27-30 март кунлари Ўзбекистон ушбу ўртоқлик турнирига мезбонлик қилади ва миллий жамоа Габон (27 март) ва Венесуэлага (30 март) қарши майдонга тушади.
Миллий жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро 26 март куни журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Биз ҳар доим кучли жамоаларга қарши ўйнашга ҳаракат қиламиз. ФИФА бизга бу имкониятни берди ва биз ҳар қандай рақибга қарши ўйнашдан мамнунмиз.
- Кўпроқ ўртоқлик ўйинлари ўтказишни режалаштирмоқдамиз, бири Канада, иккинчиси АҚШ ҳудудида бўлади. Биз турли мамлакатларнинг турли даражадаги жамоалари билан ўйнашни хоҳлаймиз. Чунки Жаҳон чемпионати бутунлай бошқача даражада бўлади. Португалия ва Колумбия турнирнинг энг кучли жамоалари қаторида. Шунинг учун биз тайёр бўлишимиз керак. Агар кимдир Жаҳон чемпионати осон бўлади, деб ўйласа адашади.
- Габоннинг ёрқин юлдузлари (Обамеянг, Лемина) Тошкентга келмади? Мен жамоамни тайёрлайман ва рақиб ҳақида ўйламайман. Биз уларнинг қандай ўйнашини ўрганиб чиқдик ва сўнгги ўйинларини томоша қилдик.
- Келгуси икки ўйинда барчага ўйнаш имкониятини беришга ҳаракат қиламан. Бундай ўйинларда футболчиларни кузатиш ва уларни тушуниш муҳим ва умид қиламанки, вазият бунга имкон беради.
- Ўртоқлик ўйинлари бўлса ҳам, биз бор кучимизни сарфлашга ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Биз футболчиларни синаб кўришни ва яхшироқ тушунишни хоҳлаймиз.
- Жароҳат олган Аббос Файзуллаев ва Жалолиддин Машарипов аҳволи? Аббосни [Файзуллаевни] йўқотдик, мен келганимдан бери у кўп жароҳат оляпти. Шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган яна икки ёки уч футболчи бор ва биз ечим топиш учун кўпроқ ишлашимиз керак. Ростини айтсам, улар Жаҳон чемпионатида ўйнай оладими ёки йўқми, билмайман. Биз уларнинг турнирнинг бир қисми бўлиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз.
- Ҳозир миллий жамоага чақирув олиш ҳуқуқига эга бўлган футболчиларнинг кенгайтирилган рўйхати 55 нафар ўйинчидан иборат. Лекин агар мавсум давомида кимдир яхши ўйин кўрсатаётганини кўрсам, биз рўйхатни кенгайтиришимиз мумкин.
- Ҳаммани кузатиб боришга ва улар билан мулоқот қилишга ҳаракат қиламан, ҳатто бирга бўлмаганимизда ҳам. Биз уларга қўнғироқ қиламиз, алоқада бўламиз, чунки биз уларни кузатиб турганимизни ҳис қилиши муҳим.
- Эрон чемпионатида ўйнаган футболчилар билан боғлиқ вазият? Бу яна бир муаммо - жуда жиддий муаммо. Футболчилар шошилинч равишда кетишга мажбур бўлди. Биз уларга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдамиз: уларни ўз марказимизда фитнес мураббийи билан машқ қилдиряпмиз ва ФИФА билан уларга миллий лигамизда ўйнашга рухсат бериш имкониятини муҳокама қилдик. Умид қиламанки, ФИФА ушбу турнирдан кейин қарор қабул қилади, чунки шунчаки машқ қилиб, ўйнамай юриш яхши эмас.







