Ўзбек ошхонаси хилма-хил ва мазали таомлари билан машҳур. Палов, сомса, манти, чучвара, лағмон, шашлик ва бошқа кўплаб овқатлар кундалик ҳаётимиз ҳамда маросим дастурхонларининг муҳим қисми саналади. Бироқ тиббиёт нуқтаи назаридан қаралганда, уларнинг юқори калорияли, ёғли ва шўр бўлиши саломатликка зарар етказиб, юрак-қон томир касалликлари, ортиқча вазн ҳамда қандли диабет хавфини ошириши мумкин. Ушбу мақолада миллий таомлар мазасини ўзгартирмасдан, уларни соғломроқ таркиб асосида тайёрлаш усуллари ҳақида тўхталамиз.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўлим ва ногиронликнинг асосий сабаблари сифатида сурункали, яъни юқумли бўлмаган касалликлар қайд этилмоқда. Уларнинг орасида энг кўп учрайдигани — юрак-қон томир касалликлари, инсулт ва қандли диабет. Масалан, мамлакатда биргина 2021 йилда юрак-қон томир касалликлари туфайли юз мингга яқин, яъни 97 390 нафар инсон ҳаётдан кўз юмгани қайд этилган.

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, бундай касалликларнинг асосий хатар омиллари кўпинча овқатланиш одатларимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Ёғли ва тўйинтирилган ёғларга бой таомлар, ширин ичимликлар, шакарли маҳсулотлар, ортиқча порциялар, юқори миқдордаги туз истеъмоли ҳамда кунлик рационда мева-сабзавотнинг камлиги каби одатлар саломатликка зарар етказади.

Муаммо фақатгина маҳсулот таркибида эмас, анъанавий пишириш усулларимизда ҳам мавжуд. Масалан, узоқ қовуриш, таомларга кўп миқдорда ёғ ишлатиш кенг тарқалган. Бу эса организмга ортиқча калория, зарарли транс-ёғлар ва холестерин тушишига сабаб бўлади. Натижада семириш, юрак-қон томир касалликлари ва диабет хавфи ортади.

Калория ва ёғ баланси

Калория — инсон танасига энергия берувчи асосий манба. Ҳар бир инсоннинг кунлик энергия эҳтиёжи турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигига қараб белгиланади. Агар овқат орқали танага кирадиган калория сарфланадиганидан кўп бўлса, у ёғ сифатида тўпланади ва натижада семиришга олиб келади.

Ёғлар эса икки хил бўлади: фойдали ва зарарли. Мева-дарахт ёнғоқлари, зайтун ёки балиқ ёғида бўлган фойдали ёғлар организм учун зарур. Бироқ ортиқча қовурилган таомларда учрайдиган транс-ёғлар юрак-қон томир касалликлари ва диабет хавфини оширади. Кундалик таомланишда ёғни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш қон босимининг ошиши, холестериннинг кўтарилиши ва эрта ёшда ҳам юрак хасталиклари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.