Ўзбекистон | 19:53 / 10.09.2024
7723
3 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган

Ўзбекистонда коррупционерларнинг очиқ реестри тузилиб, уларга нисбатан қатор тақиқлар кучга кириши керак эди. Лекин бу ҳақдаги қонун бир неча йилдан бери кечикмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов бу борада изоҳ бериб, қонун лойиҳаси шу ой охиригача парламентга киритилишини айтди.

Акмал Бурҳонов / Фото: Қонунчилик палатаси

Ўзбекистонда коррупцион жиноятларни содир этган 566 нафар шахс 2023 йилда давлат хизматига қайта қабул қилинган ва яна коррупцияга қўл урган. Бу ҳақда депутат Умида Раҳмонова Қонунчилик палатасининг 10 сентябр кунги йиғилишида маълум қилди.

Раҳмонова бундай ҳолат – коррупцион жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ реестри ҳалигача ташкил этилмаганининг оқибати эканини таъкидлаб, йиғилишда ҳисобот берган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновдан реестр қачон ишга тушишини сўради.

Коррупционерларнинг очиқ электрон реестрини юритиш 2021 йил июл 6 июлдаги президент фармонида белгиланган эди. Фармонга кўра, 2021 йил 1 октябргача тегишли қонун лойиҳаси Президент администрациясига киритилиши керак эди.

Акмал Бурҳоновнинг сўзларига кўра, дастлабки қонун лойиҳаси 2022 йил бошида ишлаб чиқилиб, ўтган вақт давомида вазирлик-идоралар билан келишилган ва жорий йил бошида Президент администрациясига киритилган.

“Лекин администрация томонидан бир қатор эътирозлар [бўлди], халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш бўйича вазифа юклатилган эди. Биз вазифалардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштирдик. Шу кунларда яна бир марта охирги версиясини Президент администрацияси орқали Қонунчилик палатасига киритишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, шу ой охирига қадар бу қонунни сизларнинг эътиборингларга кўриб чиқиш учун киритамиз”, – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори.

Бурҳонов 2021 йил декабр ойидаги тадбирлардан бирида коррупционерлар реестри тўғрисидаги қонун “бир-иккита идораларнинг эътирозлари” борлиги сабаб “чўзилиб кетганини” айтганди.

Президент фармонига кўра, реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланиши керак:

  • давлат хизматига қабул қилиниш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзод кўрсатиш;
  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига кириш;
  • уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши; давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши;
  • давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги қонун лойиҳаси билан бирга, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам бир неча йилдан бери кечикмоқда.

Президент фармонига асосан, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларациялаш 2022 йил 1 январдан бошланиши керак эди. “Декларациялаш бошлангач, қайси амалдорнинг қанча бойлиги борлиги ҳамма учун очиқ бўлади”, деганди ўшанда Акмал Бурҳонов.

Мавзуга оид