Спорт | 17:16 / 06.10.2025
31435
3 дақиқада ўқилади

«Ярмининг ярми ҳам эмас» – Каннаваро билан келишувнинг айрим тафсилотлари маълум қилинди

Тимур Кападзе ҳам унинг штабидан ўрин олади. Равшан Эрматов янги мураббийнинг йиллик маоши 4 млн евро экани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоанинг янги бош мураббийи, италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан 2+3 кўринишида шартнома тузди. Бу ҳақда ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов маълум қилди. 

Миллий футбол марказида ўтказилган Каннаварони таништирув маросимида миллий жамоанинг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе ҳам янги мураббийлар штабида бош мураббий ёрдамчиси сифатида қолиши маълум бўлди.

Равшан Эрматов ОАВ вакиллари қаршисида Каннаваро ва штабининг йиллик маоши миқдори 4 млн евро бўлиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этиб, бу миқдор айтилган рақамнинг «ярмининг ярмини ҳам» ташкил этмаслиги, лекин томонлар ўзаро келишган ҳолда аниқ рақамларни очиқламасликка қарор қилгани ҳақида айтиб ўтган. 

«Мураббийнинг олдига қўйилган асосий вазифа аниқ: жамоани жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этишга тайёрлаш. Бу йўлда биз унга тўлиқ ишонч билдирамиз. Шу билан бирга, миллий жамоанинг барқарорлигини сақлаш учун Тимур Кападзе ёрдамчи мураббий сифатида фаолиятини давом эттиради.

Ижтимоий тармоқларда турли рақамлар тилга олинмоқда, аммо шуни очиқ айтмоқчиманки — бу миш-миш холос. ЎФА барча жараёнларни қонуний, шаффоф ва ўз имкониятлари доирасида амалга оширган.

Тарихий натижа қайд этиб, Жаҳон чемпионатига йўл олишимизда меҳнати сингган барча мураббийларга, хусусан Сречко Катанец ва Тимур Кападзега чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Жаҳон чемпионати бу катта мусобақа, уни бутун дунё томоша қилади ва футбол оммасининг нигоҳи Ўзбекистонга қаратилади. Шу сабабли турнирда муносиб иштирок этиш ва мундиал ҳавосини олиб кириш учун айнан футболчи сифатида иштирок этган мутахассисни жалб қилиш кўзда тутилган эди. ЎФА раҳбарияти ҳамда Мураббийлар кенгаши томонидан жамоамизни Жаҳон чемпионатига тайёрлаш учун италиялик мутахассис — Фабио Каннаварро бош мураббий этиб тайинланиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Каннаваро футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячиси эди, истаймизми йўқми Жаҳон чемпионатида натижа қайд этиш учун ҳимояни мустаҳкам сақлаш талаб этилади: У Жаҳон чемпиони, “Олтин тўп” соҳиби ва ўз вақтида ҳимояда ишонч, интизом ҳамда етакчилик тимсоли бўлган. Ҳимоявий ўйин услуби натижа беришини кўрдик. Биз ишонамизки, у ўзининг халқаро тажрибаси, профессионал маданияти ва тактикасидаги қатъийлик орқали миллий жамоамизга янги руҳ ва янги тизим олиб киради.

Янги бош мураббий билан  2+3 кўринишида шартнома имзоланди. Биз узоқ муддатли ҳамкорликни устивор деб биламиз. Осиё ва Жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этамиз», дея Эрматовнинг сўзларини келтирган ЎФА матбуот хизмати.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид