Ўзбекистон | 09:51 / 12.04.2024
5533
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимлари муомаласи тақиқланиши мумкин

Таҳлилларга кўра, электрон сигареталарни чекувчи ўсмирлар ва ёшлар салмоғи катта ёшдагиларга нисбатан уч баробар кўп.

Фото: Freepik

“Айрим қонун ҳужжатларига тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари, электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимларини, шу жумладан айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг муомаласини тақиқлаш ва жавобгарлик белгилаш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Таҳлилларга кўра, электрон сигареталарни чекувчи ўсмирлар ва ёшлар салмоғи катта ёшдагиларга нисбатан уч баробар кўп.

Ҳужжатда айтилишича, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари орасида электрон сигареталарга қизиқиш тез суръатларда ортмоқда, хусусан, 26,6 минг ўғил болалар ва 8,6 минг қиз болалар чекишга мойил;

Мактаб ва жамоат жойларида ўтказилган рейдларда ўқувчилардан олинган электрон сигареталар сони йилдан-йилга тобора ошиб бормоқда. 2019 йилда 6 та ҳолат, 2020 йилда - 27 та, 2021 йилда - 31 та, 2022 йилда - 856 та, 2023 йилда – 1040 та аниқланган.

18-29 ёшдаги аҳоли орасида тамакини қиздириш тизимидан фойдаланиш даражаси (252 минг нафар) 30-69 ёшдаги аҳолига (94,2 минг нафар) нисбатан 2,5 баравардан кўп. Агар зарур чоралар кўрилмаса, келгусида ёш авлоднинг ҳар бешинчиси (20 фоиз) никотинга қарамликдан азият чекади.

Шу муносабат билан:

  • биринчидан, Ўзбекистонда электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимлари муомаласини тақиқлаш;
  • иккинчидан, ушбу маҳсулотлар муомаласини тақиқлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланиши мумкин.

Ўзбекистонда электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимлари муомаласини тақиқлаш мақсадида лойиҳада қатор жиҳатлар назарда тутилмоқда.

“Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунга тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимларини, шу жумладан айрим турдаги тамаки маҳсулотларини мамлакатга олиб кириш, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариш, реализация қилишни тақиқловчи тааллуқли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муомаласи тақиқланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, реализация қилиш, шунингдек Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиш, шундай ҳаракатларни содир этган айбдор шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи нормалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Жиноят кодексига киритилмоқда.

Шу билан боғлиқ жиноят ишларини юритиш тартибини белгилаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексга мос равишда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мавзуга оид