Ўзбекистон | 11:16
6950
3 дақиқада ўқилади

“Ҳокимиятга 1 млн етказишимиз буюрилди” – Сурхондарёда ўқитувчилардан мажбурий пул йиғилмоқда

Жарқўрғон туманидаги 33-умумтаълим мактабида ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш бўйича топшириқ берилди. “Ҳозир менга ҳоким ўринбосари Анвар Ражабов телефон қилди. Эртага эрталаб соат 9:00 гача 1 млн пулни ҳокимиятга олиб бориб беришимиз керак экан! Дарсим йўқ эди, хабарим йўқ эди деманглар”, дея ёзган мактаб директори Ойсара Узоқова ўз топшириғида.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ўқитувчилардан мажбурий пул йиғилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га тумандаги 33-умумтаълим мактаби педагоглари маълум қилди.

Уларга кўра, туман ҳокимлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан турли мажбурий пул йиғимлари “ўйлаб топилмоқда”.

“Айни вақтда “Рамазон эҳсони” ниқоби остида турли сабаблар билан пул йиғиляпти. Қайсидир мактаб таъмирига ҳам, қайсидир кам таъминланган оилаларга ҳам биз пул йиғиб берадиган бўлсак, давлат томонидан ажратилаётган пуллар, турли жамғармалардаги маблағлар қаерга ишлатилмоқда унда?” дейилади педагоглар мурожаатида.

Kun.uz мактаб ўқитувчилари билан боғланди. Улар 20 феврал куни директор Ойсара Узоқова томонидан мактабнинг Telegram’даги гуруҳида берилган “тезкор топшириқ”ни таҳририятга тақдим этишди. Унда директор ўқитувчилар ҳар бири 25 минг сўмдан етказиши кераклигини тайинлаган.

Хабарларингиз бор, бизга 5 та камбағал оила тушган эди. Бизга тушган оила Қуштепа маҳалласидан экан. Ҳозир менга ҳоким ўринбосари Анвар Ражабов телефон қилди. Эртага эрталаб соат 9:00 гача 1 млн пулни ҳокимиятга олиб бориб беришимиз керак экан!

Иккинчи топшириқ! 66-мактабнинг ҳамма синф хоналарини бугун ҳамма мактабга бўлиб чиқибди. Ремонт қилиш керак экан. Эртага таниш директорингиз бўлса, астагина телефон қилиб сўрангизлар, айтади. Бизга ҳам битта хона берилибди. 400 000 сўмдан тушибди.

Шу учун эртага эрталаб соат 8:30 гача Рамазон ойида ҳаммамиздан эҳсон, 25 000 сўмдан Абдумаликка етказинглар, кечикмасдан. Дарсим йўқ эди, хабарим йўқ эди демангизлар. Ҳамма мактаб ва боғчаларга бир хил топшириқ бериляпти. Сўраб кўрингизлар!!! Бозорлиги рўйхати билан ташлаб берилди”, дейилган директор топшириғида.

Ойсара Узоқова топшириқни берган ҳоким ўринбосари сифатида Анвар Ражабов исмини келтирган. Ражабов Анвар Уралович Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳисобланади.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида мактаб директори Ойсара Узоқова билан боғланди.

Айни вақтда Тошкент шаҳрида ўқишда эканини билдирган директор ўқитувчилардан пул йиғиш бўйича топшириқ берганини инкор қилмади. Шунинг баробарида, Ойсара Узоқова ушбу топшириқ ижроси амалга ошмаганини, яъни педагоглардан пул йиғилмаганини, Тошкентда бўлмаганида “бу харажатни” ўз ҳисобидан қоплаб юбориши мумкин бўлганини маълум қилди.

Аввалроқ Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосарларидан бири тезкор тадбирда қўлга олинганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров

Мавзуга оид