Ўзбекистон | 23:11 / 29.12.2020
9144
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар тиббий кўрикдан ўтказила бошланди

Саида Мирзиёева муаллифлигидаги «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида мактаб-интернатларда ўқиётган 3 мингдан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг кўриш қобилиятини имкон қадар тиклашга ҳаракат қилинади.

Ўзбекистонда «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида мактаб-интернатларнинг барча – 3 мингдан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларини тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш акцияси бошланди.

Бу ҳақда лойиҳа муаллифи, Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева 29 декабрь куни маълум қилди.

«Бугундан бошлаб «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасидаги акциямиз амалда иш бошлади. Ушбу жараён билан танишиш мақсадида биз Нукусга келдик.

Биз Республика офтальмология шифохонасига бордик. Бу ерда тиббий кўрик учун кўчма лаборатория қандай ишлаётгани, операцион ва бошқа хоналарнинг жиҳозлангани, телемедицина имкониятлари билан танишдик.

Бугуннинг ўзида 14 нафар бола кўрикдан ўтказилиб, улардан 6 нафарининг кўз нурини яхшилаш мумкинлиги аниқланди. Бир нафар бола операция қилинди ва кўриш қобилияти 20 фоизга тикланди.

Иншааллоҳ, ушбу лойиҳа доирасида 3 минг нафардан ортиқ бола орасидан тузалиш имкони бўлган ҳар бир болага жиддий қараймиз ва уларнинг тузалиши учун бор имкониятни ишга соламиз», – деб ёзди Мирзиёева Telegram-каналида.

Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева ушбу акция ҳақида видеомурожаат орқали эълон қилган эди. Акция Қорақалпоғистондан бошланиб, 3-4 ой давомида барча ҳудудлардаги ихтисослашган мактаб-интернатлари қамраб олинади.

Маълумот учун, «Кўнгил кўзи» хайрия акцияси 2019 йилнинг март ойида фаолият бошлаган. Лойиҳадан мақсад – кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таълими ва ривожланиши учун шароитлар яратиш; уларнинг жамиятга мослашишида кўмаклашиш.

Лойиҳа доирасида брайл шрифтида дарслик нашр этиш йўлга қўйилди; кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар эҳтиёжларига ихтисослаштирилган компютер маркази очилди; мактаб-интернатларнинг техник базаси ривожлантирилиб, қўйилган мақсадга эришиш учун бир нечта лойиҳалар амалга оширилди.

Мавзуга оид