Жаҳон | 20:32 / 19.07.2022
35509
2 дақиқада ўқилади

Россияда полициячилар ўзбекистонлик мигрантга куч ишлатгани айтилмоқда

Kun.uz'га келиб тушган видеода икки полициячи эркакнинг юзига тепгани, бошини оёқлари билан босиб тургани акс этган.

Фото: РИА Новости

Видеони тақдим этган манбанинг айтишича, ҳодиса 17 июл куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида рўй берган.

“Видеони менга дўстим юборди. Жабрланувчи ўзбекистонлик, танишларим яшайдиган кўп қаватли уйда ижарада тураркан. Россияда ҳужжатларсиз ишлаб юргани учун полицияни кўриб қочган экан, ушлаб олиб аямай калтаклашибди”, дейди у.

Суҳбатдош Россияда кўплаб мигрантларга нисбатан қилинган ноҳақликлар босди-босди бўлиб кетишини айтади.

“Қонунни бузгандир, лекин бу полициячиларга бошқа давлат фуқаросини уриб-тепиш, бу даражада хўрлаш ҳуқуқини бермайди-ку. Инсон ҳуқуқлари қаерда қолди? Агар Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари Россия фуқаросига нисбатан шундай муомалада бўлишса, нималар бўлиб кетади? Бизникилар Россияда бундай шафқатсиз муомалага кўп дуч келади, лекин аксар ҳолларда бу ишлар босди-босди бўлиб кетади. Кўплаб жабрланувчилар зўравонлар устидан шикоят ҳам қилишмайди”, дейди исми сир сақланишини сўраган манба.

Kun.uz видеони Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ҳам тақдим этди. Таҳририятга маълум қилинишича, агентликнинг Россиядаги вакиллари ҳодисани ўрганишга киришган.

“Агар бу вазият аниқлаштирилса, жабрланувчи Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиқса, унда албатта унинг ҳимояси таъминланади. Шунингдек, полициячиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича ваколатли ташкилотларга мурожаат қилинади”, деди агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов Kun.uz мухбири билан телефон мулоқотида.

Аввалроқ Воронежда миграция ходими патент олиш учун ҳужжатларини расмийлаштиришга келган ўзбекистонлик йигитга куч ишлатгани акс этган этган видео тарқалган, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аралашувидан сўнг зўравон ходим ишдан бўшатилганди.

Ўтган йили Томскда Ўзбекистон фуқаросини калтаклаган миграция хизмати ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.

Мавзуга оид