Ўзбекистон | 11:35 / 01.06.2023
5355
2 дақиқада ўқилади

Кўришда нуқсони бор ногиронлиги бўлган шахслар бюджет ҳисобидан соғломлаштириб борилади

Фото: Kun.uz

“Ногиронлиги бўлган шахсларни соғломлаштириш ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти аъзоларига тиббий хизмат кўрсатишда янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳанинг мақсад ва вазифаси – кўришда нуқсони мавжуд ногиронлиги бўлган шахсларни Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига қарашли “Янгийўл” юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳида соғломлаштириш йўлланмалари харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш.

Таклиф этилаётган қарор лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:

2024 йилдан бошлаб Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тавсиясига асосан кўришда нуқсони мавжуд ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига қарашли “Янгийўл” юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳига йўлланмалар бериш жорий этилади;

ҳар йили 1200 нафар кўришда нуқсони мавжуд ногиронлиги бўлган шахсларнинг “Янгийўл” юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳида соғломлаштириш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Дам олувчи сиҳатгоҳда 12 кунлик соғломлаштириш курсидан текин ўтиш ҳуқуқига эга бўлади ва дам олувчига мазкур қарор доирасида икки йилда бир мартадан кўп йўлланма ажратилиши тақиқланади.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, ҳар йили 1200 нафар кўришда нуқсони мавжуд ногиронлиги бўлган шахслар “Янгийўл” юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғломлаштириб борилади.
 
2024 йил учун давлат бюджети параметрлари доирасида 1200 нафар шахсларнинг соғломлаштирилиши учун 3,4 млрд сўм (бир йилда) маблағ талаб этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид