Ўзбекистон | 08:58
1704
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда профилактика инспектори жиноят иши қўзғатиш эвазига 10 минг доллар олаётганида ушланди

Учтепа туманида профилактика катта инспектори фуқародан бошқа кишига нисбатан жиноят иши қўзғатиш ваъдаси билан 10 минг доллар талаб қилиб, пулни олаётган вақтда қўлга олинди.

Фото: ДХХ

Тошкент шаҳрида фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатиш эвазига бошқа фуқародан 10 минг доллар талаб қилган профилактика катта инспектори қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Учтепа тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика катта инспектори 1995 йилда туғилган фуқародан ноқонуний равишда 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, у 2025 йил декабр ойида мазкур фуқарога тегишли МЧЖ ҳужжатларини сохталаштириш орқали IT-хизмати кўрсатиш эвазига фирибгарлик йўли билан 450 минг АҚШ доллари олган 1990 йилда туғилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва уни жавобгарликка тортишни ваъда қилган. Шу орқали фуқародан 10 минг доллар талаб қилган.

Терговга қадар текширувда маълум бўлишича, 2025 йил февраль ойида ички ишлар органлари томонидан ушбу МЧЖ билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Ҳозирда профилактика катта инспекторига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид