Ўзбекистон | 20:23 / 28.07.2021
8365
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади

Президент меҳрга муҳтож ёшларга уй-жой бериш масаласини Бош вазир ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида комиссия назоратга олишини билдирди.

Президент меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиши, жумладан, 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилишини маълум қилди.

«Бунинг учун, 757 нафар болага уй-жой сотиб олишга жорий йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилади. Унинг 50 фоизи республика, қолган 50 фоизи маҳаллий бюджетдан берилади.

Вилоят ҳокимлари 1 октябрга қадар 757 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминлайди. Бундай битирувчиларни уй-жой билан таъминлаш билан ҳокимлар шу пайтгача шуғулланмаган, десак бу айни ҳақиқат бўлади.

Бош вазир ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида комиссия тузилиб, меҳрга муҳтож ёшларга уй-жой беришни шахсан назоратга олади.

Бир ой муддатда аввал уй-жой ажратилган деб кўрсатилган 610 нафар ёшлар билан ҳам бирма-бир учрашиб, қўшимча уй-жойга эҳтиёжини аниқлаб, уларга жорий йилда ижара тўловларини тўлиқ компенсация қилиб бериш зарур», деган давлат раҳбари.

Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилиши маълум қилинди. Ота-онасидан ажраган талабаларга пенсия тўлаш муддати амалдаги 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирилади. Бу талабаларга зарур адабиётлар сотиб олиш учун ҳар йили бир марта 1,2 миллион сўм субсидия берилади.

«Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва даволашга доир ислоҳотларимиз жадал давом этади. Бу мақсадлар учун 1 августдан бошлаб бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади. Жумладан, 2 минг нафар бола учун 10 миллиард сўмлик 4 мингта замонавий эшитиш воситалари харид қилинади. 615 нафар 5 ёшгача кар-соқов ва эшитиши заиф болаларга 45 миллиард сўмлик эшитишга кўмаклашувчи махсус имплантлар ўрнатилади.

Туғма юрак нуқсони бор 2 минг нафар, бош мияда ўзгаришлари бор 1 минг нафар ҳамда ҳаракат аъзолари касалликлари бўйича 1,7 минг нафар болаларда бепул жарроҳлик операциялари ўтказилади, уларнинг 1 минг нафари протезлаш ва бошқа зарур ускуналар билан таъминланади (бунга жами 30 миллиард сўм ажратилади).

Шунингдек, жорий йилда ҳаракатланиши чекланган 1 минг 100 нафар болалар электр кресло-аравачалар билан таъминланади (бунга 10 миллиард сўм).

Келгуси 5 йилда яна 12 минг нафар ногиронлиги бўлган болалар бу аравачалар билан таъминланади. Бундан ташқари, етим болалар учун хорижда ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бюджетдан тўлиқ компенсация қилинади», – деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид