Ўзбекистон | 12:38 / 17.11.2020
13588
7 дақиқада ўқилади

Андижоннинг бир асрлик тарихга эга “Бобур” кутубхонаси кўчада қолди(ми?)

Андижондаги бир асрлик тарихга эга кутубхонани таъмирлаш 2019 йил май ойида бошланган. Уч ойда фойдаланишга топширилиши айтилган. Аммо ҳозирги кунда ишлар чала ҳолда ташлаб қўйилган. Китоблар фондига эса жиддий зиён етмоқда.

Таҳририятга Андижон вилоятидаги бир асрлик тарихга эга “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номидаги ахборот-кутубхона марказидан мурожаат келиб тушди.

Унда 2019 йил май ойида кутубхона биносида капитал таъмирлаш бошлангани, вилоят раҳбарлари уч ой ичида битириб беришга ваъда қилганлари, аммо қарийб бир ярим йилдан буён таъмирлаш ишлари якунига етказилмаётгани айтилади.

Шу ўринда кутубхона тарихига назар солсак. Унинг ташкил этилиши ўтган асрнинг бошига, аниқроғи 1907 йилга бориб тақалади. 1964 йилда кутубхона учун Андижон шаҳрида ҳашаматли бино (ҳозир капитал таъмирланаётган) қуриб битказилган. 1965 йилда муассаса шу бинога кўчиб ўтган. Ҳозирги кунда кутубхона фондида 93 минг 65 номдаги 871 минг 726 та китоб мавжуд. Шундан бадиий адабиётлар 58 минг 126 номда 309 минг 701 нусхадан иборат.

Таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан мазкур зиё маскани Андижон индустриал педагогика коллежи биносига кўчирилган. У ерда китобларни сақлаш ва китобхонларга хизмат кўрсатиш учун ҳеч қандай шароит йўқ.

Энг ачинарлиси, айни пайтда коллеж мутасаддилари кутубхона ходимларига бинодан чиқиб кетишларини талаб қилишмоқда. Бир сўз билан айтганда, Андижоннинг энг катта, тарихий ва 800 минг китоб фондига эга кутубхонаси кўчада қолиш арафасида турибди.

“Китобхон келмай қўйган, китоблар ташландиқ ҳолда...”                               

Биз ҳолатни ўрганиш учун Андижон индустриал педагогика коллежининг Бобур кутубхонаси вақтинча жойлаштирилган бинода бўлдик.

“Кутубхонамиз бундан 113 йил олдин 1907 йилда ташкил топган бўлиб ҳозирги биносида 1964 йилдан иш фаолиятини бошлаган. Ҳозирги кунда 800 мингдан ортиқ китоб фондига эга. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан шу бинода капитал таъмирлаш ишлари бошланди. 2019 йил май ойида биз ҳозирги сиз кўриб турган индустриал педагогика коллежида ўз фаолиятимизни бошладик. Айни пайтда китобхонлар томонидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда. Чунки марказдан ичкари жойда иш олиб боряпмиз. Шароитлар йўқ. Очиғини айтиш керак, китобларни сақлаш талаб даражасида эмас. Бунга ёруғлик, ҳар хил кемирувчилар ёки намлик таъсир қилиб, китобларнинг сифатига путур етмоқда.

Ўзимизнинг бинода ҳар куни 300-350 нафардан ортиқ китобхонларга хизмат кўрсатаётган бўлсак, ҳозир бу ерда ортиғи билан 10-15та китобхон келяпти. Бу ерга кела олмаган китобхонларга кўчма кутубхона мутахассислари чиқиб, кутубхона хизматини кўрсатиб келмоқда”, – дейди ахборот-кутубхона маркази директорининг ўринбосари Нигорахон Йўлдошева.

Кутубхонада бир нафар китобхонни кўрдик. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талабаси Шоҳруҳ Саҳобиддинов немис тилини ўрганиш учун икки йилдан бери кутубхонага аъзо эканлигини айтди.

“Немис тилидаги китобларни ўқийман. Кутубхонада ёшлар жуда ҳам кўп келарди. Ҳозирги кунда бу ерда ўқишга имконият етарли эмас. Хоналар совуқ, шунинг учун иссиқ кийимларда ўтирибмиз, бу ноқулайлик туғдиради”,– дейди талаба.

Ўқув зали мутахассиси Севарахон Набиева айни пайт 1947 йилдан бери 300 дан ортиқ газеталари мавжудлиги, ҳозирги бинода газеталар ташландиқ ҳолатда туриб, яроқсиз ҳолга келаётгани ҳақида куюниб гапирди.

Маълумки, китоблар талаб даражасидаги температура: иситиш, совитиш ва намлик меъёрлари мавжуд жойларда сақланиши лозим. Бироқ кутубхонанинг бебаҳо китоблари, газета жамланмалари айни пайт жуда ҳам ёмон шароитда сақланмоқда. Ходимлар қиш ойлари бўладиган совуқ китоблар ҳолатига салбий таъсир қилишидан хавотирда. Бундан ташқари, ходимлар китобхон келса, айтган китобларини топиб бера олмайди. Чунки тахланиб боғланган. Ҳар бирини ечиб излаш зарур.

“Китобхонларимиздан кўп эътирозлар тушяпти. Доимий китобхонларимиз чекка жойда бўлсак-да, зарур бўлгани учун келишяпти. Лекин биз уларга етарли даражада хизмат кўрсата олмаяпмиз. Биз кутубхонамизнинг тезроқ битишини хоҳлаймиз.

Юқори ташкилотларга хатлар билан чиқдик. Китобхонларимиз ҳокимиятга мурожаат қилди, лекин ҳали натижа бўлмаяпти”, – дейди хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Озодахон Бурхонова.

Бинодан чиқиб кетишни талаб қилишяпти

Кутубхона мазкур бинога кўчганига икки йил бўляпти. Бизга ҳозир коллеж раҳбари томонидан “Бинони бўшатинглар”, деган эътирозлар бўляпти. Бинони бўшатиш учун китобларимизни яна қаергадир ташишимиз керак. Ходимларимиз аёллардан иборат. Нариги бинодан кўчишимизга ҳам икки ой вақт кетган. Биз зиёли инсонлармиз, “хўп, хўп” деб келяпмиз. Лекин қачонгача? Ўзимизни бино битса, биз ҳам қисинди бўлмасдан чиройли ишлаб, китобхонларимизга кўнгилдагидек хизмат кўрсатишга киришар эдик”, – дейди компютер зали сектор мудири Турсуной Жавҳаралиева.

Хулоса

Президентнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” ПҚ-3271-сонли қарори қабул қилиниб, унда ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, мавжуд кутубхоналарни ўқув-услубий, техник адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган эди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Улардан бири ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

“Ҳудудларга китоб етказиб бериш даражаси яхши, лекин уларни ўқиш ва ўқитиш даражаси етарли эмас” Шавкат Мирзиёев, 2 июнь 2019 йил, Бўка тумани.

Айни кунда кутубхонадаги таъмирлаш ишлари тўхтаган. Ҳудудда бирор зот кўринмайди. Олдинда эса қаҳратон қиш. Бу эса китоблар-у кутубхоначи опаларнинг шу қишни ҳам қийин шароитда ўтказишларига ишора.

Юз йиллик тарихга эга кутубхонанинг бу тарзда ўз ҳолига ташлаб қўйилиши вилоятдаги масъулларининг илмга, маърифатга ва ёш авлоднинг тақдирига қандай муносабатда эканлигини кўрсатаётгандек, гўё...

Пудратчи ким, таъмирлаш ишлари қачон ва нима сабабдан тўхтаб қолган, унга қайси манбадан қанча маблағ ажратилган-у, унинг қанчаси бўйича иш бажарилган, шунингдек, қолган маблағлар қаерда каби саволларга навбатдаги суриштирувларимиз жараёнида жавоб топишга уриниб кўрамиз. 

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид