Жаҳон | 23:27 / 05.06.2025
11405
3 дақиқада ўқилади

Россияда инглиз тилидан IELTS имтиҳонини топширганларни қамаш бошланади

РФ бош прокуратураси British Council’ни «номақбул» ташкилот деб топди. Энди IELTS имтиҳонини топшириш бундай ташкилотни молиялаштириш сифатида талқин қилинишга ва жиноий жавобгарликка тортилишга олиб келиши мумкин.

Фото: Unsplash

Россияда инглиз тили бўйича IELTS имтиҳонларини топшириш жиноий таъқибга сабаб бўлиши мумкин. Мамлакат Бош прокуратураси ушбу тестларни ташкиллаштириш билан шуғулланадиган British Council кенгашини «номақбул» деб топди.

Назорат органининг маълум қилишича, ушбу тузилма «таълим ва маданий фаолият ниқоби остида» — маърифий тадбирлар ва инглиз тилини ўқитиш орқали «британияликларнинг узоқ муддатли манфаатлари ва қадриятларини илгари сурмоқда», жумладан, ЛГБТ тарғиботини ҳам олиб бормоқда.

Ўз навбатида Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) British Council ва 2021 йилдаёқ «номақбул» деб топилган Oxford Russia Fund фондини «бузғунчилик ишлари»да айблади ва россияликларни ушбу хорижий ташкилотлар «фаолиятида иштирок этмасликдан» огоҳлантирди. «Бундай ҳамкорлик Россия Федерацияси маъмурий ва жиноий жавобгарлигига тортилиши мумкин», — дейилади ФХХ баёнотида.

Эндиликда, IELTS имтиҳонини топшириш, ҳатто чет элда ҳам «номақбул» деб эътироф этилган ташкилотни молиялаштириш сифатида талқин қилиниши мумкин. Бу учун энг катта жазо — 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. British Council ҳаволалари ва материалларини жамоатга эълон қилиш эса «номақбул» ташкилот фаолиятида иштирок этиш деб баҳоланиб, фуқаролар учун 15 минг рублгача, юридик шахслар учун эса 100 минг рублгача жаримага олиб келиши мумкин.

«Ковчег» лойиҳаси юристи Анастасия Буракова ўқитувчи ва талабаларга British Council ҳақидаги барча эслатмаларни саҳифаларидан ўчиришни, IELTS имтиҳони учун тўловни ўз картаси ёки Россияга келиб-кетадиган инсонлар картаси орқали амалга оширмасликни, шунингдек, чегара кесиб ўтилаётган вақтда тестга ёзилиш ва IELTS сертификати ҳақидаги маълумотларни қурилмалардан ўчиришни тавсия қилди.

British Council 2018 йилда Британияда «ГРУ»нинг собиқ ходими Сергей Скрипал заҳарланиши билан боғлиқ жосуслик можароси ортидан Россияни тарк этган эди. IELTS имтиҳонини Россияда топшириш эса Украина уруши бошланганидан сўнг — 2022 йил 10 мартдан бошлаб имконсиз бўлиб қолган. Бироқ россияликлар IELTSъни Қозоғистон, БАА, Грузия, Озарбойжон, Ўзбекистон, Арманистон, Сербия ва Туркияда топшириш имкониятига эга. IELTS сертификати хорижда ўқиш ва ишлаш учун зарур ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид