Жамият | 18:40 / 11.05.2019
11112
2 дақиқада ўқилади

«Обод қишлоқ» дастури доирасида дўконлари бузилган тадбиркорларга мурожаатдан кейин ер майдонлари ажратилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони сурхондарёлик тадбиркорнинг Жарқўрғон туман ҳокимлиги ва архитектура ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзгилган мурожаатини ўрганди.

Ўрганиш давомида Жарқўрғон туман Какайди қўрғони «Нефтчилар» ва «Бобур» маҳаллаларида 2018 йилда «Обод қишлоқ» давлат Дастури асосида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши оқибатида тадбиркорлар эгалик қилган савдо дўконлари бузилгани аниқланган.

«Жарқўрғон туман архитектура ва қурилиш бўлимининг 2019 йил 4 май куни берган 93-сонли хатида келтирилган маълумотларга кўра, ҳозирда бузилган дўконларнинг ер майдонига тенг миқдорда томонлар келишувига кўра Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори асосида савдо дўконлари қуриш учун ер майдонлари ажратилган», дейилади Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани архитектура ва қурилиш бўлимига йўлланган хатда.

Тадбиркорлар ҳам муаммо ҳал қилиб берилгани учун тушунтириш хатлари ёзиб беришган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойи охирида Kun.uz сайтида «Жарқўрғонда «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилгач, тадбиркорлар нимадан норози бўлишди?» сарлавҳали материал эълон қилинган, унда Какайди марказида бунёд этилаётган масжид қурилишида йўл четида барпо этилган дўконлар бузилгани, йигирмадан зиёд тадбиркорга улар ўз дўконларига барча ҳужжатларга эга бўлишса ҳам, шу пайтгача зарарлар тўлаб берилмагани, янги дўконлар қуриш учун ер ажратилмагани ҳақида баён қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид