Ўзбекистон | 14:34 / 08.06.2023
8221
2 дақиқада ўқилади

Боғчада болалар оёғига игна тиқилгани ҳолати бўйича икки кишига жарима жазоси тайинланди

Боғча тарбиячиси ва амалиёт ўташ учун келган коллеж талабаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “енгил тан жароҳати етказиш” моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМ 4 баравари миқдорида жарима тайинланди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги болалар боғчасида тарбияланувчилар оёғига игна тиқилгани ҳолати юзасидан суд ҳукми чиқарилди.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг cайёр мажлисида С.Э. (1989 йилда Тошкент вилоятида туғилган, тарбиячи) ва М.Р. (2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, коллеж талабаси)га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 

Суднинг 2023 йил 8 июндаги қарори билан кўра икки нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМ 4 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Суд томонидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси бошлиғига содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан меҳнат муносабатларидан келиб чиқиб, расмий муносабат билдириш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 313-моддаси тартибида тақдимнома ҳам чиқарилган. 

Янгиҳаёт туманидаги 122-ДМТТ мутасаддиларига рўйхатдан ўтмасдан туриб, тарбияланувчиларни қабул қилинганлик ҳолати ва улар учун тўловлар амалга оширилганлигини текшириб, қонуний баҳо бериш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддаси тартибида Янгиҳаёт туман прокурорига хабарнома юборилган.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда Янгиҳаёт тумани 122-боғчада болаларни ухламагани учун оёқларига игна тиқишаётгани айтилган видео-хабар тарқалганди.

Боғчадаги гуруҳлардан биридаги тарбияланувчилар ухламаганлиги сабабли 2-3 нафарига игна тиқиб олинганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид