Ўзбекистон | 15:54 / 28.06.2021
27924
2 дақиқада ўқилади

Тошкентга киришдаги чекловлар ҳозирча амал қилмаяпти

Махсус комиссия қарори билан чеклов қўйилган бўлса-да, Тошкент шаҳрига барча турдаги автотранспорт воситалари эркин кириб-чиқишда давом этмоқда. Карантинни кучайтириш бўйича масъулларнинг хатти-ҳаракатларида пала-партишлик кузатиляпти.

Республика махсус комиссияси 28 июндан 12 июлгача Тошкент шаҳрига автотранспортда киришни чеклаш ҳақида қарор қабул қилган эди. Чеклов 28 июн, душанбадан амал қила бошлаши белгиланганди.

Бироқ амалда бундай бўлмаяпти. Халқ тилида “Ипподром” дея аталувчи савдо комплекслари яқинидаги “Эркин” ЙПХ постида бўлган Kun.uz мухбири пост орқали барча турдаги автотранспортлар эркин ҳаракатланиб ўтаётганининг гувоҳи бўлди.

Шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойберганов Kun.uz мухбири билан суҳбатда постлардаги ходимлар ҳозирча “тушунтириш ишлари олиб бориш” билан кифояланаётганини айтди.

“Тошкент шаҳрига алоқаси йўқ транспорт воситалари ҳайдовчиларига бемақсад юрмаслик тушунтириляпти. Ҳозирги кунда пойтахтга киришдаги барча ЙПХ масканлари тўлиқ назоратга олинган. Бу масканларда хизмат олиб бораётган ППХ ва ЙПХ ходимлари мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқдамиз.

Қўшимча янгилик бўлган тақдирда, оммавий ахборот воситаларига зудлик билан маълумот берилади. Биз айни дамда фақат тушунтириш ишлари олиб бормоқдамиз”, – деди пойтахт ЙҲХБ матбуот котиби.

Ўзбекистонда коронавируснинг ҳиндча штамми аниқланиб, касалланиш ҳолатлари ортганидан кейин, карантинни кучайтириш бўйича масъулларнинг хатти-ҳаракатларида пала-партишлик кузатилмоқда.

Аввалига Қашқадарё вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи А.Соатов 28 июн соат 00:00 дан бошлаб вилоят ҳудудидан енгил машиналарни чиқармасликни буюрган аудио тарқалди. Кўп ўтмай вилоят ИИБ матбуот хизмати буни рад этиб, Махсус комиссия қарорига амал қилинишини билдирди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ходими Тошкентга киришдаги чекловлар бекор қилиниши ҳақида ОАВга маълумот берди, бироздан сўнг вазирлик буни расман рад қилиб, Махсус комиссия қарори амалда эканини таъкидлади.

28 июндан расман кучга кирган, аммо ҳозирча тўла амал қилмаётган карантин қоидалари ҳақида ушбу ҳаволада маълумот олиш мумкин.

Мавзуга оид