13 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар
Жанубий Корея президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланди. Тест синовлари қай тартибда ўтиши тушунтирилди. Тошкентнинг бош режаси “қисқа муддатда” тасдиқланиши айтилди.
Жанубий Корея президентининг Ўзбекистонга ташрифи
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея президенти Юн Сок Ёл рафиқаси Ким Гон Хи билан биргаликда Ўзбекистонга ташриф буюрди.
13-15 июн кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўладиган олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон–Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, минтақавий, шу жумладан «Марказий Осиё – Корея Республикаси» форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган.
Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Олийгоҳларга кириш тест синовлари
Олий таълим муассасаларига кириш учун 1–25 июл кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28 июл кунлари тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган. Абитуриентлар ижодий имтиҳонда тўплаган баллни ўша куннинг ўзида, тестда тўплаган баллни эртасига билиши мумкин бўлади.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган «Ҳукумат соати»да Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов маълум қилган.
2024-2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи 5 июн кунидан бошланди ва 25 июнгача давом этади. Бунда абитуриентлар фақат тест синовлари ўтказиладиган йўналишларга тест топширадиган фанлар, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлайди.
Рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг, 1-25 июл кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28 июл кунлари тест синовлари ўтказилади.
Ижодий имтиҳон ва тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг, 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб, 5 тагача олийгоҳ (ёки йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини, ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун эса қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича яна шунча олийгоҳни танлаш ҳуқуқига эга бўлишади.
Тошкентнинг бош режаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси ҳануз Вазирлар Маҳкамасида муҳокамада турибди, деган қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Козим Тўлаганов матбуот анжуманида.
«Сўнгги марта 1997 йилда тайёрланган бош режага ўзим бош бўлганман. 25 йилга тузилган бош режа бугунгача ишлаб турибди. Президентнинг бу борадаги топшириғига 2 йил бўлди. Янги ҳозирги бош режани тузиш учун жуда кўп мутахассислар жалб қилинди, иш деярли охирига етди. Баъзи йўналишларда бу бўйича охирги ишлар давом этмоқда. Мен яқин даврларда, 1-2 ойда эълон қилинади деб айтолмайман, лекин қисқа муддат ичида Тошкент шаҳрининг янги бош режаси тасдиқланиб, ишга қўйилади», – деган Тўлаганов.
Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси архитектори Шавкат Дўстмуҳаммедов нима сабаб бош режанинг тасдиқланиши сурилаётганига изоҳ бераркан, унга янги тушунчалар киритилганини айтиб ўтди.
«Тошкент шаҳрининг бутун концепцияси ишлаб чиқилган, бу албатта, янги Тошкентни ҳам ўзига қамраб олиб, уйғунлаштирилган мажмуа, шаҳар қилиб ишланган», деган Дўстмуҳаммедов.
Дўстмуҳаммедовга кўра, янги бош режа 2018 йилда тасдиқланиши керак эди. «ТошкентбошпланЛИТи» томонидан ишлаб чиқилган, шаҳар кенгаши томонидан кўриб чиқилган ва тасдиқланган. Сўнгра ҳужжатни тасдиқланиш учун яна юқори ташкилотга берилган, лекин у тасдиқланмаган. Шундан сўнг уни қайтадан чиқиш бошланган. Янги режа бутун бошли бошқа давлатларнинг стратегиялари бўйича, умуман бошқа қараш билан ишлаб чиқилган, янги тушунчалар киритилган ва у ҳозир тасдиқланишини кутиб турибди.
Тўй кортежидаги безорилик
Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида тўй кортежида бораётган машиналар йўл талашиб, атайлаб бир-бирига урилиб пачақ қилинган. Куёв тўй сайли бошланишидан олдин ким у ўтирган машина орқасидан биринчи бўлиб етиб борса, ўша ҳайдовчига 200 доллар беришини ваъда қилган.
Воқеа 12 июн куни рўй берган.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати расмий хабарига кўра, ҳолат бўйича олиб борилган суриштирув ишлари давомида тан жароҳати олган фуқаролар аниқланмаган. Тўй сайлида иштирок этган барча 9 та машина жарима майдонига қўйилиб, ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Хабарда қайд этилишича, ҳозирда ҳайдовчиларга нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий иш ҳам қўзғатилган.
Ўзбекистонга нисбатан ҳурматсизлик қилганларга қарши қонун
Ўзбекистон ҳақида номаъқул гап айтган чет элликларнинг Ўзбекистонга кириши тақиқланиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини таҳқирловчи гаплар айтган чет эл фуқаролари Ўзбекистонга киритилмайди, агар улар Ўзбекистонда бўлса, депортация қилинади ва қатор тақиқларга дучор бўлади.
Қонунчилик палатаси ахборотига кўра, бунга – Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш зарурати сабаб бўлган.
Лойиҳа билан Қозоғистон, Озарбойжон, Россия, Полша, Беларус, ХХР каби давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, қонунга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланмоқда.
Мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида қуйидагилар тақиқланади:
Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби назарда тутилган.
Мавзуга оид
21:05 / 19.11.2024
19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:10 / 18.11.2024
18 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:45 / 15.11.2024
15 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
21:12 / 14.11.2024