал қарздорлик ошиб кетса, электр ва газ раҳбарларига қўшилиб жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.
«Яна бир бор таъкидлайман. Бир-икки ойдан сўнг куз-қиш мавсуми бошланади. Уни беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини кафолатли етказиб бериш бўйича ишларни ҳозирданоқ бошлаш зарур», - деди давлат раҳбари.
Энергетика комплекси раҳбарлари ва ҳокимларга тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан қатор топшириқлар берилди.
Иккинчи ярим йилликда 30 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш ва 41 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш, уларни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш; ер ости газ омборларида газ захирасини камида 3,5 миллиард куб метрга етказиш топширилди.
1 октябргача 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш вазифаси қўйилди
Аҳолининг талабини тўлиқ қоплаш учун ҳудудларга қўшимча 35 минг дона газбаллонларини етказиб бериш, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 335 минг тонна суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш топширилди.
Йил якунига қадар 400 минг тонна бензин ишлаб чиқариш ва 120 минг тонна импорт қилиш зарурлиги таъкидланди.
Масъул раҳбарлар куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун бугундан бошлаб фавқулодда режимга ўтади.
Энергетика комплекси раҳбарияти вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда йил якунига қадар 3,7 миллиард киловатт соат электр ва 2,4 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш чораларини кўради.
Ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида, тадбиркорлик объектларида яна 250 мегаватт қуёш панелларини ўрнатиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.
Мавзуга оид
13:18 / 13.08.2024
Солиқ қўмитаси йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилади
18:00 / 12.08.2024
Қувватидан тўлиқ фойдаланилмаётган ўқув бинолари ёшларни ўқитиш шарти билан тадбиркорларга ижарага берилади
17:13 / 12.08.2024
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди
16:34 / 12.08.2024