Ўзбекистон | 15:25 / 19.11.2024
5677
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати парламент олдидаги ваколатларини топширди

Бош вазир имзолаган қарор билан, Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдидаги ваколатларини зиммасидан соқит қилди. Ҳукумат фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун янги таркибдаги ҳукумат шакллантирилгунига қадар амалдаги ҳукумат ишлашда давом этади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 27 октябр куни ўтказилган парламент сайловларига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари янги таркибда шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши белгиланган.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 19 ноябр куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан амалдаги Ҳукумат янги сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилди.

Бош вазир матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан, амалдаги Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат фаолиятида узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш мақсадида янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилгунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Мавзуга оид