Ўзбекистон | 19:28 / 02.02.2021
102901
3 дақиқада ўқилади

Жасур Умиров 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Хонанда Жасур Умиров номусга тегишда айбдор деб топилиб, 5 йилга қамалди. Яна икки судланувчи 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бугун, 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди хонанда Жасур Умиров ва унинг икки нафар таниши устидан ҳукм чиқарди.

Олий суд ахборот хизмати хабарига кўра, суд ҳукми билан:

  • Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;
  • А.З. ва Ш.Қ. эса Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, уларга ЖКнинг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маълумот учун, тергов органи Жасур Умировга ЖКнинг 118-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилган эди. Бу банд номусига тегилган шахснинг 18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолни назарда тутади ва оғирроқ санкцияни (10 йилдан 15 йилгача қамоқ) келтириб чиқаради. Прокурор суддан Умировни 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган, аммо суд айбланувчини шу модданинг 1-қисми билан айбдор деб топган.

Шунингдек, прокурор А.З. ва Ш.Қлар учун 3 йил 8 ой муддат берилишини сўраган.

Судланувчилар, жабрланувчи ва унинг қонуний вакили ҳукм нусхасини олган вақтдан бошлаб 20 сутка ичида Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилишга ва протест келтиришга ҳақли.

Суд ЖПКнинг 19-моддаси 1-қисмига биноан ёпиқ тарзда бўлиб ўтди.

  • Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Самарқандда лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган қизнинг номусига тегилган бўлиши мумкинлиги ҳақида сентябрь ойида журналист суриштируви эълон қилган эди. Бунга қадар Каттақўрғон туман ИИБ мазкур ҳолатда жиноят аломатлари бўлмаган деб топиб, жиноят иши қўзғатишни рад этган.
  • Мақола эълон қилингач, сентябрь ойида Самарқанд вилоят прокуратураси ИИБнинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорини бекор қилди ва қайта текширув тайинлади.
  • Октябрь ойида жиноят иши қўзғатилди, 21 декабрь куни Жасур Умиров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Мавзуга оид