Хунук манзара: Қашқадарёнинг “ҳансираётган” от спорти (фото)
Бошқа спорт турларини билмадим-у, аммо бизнинг Қашқадарё воҳамизда кўпкари ҳақида сўз очилдими, унинг тафсилотлари ҳақида соатлаб гапирадиган ҳам, соатлаб уни мароқ билан тинглайдиганлар ҳам топилади. Ишонмасангиз, тўрт-беш киши нимадан гапиришни билмай турган даврага бориб секингина, фалон тўйда, бир чавандоз саман оти билан улоқни ажойиб ташлади-да, лекин ўзига ҳам гап йўқ экан, ҳалол ташлади, деб гап очиб қўйиб, четдан кузатиб турсангиз, айнан ўша кўпкарини бошдан охиригача баҳс-мунозара остида таҳлил этиб, ҳикоя қилиб беришлари аниқ. Буни бир неча бор кузатганмиз. Дарҳақиқат, азал-азалдан халқимизда миллий ўйинлар қаторида қадрият сифатида ўтказиб келинаётган улоқ-кўпкари уйинларида қанчадан-қанча чавандозларимиз довруғини таратган. Айниқса, бизнинг воҳамизда деярли ҳар бир хонадонда отга қизиқмайдиган киши топилмаса керак.
Кўпкари ҳақида гап кетар экан, бизгача ўз аслидай сақланиб келиниши учун қанчадан-қанча тўсиқлардан ўтмади дейсиз. Эҳҳе, қанча зўр саманлар мажбурлаб, гўштликларга топшириб юборилди. Булар ҳақида кўп гапириб ўтиш мумкин. Шукрки, истиқлол шарофати билан бугун юртимизда барча соҳалар қатори миллий спорт ўйинларимизга ҳам кенг эътибор қаратилди. Спортчиларимиз дунё спорт майдонларида ўзининг нималарга қодирлигини намоён этмоқда. Аммо табиий бир савол туғилади. Ўзининг машҳур чавандозларию, ўзига хос учқур отлари билан танилиб келган Қашқадарёда бугунги кунда айнан от спорти нега оқсаб қолган? Таниқли чавандозларию, ўша учқур саманлари билан бугун олимпия спорт тури ҳисобланмиш от спортидан чавандозларимиз дунёга чиқиб, ўз кучларини намоён этишга ҳафсалами, қизиқишми ёки имконият етишмаяпти? Ёки чавандозлар бошини бир жойга қовуштириб, ҳамкорликда иш олиб боришга ҳеч кимда хоҳиш йўқми. Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида изланишлар, суриштирувлар олиб бордик.
Федерация ҳаракатда...
Спорт мутахассисларига яхши маълумки, бир неча йилдирки, вилоят улоқ-кўпкари ва от спорти федерацияси фаолияти ҳақида, деярли сўз юритилгани йўқ. Негадир уларнинг қилган ишлари хусусида ҳам, икки-уч бор улоқ-кўпкари мусобақасини ташкил этганини айтмаганда, бошқа гап қулоққа чалинмади. Яқиндагина эса, бу федерацияга Ўткир Каримов деган киши ижрочи директор этиб тайинланибди. У киши ҳам янги бўлишига қарамай дардлари анча йиғилиб қолган экан, от спорти федерацияси хусусида сўз очамиз:
“Эй, нимасини айтаман, бу вазифа менга юклатилгандан буён бошим қотган. От спортини ривожлантираман деб, қоғоз кўтариб ҳали у ташкилотга, ҳали бу ташкилотга югураман. Қай бир раҳбарнинг эшигини тақиллатмай, “кутиб туринг, жавобини ёзма берамиз”, дейишдан бошқасига ўтишмаяпти. Ҳар гал ёлғон ваъдалар билан қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб қайтаман”, - деб қолди. У кишидан бугунги от спорти фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб беришини сўрадик.
- Ҳозирда, федерацияда уч киши, ҳисобчи, мен, ҳуқуқшуносдан бошқа на тўгарак аъзоси ва на малакали мураббийлар бор, - дейди федерациянинг ижрочи директори. - От спортига қизиқаётганлар у ёқда турсин, малакали мураббийларни ҳам федерацияга жалб эта олмаяпман. Туманлардан икки-уч чавандоз топай десам, машғулотларни олиб бориш учун ё бир майдон ёки бир дона бўлса ҳам отнинг ўзи йўқлиги учун иккиланиб қолдим. Бирор отни харид қилайлик десам, қўлим калталик қилаяпти. Яқинда бир йигитни мураббийликка ишга олгандим. Бир ҳафтага бормай, Бухородаги “Отчопар”га ишга ўтиб кетди.
Мураббий шуғулланиши учун, энг аввало, маош, бир нафар бўлса ҳам шогирд керак-да?! Воҳамизда ўғли от спорти билан шуғулланишига рози бўлмаган оталар йўқ дейсизми? От спорти тўгараги очилганини эшитиши заҳоти, ўғлини етаклаб келади. Бироқ, улар қаерда ўз машғулотларини олиб боради? Федерация балансида отнинг ўзи бўлмаса? Сунъий от эгарини минг чандон миниб олмасин, тирик отдан фарқи бўлса керагов? Бироқ, давлатимиз томонидан имтиёзли кредитлар берилаётган бир пайтда от йўқ, шуғулланиш учун майдон йўқ, деган баҳонани ўйлаб топишнинг ўзи кулгили эмасми? Қолаверса, шаҳримизнинг ўзида спортга мослашган майдонларни топса бўлади.
- Ҳа, айтгандай, Қаршида ҳам Бухороникига ўхшаш “Отчопар” мажмуаси бор эди шекилли, - деб сўрайман ижрочи директордан. - Ўша ерда машғулотларни уюштирсангиз бўлмайдими?
- Қарши шаҳридан 13 км. узоқликдаги Ғузор йўналишида жойлашган 1970-1973 йилларда қуриб битказилган вилоят отчопар майдони ҳозир ҳам мавжуд. Бироқ мажмуа 2005 йил вилоят ҳокимининг қарори билан вилоят Давлат ўрмон хўжалиги тасарруфига ўтказилган. Бизда у ердан фойдаланиш ҳуқуқи йўқ. Хуллас, вилоятда от спортини ривожлантириш учун, биринчи навбатда, бизга отчопар майдони, отлар ва мураббийлар керак бўлади. Агар отчопар майдонини бизнинг ихтиёримизга беришса, қолганини имкон даражасида йўлга қўйишга ҳаракат бошлаймиз ва бунинг уддасидан ҳам чиқа оламиз.
Четда қолган йиғилиш қарори
Яна бир гап, Ўткир Каримовнинг берган маълумотларига қараганда, 2014 йил 16 май куни вилоят ҳокимлигида вилоят отчопар спорт базасини талаблар даражасида қайта таъмирлаш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва базани вилоят от спорти федерацияси балансига ўтказиш тўғрисида йиғилиш бўлиб ўтган. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, “Асака” банк вилоят филиали, “Шўртаннефтгаз”, УШК “Ўзгеобурнефтгаз” АК, “Гиссарнефтгаз” ҚК, вилоят “Пахтасаноат” ҲАБ, “Қашқадарё дон” ОАЖ, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, вилоят ветернария бошқармаси, собиқ вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси раҳбарлари иштирок этган йиғилиш кун тартибида вилоят отчопар спорт базасини талаблар даражасида қайта таъмирлаш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва базани вилоят от спорти федерацияси балансига ўтказиш масаласи кўриб чиқилиб, вилоят от спорти федерацияси собиқ ижрочи директори З.Мавлоновнинг вилоятда от спортини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлари тўғрисидаги ахбороти қабул қилиниши, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят от спорти федерацияси раиси А.Ариповга бир ҳафта муддатда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг 2014 йил 30 апрелдаги 06/07-381-сонли розилик хатини инобатга олиб, вилоят марказий давлат ўрмон хўжалиги балансидаги 52 бош спорт отларига мўлжалланган 2та отхона, спортчилар кийиниш хонаси, отлар учун ем сақланадиган хоналарни, уларга хизмат кўрсатиш майдонлари билан биргаликда белгиланган тартибда туман ҳокимининг қарори билан захирага олиб, вилоят от спорти федерацияси балансига ўтказиб бериш, вилоят ветернария хизмати билан биргаликда отхоналарда дезинфикциялаш ишларини амалга ошириш, вилоят отчопар спорт базасини стандартлар талабига мос равишда қайта таъмирлаш, от спорти учун зарур бўлган 15та комплект тўсинлар ясаш, машғулотлар ўтказиш учун от югурадиган айланани текислаб, дарё қуми билан тўкиб чиқиш, спорт анжомлари ва жиҳозлари, наслли тоза зотдор спорт отлари олиб келиш каби вазифалар юклатилиб, шу масалалар юзасидан қарор қабул қилинган.
Бироқ ушбу йиғилиш баёни ижроси негадир ўша пайтда таъминланмасдан қолган ва ҳамон масаланинг ижобий ечими пайсалга солиб келинмоқда.
“Отчопарга отлар қайтармикан?”
Ўша отчопар майдони атрофидаги маҳаллада истиқомат қилувчи етмиш беш ёшли Неъмат ота Худоёров ҳўв ўша нураб қолган, кексайиб мункайган “Отчопар”га боқиб, узоқ хаёл суради.
“1995 йил. 21 март.
Чойхонадаги гурунг:
- Муҳсинбой, “Отчопар”да нима гаплар?
- Эй Ризамат ота, эшитмадингизми, “Отчопар”да “Кўпкари” ўтказиларкан-ку?
- Жуда, яхши-да, Муҳсинбой, бир мазза қилиб дам оларканмизда?
- Макритлик Файзулло полвон келармиш.
-Ў, зўр-ку? Унда ўйин қизигандан қизирканда, Муҳсинбой?!”
- Бир вақтлар, чойхоналардаги гурунгларимиз борки, дастлаб бир-биримиздан “Отчопарда нима гаплар?”, дея сўроқ-савол қилардик, - дейди Неъмат ота Худоёров. - Ўша пайтда вилоят ҳосил байрамлари шу ерда ўтказиларди. Шунданми, байрам арафасида бу ерлар ўзгача қиёфага кирарди. Ҳўв, ўша қатрон ер ўрнига олмазор, мана бу чиқинди тўкилган ерда кўм-кўк майсазор бўларди. От ўйинини мана бу трибунадан туриб томоша қилардик. Неъмат ота билан “Отчопар”нинг эскидан қолган баъзи бир иморатларини айландик. Маълумотларга кўра ушбу отчопар майдони айни пайтда вилоят давлат ўрмон хўжалигига тегишли экан.
- Ота-бобомиз чавандоз бўлган. Авваллари бу ерда ўтказилган улоқ-кўпкари баҳсларида машҳур чавандозлар от чоптириб, барчанинг олқишига сазовор бўлишган. Ҳозир-чи? Маҳалламизда от билан шуғулланаётган уч-тўрт ёшлар ҳам отини қаерда чоптиришга ўйланиб қолишади. 200 гектар ер, отхоналар ҳувиллаб ётибди.
Қарама қарши икки бинонинг ичкарисига уюм-уюм чиқиндиларни айланиб, ичкарини кўздан кечирамиз. Бу бино авваллари тойлар сақланадиган хона бўлган экан. Бино эшигини очишимиз билан ўнлаб эчки, қўй болалари югуриб келишди. Отахоннинг айтишича, улар “Отчопар”нинг ҳозирги эгасига тегишли экан. Охурларнинг бир томонида, қўйларнинг жунлари уюм-уюм бўлиб ётган бўлса, бошқа томонда ёмғиру қорда уюлиб тушган кесак тупроқлар билан тўлган.
- Бир вақтлар ўғлим ҳам шу ерда от боқар эди, - дейди Неъмат ота. - Ҳозир чет элга ишлашга кетган. От хосиятли жонивор. Уни парваришлашда тозаликка риоя қилиниши керак. Шунинг учун ҳам охурларни ҳар куни тозалаб турарди.
Юз бошдан ортиқ сақлаш имкониятига эга иккинчи отхонани очишимиз билан, димоғимизга қўланса ҳид урилиб, ўзимизни беҳол ҳис қилдик. Рўпарамизда эса иккита қўйнинг жонсиз танасини ола-була ит кемириб турарди. Бу манзара эса кўнгилни хира қилиши табиий.
- Қанийди, “Отчопар”ни вазифасига кўра бирор от билан шуғулланувчига топширишса, - дейди Неъмат ота Худоёров. - Бундай хунук манзараларнинг ҳар куни бўлишига чек қўйилармиди? Атроф-муҳитга, табиатга ҳам фойдаси тегармиди, дейманда, қизим?
Эътиборимизни ҳовли ўртасида чала қурилган иморат тортди. У ерни ҳам бориб кўрганимизда, ташқарида иссиқ об-ҳаво бўлишига қарамай, ёмғир-қор ёғиб, катта-катта тўдаланиб қолган кўлмакчаларга, чапланиб ётган гўнгларга дуч келдик.
Отахон бизни отхоналарнинг қийшайган дарвозасини зўрға ёпиб, авваллари томошагоҳ, ҳозир эса саксовуллар сақланадиган омборхона бўлган трибуна томон етаклади.
Трибунанинг эшигини очишимиз ҳамано, хонанинг кириш жойида ғиштдан қурилган иккита ўчоқхонани кўрдик.
- Бу ерда, ёмғир кунлари ишчиларга овқат пиширгандик, - дейди ўзини Қаҳрамон Ғаффоров дея таништирган йигит. - Ҳозир ҳам тушлик пайтида ишчилар шу ерда ўтиришади. Мана бу хоналарда эса, (собиқ спортчилар кийинадиган хона) зиғир, дала чойи уруғларини сақлаймиз. Бунисида иш қуролларини сақлаймиз.
- Ёшлигим шу ерда ўтган, -дейди Қаҳрамон. - Ҳар гал улоқ-кўпкари мусобақасини томоша қилиш учун келардим. “Отчопар”га кириш эшиги тепасида “Саман” отнинг йирик ўлчамдаги сурати осиғлиқ турарди. Ҳозир у сурат олиб ташланган. Қанийди, “Отчопар”га яна отлар қайтса, мен ҳам ёшликдаги орзуларим ушалиб, моҳир чавандоз бўлармидим?”.
“Ҳаммасига ўзлари айбдор?”
- Яқинда қўлимга бир хат олдим, - дейди вилоят Давлат ўрмон хўжалиги раиси Бекбўта Абраев. – От спорти федерациясининг ижрочи директори Ўткир Каримов “Вилоят ҳокимининг қарорида белгиланган вазифани бажармаяпсиз, “Отчопар”ни от спорти федерациясига қайтармаяпсиз” деб мурожаат қилган. 2014 йил мен ўзим ташаббус кўрсатиб, “майли қайтариб олмоқчи бўлсангиз, розилик билдирамиз”, деб розилик хатини республикага – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлилигига юборганман. Биласизми, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2014 йил 30 апрелдаги 06\07-381-сонли розилик хати билан вилоят Давлат ўрмон хўжалиги балансидаги 52 бош спорт отларига мўлжалланган 2та отхона, спортчилар кийиниш хонаси, отлар учун ем сақланадиган хоналари, уларга хизмат кўрсатиш майдонлари билан биргаликда белгиланган тартибда 3 йил олдин туман ҳокимининг қарори билан захирага ўтказиш бўйича хатни от спорти федерациясининг ижрочи директори қабул қилиб олиши керак эди. Уларнинг бепарволиги туфайли, туман ҳокими қарорни чиқармаган. Биз розилик берган билан улар ишни эплай олишмаяпти. Ана энди орадан бироз вақт ўтиб, “Отчопар”ни бермаяпти”, деб югуриб юришибди. Шунда ҳам қайтадан янги истиқболли режа тузиб, ташаббус кўрсатишларини тушунтирсам ҳам эски дардни қўзғатишаяпти. Улар истиқболли режаларини белгиланган тартибда Қарши туман ҳокимлигига тақдим қилса, ҳокимлик бу ташаббусни маъқуллаб, яна республикага хат ёзишса, ана шундан кейин республикадан ижобий жавоб олсагина биз “Отчопар”ни от спорти балансига қайтариш ҳақида розилик билдирамиз. Уларнинг хатти-ҳаракатларидан жуда-жуда аччиқландим. Ҳужжатларни тўғриласин, шу “Отчопар”ни қайтариб бермаган номард.
- Яна бир гап, - сўзида давом этади Бекбўта Абраев. - “От чопар”да зиғир, дала чойи уруғлари, майда шохли чорваларимиз мавжуд. Бу давлат ташкилоти. Чорвачилигимиздаги қўй, эчки ҳам ўзимизнинг хусусий мулкимиз эмас, Давлат ўрмон хўжалигига тегишли. “Бўлди, туман ҳокими розилик берди,” деб от спортига қўшқўллаб топшириб юборолмайманку?! Унинг ҳам ўз қонуний тартиблари бор. Иш кўп, қайси бирига улгурамиз. Мана, йўлини қилса, қайтариб олсин! Ахир ҳукуматимиз томонидан ҳам от спортини ривожлантириш учун қандай яхши шароитлар яратиб берилаяпти-ку?! Белгиланган тартибда Қарши туман ҳокимига мурожаат қилсин. Республикадан келган розилик хатини олиб, турли босқичлардан ўтиб, пешонаси терлаб югуриб кўрсин! Баъзилар кўрсаводлик билан бизга мурожаат қилишади. Нима у давлат ташкилоти билан ўйнашаяпти?! Ғийбатчига ўхшаб орқадан гап қилмай, ўзимизга тўғридан-тўғри келиб учрасин. Баланснинг ҳам ўз чиқими, кирими бор. Ўша жойда фаолият кўрсатаётган ер майдонининг ишлатишга яроқли ҳудудлари бор. Қайсисини от спортига берилади, қайсиси Давлат ўрмон хўжалигига буни бир киши билан ҳал қилиб бўлмайди. Ер майдонларини ҳамда отхоналарни қайтариб бериш шарти бошлангандан кейин у ердаги Давлат ўрмон хўжалигига тегишли 700 бош майда шохли молларни қонуний тартибда бошқа хўжаликларга ўтказиб беришимиз, лозим бўлар балки. Бу сарсон-саргардонликнинг ҳаммасига ўзлари айбдор. Кечагина федерациянинг ижрочи директорига “Мабодо, ўзларида ҳам от бўлса, мана марҳамат, қаршилигим йўқ, отхоналарга жойлаштираверинг, токи ҳужжат ишлари ҳал бўлгунига қадар” деб айтгандим, шуни ҳам вақтида бажаришмади. 2014 йилдаги (вилоят ҳокимининг қарори) қарор ижросини рўкач қиладиган бўлса, ҳар бир хат ёки вазифанинг ижроси узоғи билан бир йилда амалга оширилади. Вилоят ҳокимининг чиқарган қарорига ҳам мана уч йилдан ошди. Аслида вазифалар бир, бир ярим йил давомида ижроси таъминланиши лозим. Қанчадан қанча янги қарорлар чиқарилаяпти. Унинг вақти ўтди. Энди янгидан ташаббус билан чиқсин, гап тамом”.
Бекбўта Абраев тўғри гапирди. Ҳар бир чиқарилган қарорнинг амал қилиш муддати бир йил бўлиши керак, эҳтимол. Аммо 2014 йил 16 май кунги вилоят ҳокимлигидаги вилоят отчопар спорт базасини талаблар даражасида қайта таъмирлаш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва базани вилоят от спорти федерацияси балансига ўтказиш тўғрисида йиғилиш ижроси бир ҳафта муддатда амалга оширилиши белгиланган эди. Бекбўта Абраевнинг яна бир сўзига қўшилса бўлади. У таъкидлаганидек, Давлат ўрмон хўжалигими ёки от спорти федерацияси бўладими “Отчопар” давлат мулки. 200 гектар ер хусусий мулк эмаски, тўғри келган киши ундан ҳар йўлда фойдаланса. Бироқ рўпарамиздан чиққан Б.Абраевнинг маълумотига асосланган 700 бошли майда шохли моллардан 2 боши оёқ остида жонсиз ётгани, отхонанинг охирида, чамаси юзлаб қўй жунининг уюлиб тургани бизни ажаблантирди. Хўш, 700 бошли майда шохли моллар ҳам Давлат ўрмон хўжалиги балансида турган экан, бу икки қўй ёки жунлар кимнинг кармонига зиён? Ёхуд ҳар икки отхонанинг томидаги синиб ётган шиферлар-чи? 200 гектар ер наҳотки, ҳар икки ташкилотга фойдаланиш учун камлик қилса? Ахир, от спорти федерациясининг раиси Бекбўта Абраевнинг ўзлари эмасми? Шундай экан, расмий мурожаатларнинг, аризабозликнинг нима кераги бор?
Хулоса ҳаммамизники
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятида бўлиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишди. Шундай лойиҳалардан бири, Яккабоғ туманида ташкил этилаётган Қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган мажмуада 200тагача йилқи боқилиши ва келгусида янги иш ўринлари ташкил этилишига алоҳида тўхталиб ўтган эди.
Шундай экан, давлатимиз раҳбари томонидан миллий ўйинларимиз, спортнинг янги турларига эътибор қаратилаётган бир пайтда, наҳотки, Қашқадарёда от спортига иккинчи даражали вазифа деб қаралса?
От хосиятли жонивор. Чавандоз боболаримиз ҳам ҳамиша от бор жойда барака бўлишини айтишган.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, от минган, от спорти билан шуғулланган киши камдан-кам ҳолларда касалликка чалинади. Демак, от миниш соғлиқ учун ҳам кони фойда.
Ваҳоланки, воҳамизда от спорти ривожланса, от спортининг барча турлари оммалашади, аҳоли саломатлиги юксалади, Маданий туризм ривож топади. Янги иш ўринлари яратилади.
Дарҳақиқат, юртимизда баркамол авлодни вояга етказишда спортга эътибор қаратилаётган экан, от спортининг ҳам алоҳида ўрни борлигини эсга олишимиз лозим.
Зеро, от минган фарзандларимиз соғлом ва бақувват бўлиб ўсади. Сиз бунга нима дейсиз, азиз ўқувчи?!
Ҳулкар Ражабова, журналист
Мавзуга оид
15:09 / 18.11.2024
Қашқадарёда қўйлар подасини автомобил уриб юборди
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
14:36 / 13.11.2024
Имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган шахслар ушланди
09:05 / 07.11.2024