Ўзбекистон | 11:12 / 12.05.2023
34621
2 дақиқада ўқилади

“Тинчлантириш мақсадида ИИБ ходими қатъий ҳаракат қилган” – Сурхондарёда фуқарони урган профилактика инспектори бўйича баёнот берилди

11 май куни тармоқларда ички ишлар ходими хонада қўллари боғлиқ ҳолда ётган кишига куч ишлатаётгани акс этган видеолар тарқалди. Видеода ойналари панжарали хонада оёқ ва қўллари боғланган кишига ИИВ ходими бир неча марта куч ишлатганини кўриш мумкин. Ходим дастлаб шапалоқ ва мушт билан фуқаронинг бош қисмига урган, кейин бошини эзган ва оғзини латта билан боғлаб қўйган.

Видеодан кадр

Ҳолат юзасидан дастлаб Сурхондарё вилояти ИИБ маълумот берди. Маълум бўлишича, воқеа 6 майдан 7 майга ўтар кечаси, тунги 1:10 ларда Сурхондарё вилояти Музработ туманида содир бўлган. Тумандаги Шаффоф маҳалласида яшовчи С. исмли аёл ИИБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, уйига нотаниш шахс келиб кўп марта эшигини тепиб жанжал қилаётганини айтган.

ИИБга кўра, чақирув бўйича борган ИИВ ходими М.А. кучли мастлик ҳолатида бўлган фуқаро У.П.ни ходимнинг қонуний талабини бажармагани учун Музработ тумани тиббиёт марказида ташкил этилган алкоголь мастлик ҳолатидаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктига олиб борган.

“Тиббиёт бирлашмасида ҳам даволанаётган беморларнинг тинчлигини бузиб, қонуний талабларга бўйсунмасдан, қўпол сўзлар билан ҳақоратлашда давом этган У.П.ни тинчлантириш мақсадида ИИБ ходими қатъий ҳаракат қилган. Ходимнинг ҳаракатлари юзасидан ҳозирда Сурхондарё вилоят ИИБ масъуллари томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қиламиз”, — дейилади вилоят ИИБ баёнотида.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳам баёнот берди. Прокуратура баёнотида ИИВ баёнотига қўшимча равишда фуқаронинг тинчлигини бузаётган шахс профилактика инспектори борган вақтда воқеа жойидан қочиб кетгани айтилган.

“Сўнгра, профилактика инспектори уни топиб, туман тиббиёт бирлашмасидаги вақтинчалик мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб бориб жойлаштирган. Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади прокуратура баёнотида.

Шунингдек, прокуратура иш натижаси бўйича манфаатдор шахсларга тергов органи томонидан қўшимча равишда маълум қилинишини таъкидлаган.

Мавзуга оид